Трампнинг Эрон билан хавфли ўйини: икки ўртада уруш келиб чиқиши мумкинми?
Исроил Ғазода геноцидни авж олдираётган, Ливан ва Сурияга мутлақо асоссиз ҳужумлар уюштираётган ва Ғарбий қирғоқда тажовузкорлигини тобора кучайтираётган бир пайтда, АҚШ Эрон билан жуда хавфли ўйин олиб бормоқда.
Сўнгги ҳафталарда Қўшма Штатлар Яқин Шарқда ҳарбий кучларини кучайтирмоқда, унинг ҳарбий фаоллиги рекорд даражага етди. Афтидан, катта миқдордаги ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар Қатар, Баҳрайн, БАА, Саудия Арабистони, Қувайт ва Иорданиядаги Америка базаларига ўтказилган.
Янада хавотирлиси, АҚШ Ҳинд океанидаги Диего Гарсия оролида жойлашган базасига камида олтита B-2 бомбардимончи самолётини юборган. B-2 самолёти "бункер парчаловчи" деб аталадиган бомбаларнинг энг янги версиясини етказиб бериш учун ишлатилади. Бу бомбалар ерга чуқур кириб бориш орқали Эроннинг ер ости ядро иншоотларига Исроил қодир бўлмаган даражада таҳдид солишга мўлжалланган.
Трамп ҳужумга тайёрланаяптими ёки шунчаки таҳдид қиляптими?
Дональд Трамп бу янги жойлаштирилган кучлардан Эронга таҳдид қилиш учун фойдаланаётгани аниқ. Аммо у кенг кўламли ҳужум уюштирмоқчими ёки Эронни қўрқитиб, уларнинг ядро дастури бўйича талабларига ён беришга мажбур қилмоқчими?
Трамп билан доим бўлганидек, бу ерда қандайдир аниқ режа бўлмаслиги мумкин ва у юбораётган сигналлар зиддиятли.
Форс кўрфази араб давлатлари Эронга ҳужум қилиш учун ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишни мутлақо рад этишларини яна бир бор таъкидладилар. Бу Трамп учун маълум даражада тўсиқ бўлиб қолмоқда.
Бироқ айнан шу рад этиш сабабли B-2 самолётлари Диего Гарсияга жойлаштирилмоқда ва бу хавотирлидир. Бу орол Ҳинд океанида, Эрондан тахминан 2500 мил узоқликда жойлашган. Ўша базадан учирилган самолётлар Эронга етиб бориши учун ҳеч бир араб давлати ҳаво ҳудуди устидан учиши шарт эмас.
Самолётлар узоқ парвоз қилишига тўғри келади, аммо B-2 бунга қодир. Парвоз, шунингдек, Эрон ҳаво ҳудудида узоқроқ вақт давомида бўлади, аммо B-2 илғор яширин технологияларга эга бўлгани сабабли Эрон ҳаво мудофааси учун уни аниқлаш ва нишонга олиш анча қийин бўлади.
Америка авиабазаларига қўшимча қўшин ва техникаларни жойлаштириш, катта эҳтимол билан Эроннинг ҳужумга жавобини кутиш учун амалга оширилмоқда. Эрон кучларидан узоқда жойлашган Диего Гарсияга ҳужум қилиш эҳтимоли кам.
Бунинг ўрнига, Эрон Форс кўрфазидаги Америка базаларига ҳужум қилиши эҳтимоли кўпроқ. Бундай ҳолатда арабларнинг ўз ҳудудидан ҳужум уюштиришни тақиқлаш қарори заифлашиши мумкин. Агар Эрон Форс кўрфази мамлакатларидаги нефт конларига ҳужум қилиш орқали жавоб қайтаришга қарор қилса – бу жавоб Вашингтонга қўшинларга ҳужумдан кўра кучлироқ таъсир қилади – Америка ҳам шу заҳоти жавоб йўллаши эҳтимоли катта. Бундан ташқари, агар бунга чекловлар бўлган тақдирда ҳам, Қўшма Штатлар бундай чекловларга қараб ўтирмайди.
Буларнинг барчасини инобатга олсак, Трамп маъмурияти урушга тайёрланаётганига ишониш учун барча асослар мавжудлигини кўрамиз.
Трамп Эронни ён беришга мажбурламоқчими?
Трамп буларнинг барчасини Эронни ўз талабларига бўйсундиришга мажбурлаш учун қилаётган бўлиши ҳам мумкин. У Эронга кенг кўламли ҳужум уюштиришни истамайди ва бунинг ўз сабаблари бор.
Трамп ўзини урушга қарши президент сифатида кўрсатади. Буни биз бемаънилик деб бемалол айтишимиз мумкин. Чунки у Ямандаги ҳимоясиз одамларни АҚШ томонидан бомбардимон қилинишини фаол маъқуллаган. Лекин ички босим, яъни Яқин Шарқ урушларида америкалик аскарларнинг жанг қилишини ва ҳалок бўлишини истамайдиган гуруҳлар ҳам борки, Трамп уларга ён босишга мажбур.
