Жорий йилда юз берган учта воқеа бизга ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб, 2010-йилнинг ўрталаригача бўлган муддатда дунёга келган Z авлод (зумерлар)нинг глобал ўзгаришлардаги ролини кўрсатмоқда. Албатта келгусида геосиёсий ўйин қоидаларини белгилашда минтақа аҳолисининг 32 фоизини ташкил қилувчи ёшлар муҳим ўрин тутади.

Биринчи ҳикоя: ижтимоий тармоқлар Исроил ва унинг ғарбдаги тарфдорларининг 7 октябрь воқеалари  ҳақидаги тушунчаларига тамоман зид бўлган контент билан тўлди. Фаластинликлар геноцидга қарши чиқиб, ҳодисалар бўйича ўз талқинларини илгари сура олишди. Мазкур ҳолат араб ва ислом оламидаги бойкот ҳаракатлари, Америка ва Европанинг айрим университетларидаги талабалар намойишлари ва қаршилик ҳаракатлари билан тўлдирилган эди.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ғазодаги тўқнашувлар зумерларнинг илк ҳақиқий урушига айланди. Ғазода урушнинг бошланиши ва дарёдан денгизгача чўзилган озод Фаластин давлатини қуриш ғояси Z авлоднинг ҳаётий мақсадлари, қадриятлари ва ҳатто ҳаёт маъноси тўғрисидаги тушунчаларига ҳам таъсир қилди.

 Иккинчи ҳикоя: Кения бош вазирининг Халқаро валюта фонди (ХВЖ) билан сўзлашма бадалини энг ночор ижтимоий қатламларнинг зиммасига юкловчи қонун лойиҳасини имзолашига қарши исёни.

Солиқларнинг ошиши билан боғлиқ бир-бирига зид таклифлар туфайли келиб чиққан мазкур норозилик ҳаракати мамлакатни назоратли ва тартибли тарзда бошқариш учун бошланган кенг кўламли кампанияга айланди. Намойишлар ўтган йилнинг 18 июнь куни бошланган.

Яна бир муҳим аҳамиятга эга хабар: яқинда бангладешлик талабалар ўлкани ҳаммадан ҳам кўра узоқ муддат бошқарган бош вазир Шайх Ҳасинани қочиб кетиб, истеъфо беришга мажбур қилишди.

Жорий йилнинг 14 июль куни бамисоли аланга каби бошланган талабалар намойиши сабабларидан бири – ҳукуматнинг иқтисод соҳасида олиб борган адолатсиз сиёсатидир. Шу пайтгача Бангладеш ёшларининг  41фоизи на таҳсил олиш, на ишга жойлашиш имконига эга эди.

Эронда ҳам Z авлод 2022 йилги намойиш қатнашчиларининг асосий қисмини ташкил қилганди. Ундан аввал бўлиб ўтган “Араб баҳори” воқеаларида айнан шу ёшлар етакчи роль ўйнаган эди.

Ёшлар адолатсизликларга жим қараб турмай, уларни ўз роҳати учун муносиб ҳаёт кечиришдан маҳрум қилган сиёсий режимларга қарши чиқишди. Бугун ҳам зумерлар ўз манфаатлари йўлида бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкаётган хоин ҳукуматлар, компания ва ташкилотларнинг расмий вакиллари билан алоқаларни узишга интилишмоқда.

Чиндан ҳам Бангладеш, Кения ва бошқа мамлакатлар иқтисодиётининг талон-тарож қилиниши, клептократик ҳукумат (коррупцияга муккасидан кетган сиёсатчиларнинг махфий тарзда бойиши), мамлакатлар келажагига рахна солаётган ташқи қарзларнинг залворли юки ва бошқа нотўғри бошқарув оқибатларининг барчаси ёш авлодни тушкунликка улоқтирмоқда. Давлат аппарати уларни қўллаб-қувватлаши керак бўлган бир пайтда амалдорлар зумерларни ўзларига душман деб билди ва доимо зулм қилишга, овозларини ўчиришга интилди. 

Z авлодга мансуб коллеж талабалари орасида ўтказилган сўровномага кўра, улар ўзларини толерант, стереотип фикрлашдан холи масъулиятли ва қатъиятли инсонлар деб билишади.

Қизиқ, энди биз мана шу тилга олинган ҳикоялар билан бирга муаллифи янги Z авлод бўлган “янгича ёшлар сиёсати”ни кашф этдик, дея оламизми? 

Рақамли тарбия: мазкур авлод тўлалигича рақамли оламда катта бўлди. Интернет, смартфонлар ва ижтимоий тармоқлар ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Мазкур насл технологияларни яхши тушунади ва рақамли технологиялардан ўз ҳаётининг турли жабҳаларида осонгина фойдалана олади.  Ижтимоий тармоқларда намойиш этаётган ҳаётлари эса уларни ўзига хос авлодга айлантиряпти. Оқибатда эса улар ўзларидан олдинги авлодга нисбатан кўпроқ босим остида қолишмоқда.

Технологиялар билан танишув зумерларнинг умидлари ва ўзларини тутишларига, юриш-туришларига ҳам таъсир қилмасдан қолмади. Ижтимоий тармоқларнинг ҳаддан зиёд ёйилиши бу авлодга руҳий таъсир ўтказмоқда. Олдингилардан фарқли равишда бу ёшлар ўзларининг ташқи кўринишига жуда катта аҳамият беришади. Z авлод вакиллари ижтимоий тармоқлардан “дўстларимиз бизни бошқа ижтимоий табақага мансуб деб ўйлашсин”, деган мақсадда фойдаланишади.

Глобал миқёсдаги қизиқиш ва адолат ҳисси: Z авлод вакиллари кўп маълумотларни осонгина қўлга кирита олганликлари учун ҳам глобал муаммоларни  яхши тушунишади.  Улар интернет орқали дунёга боғланган ҳолда келажак борасида яхшироқ фикр юритишади. Ота-боболарига қараганда халқаро муаммолардан яхшироқ хабардор бўлиб, жаҳонда юз бераётган воқеаларга кўз юма олишмайди.

Интернет сабабли вужудга келган глобал даражадаги ўзаро боғлиқлик халқаро муаммоларни ҳал қилишга бўлган масъулиятни оширмоқда.

Ёшлар бутун дунёдаги маргиналлашган жамиятларнинг турли курашларига ҳайриҳоҳлик билдиришга мойил. Жумладан, уларга фаластинликлар тортаётган азоб-уқубатлар ҳам қаттиқ таъсир қилмоқда. Зумерларнинг ушбу урушни глобал контекстда кўра олишлари яна бир ўзига хосликни намоён этади. Z вакиллари бойликлар ва умумий фойданинг нотўғри ишлатилишига ҳассос ёндошиб, иқлим ўзгариши ва тобора кенгайиб бораётган экологик муаммолардан қаттиқ ташвишга тушишади.

Ривожланиш ва мослашув: Зиддиятли сиёсатнинг барча шакллари вақт ўтиши билан ўзгаради, шу сабабдан қатнашув стратегияси ва қаршилик кўрсатиш шакллари асло ўзгармайди.  Ўзгаришларга бўлган идеалистик муносабатларга қарамай, ўзининг прагматиклиги ва реал қарашлари билан ҳам танилган зумерлар ўзлари дуч келадиган ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларга мослашиш ва уларни тушуниш қобилиятига ҳам эгалар.

Мустақил билим олиш: ёшлар амалий характерга эга бўлган билим олишни ёқтиришади ва ўқитувчилар интернетдан ҳам осонгина топиши мумкин бўлган шунчаки қуруқ дарс ўтиш билан чекланмай, маълумотларни таҳлил қилиб, амалиётда ҳам қўллашни ўргатишларини исташади. Z авлод биз бугун ўрганиб қолган барча тартиб ва жамиятларни ҳам ўзгартиришни исташи билан катталардан фарқлидир.

Референт гуруҳларнинг фрагментацияси: оилалардаги авлодлараро ажратилиш шуни кўрсатадики, ёшлар кўпинча ўз ота-оналаридан ташқари ҳар қандай референт гуруҳни ўзгартириши мумкин. Бу таъсир уларга диний олимлар, етакчилар, сиёсий лидерлар ва ОАВ орқали етиб келмоқда.

Бу авлод вакиллари очиқ айтилмаган, тушунтирилмаган ёки ўйлаб топилган маълумотларни ёқтирмайди: улар журналистикага алоқаси бўлмаган ва муайян режаларга кўра иш тутмайдиган инсонларга тегишли хабарларни афзал кўришади. 

Ижтимоий тармоқлар кўпинча фильтрдан ўтказилмаган контентни таклиф қилган ҳолда, ўша хабарни етказувчи шахснинг воқеага бўлган шахсий қарашларини ҳам ифодалайди. Бу ёшларга тўқнашувларда бевосита қатнашаётган инсонларнинг қарашлари билан ҳам танишиш имконини беради. Ғазодаги ҳолат бунга яққол мисолдир.

Мазкур коммуникацион тизим  Z авлодни сиёсатчилар ва ОАВнинг холислигига шубҳа билдириб, танқидий-таҳлилий фикр юритишларини таъминлаган бўлиши мумкин.

 Албатта, ушбу асосий хусусиятларнинг санаб ўтилиши Z авлод вакиллари орасида умуман фарқ йўқ, улар бир хил фикрлашади, дегани эмас. Уларда кўплаб этник, иқтисодий майллар ва интеллектуал қолип фикрлашлар ҳам мавжуд. Шунга қарамай, зумерларнинг аксарияти умумий ғоя ва қарашларга ҳам эга.

Бангладеш ва унга яқин минтақалар бўйича мутахассис бўлган социолог Осиф Баятнинг айтишича, “бугунги ёшлар фаолияти уларнинг шунчаки сиёсатда фаол эканликларини билдирмайди”: зумерларнинг ҳаётий тажрибаси ижтимоий синф, гуруҳ, жинс, касб, қабила каби идентик кўрсаткичлар билан ҳам кесишади. 

Бу каби хусусиятлар Z авлоднинг дунё манзарасига таъсир қилиб, катта урушлар ва қон тўкилишларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этишига ёрдам берса ажаб эмас.     


Ҳишам Жаъфар, журналист ва тадқиқотчи


Саида Дариева таржимаси

Мавзуга алоқадор