Бу муносабат, яъни, чет эллик тинч аҳолини ўлдирса бўлаверади, фақат америкалик қони тўкилмаса бўлгани, дейиш қанчалик қўрқоқлик бўлмасин, Трамп учун муҳим аҳамиятга эга.
Бу улкан ҳарбий ҳаракатлар авжига минаётган бир пайтда Трамп май ойида Саудия Арабистони, БАА ва Қатарга ташриф буюришини эълон қилди. Агар у Эронга ҳужум қилиб, Форс кўрфазини аланга ичида қолдирмоқчи бўлса, унинг бу сафари ҳеч бир маъно англатмайди.
Дарҳақиқат, Трамп март ўрталарида Эроннинг ядро салоҳиятини йўқ қилишга олиб борувчи икки ойлик муддат белгилади. Бироқ бу огоҳлантириш ноаниқ эди; Трамп икки ойлик муддатнинг қачондан бошланишини аниқ айтмади, шунингдек, янги ядро келишувидан айнан нимани кутаётганини ҳам тушунтирмади.
Эрон ҳужум таҳдиди остида музокараларни ва умуман Трамп маъмурияти билан тўғридан-тўғри музокараларни рад этди. Бироқ Теҳрон Вашингтон билан билвосита музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Трамп билвосита музокаралар ҳақида жиддий ўйлаётгани айтилмоқда. Бу унинг афзал кўрган усули эмас, чунки бу унга эътибор марказида бўлиш имкониятини йўққа чиқаради. Трампни кўпроқ натижа қизиқтиради.
Эрон ҳам бу тактикани яхши тушунади. Душанба куни Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг юқори лавозимли маслаҳатчиси Али Ларижоний Эрон телевидениесида Ислом Республикаси ҳаддан ташқари кучли тазйиққа дуч келса, ядро қуроллари бўйича ўз позициясини "қайта кўриб чиқиши" мумкинлигини айтди. Бу олий раҳбарнинг ядро қуролларига нисбатан фатвосини бекор қилишни кўриб чиқиши мумкинлигини англатади.
Ларижоний нисбатан мўътадил раҳбар бўлиб, у доимо прагматик ёндашувни таклиф қилган ва Эрон ҳукуматидаги қаттиққўллар фойдаланадиган кескин риторикага камроқ мойилдир. Ушбу баёнотни айнан у тилга олгани кўп нарсадан далолат беради.
Ларижоний Эронда ҳозирда ядро қуроллари дастури йўқлигини яна бир бор таъкидлади. Энг муҳими, Қўшма Штатларнинг ўз разведка ҳамжамияти ҳам айнан шундай хулосага келган. Бу кенг оммага эълон қилинмаган бўлса-да, Трампнинг Миллий разведка директори Тулси Габбард 25 март куни Конгресс олдидаги кўрсатмасида шундай деди: "Разведка ҳамжамияти Эрон ядро қуролини яратмаётгани ва олий раҳбар Хоманаий 2003 йилда тўхтатилган ядро қуроллари дастурига рухсат бермаганини баҳолашда давом этмоқда".
Эрон эса уранни 60 фоизгача бойитган. Қурол-яроғ учун мўлжалланган уран 90 фоизгача бойитилади, аммо фуқаролик мақсадларида фойдаланиш учун 60 фоизгача бойитишнинг ҳожати йўқ. Шунингдек, у Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) билан ҳамкорликни тўхтатган. Бу икки қадам ҳам Қўшма Штатларнинг 2015 йилги ядровий келишувни бир томонлама бекор қилгани, кейинчалик Трамп ва Жо Байден даврида Эронга қўлланилган "максимал босим" сиёсатига, жумладан, оғир санкцияларга жавобан қўйилди.
Ларижонийнинг Эрон ядро қуролини кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришини, агар келишув билан урушнинг олди олинса, Трампни янада оқилона позицияга мажбурлаш учун замин яратиш сифатида талқин қилиш мумкин.
Хавфли ўйин ва ечим йўлидаги кутилмаган туртки
Бундай ўзаро позицияларнинг эгалланишида яққол хавф кўриниб турибди. Нотўғри қадам, тушунмовчилик ёки бошқа бир актёрнинг вазиятга мой сепиши шундоқ ҳам қурол-яроғ ва дўқ-пўписа билан тўлиб тошган муҳитда янада хавфли вазиятни юзага келтиради. Агар зиддият тасодифан бошланиб қолган тақдирда, шунча мақтанишлар наф бермай, вазият жиддий тус олиши мумкин.
Бундай кескин ҳолатни юзага келтиришда бир нечта эҳтимолий актёрлар иштирок этаётган бўлиши мумкин. Улардан энг кўзга кўрингани Исроил бўлиб, унинг бош вазири Бинямин Нетаняху қирқ йилдан бери Теҳронга қарши режимни ўзгартириш урушини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Қўшма Штатлар ва Эронга душман сифатида қарайдиган бошқа нодавлат ўйинчилар ҳам можарони қўзғатиш йўлларини топиши мумкин.
Исроил бош вазири Трампни Эрон ядро объектларига қаттиқ ва тез зарба беришга ишонтириш учун қўлидан келганини қилади.
Қизиғи шундаки, пайшанба куни Трамп маъмуриятидаги Эронга ҳарбий жавоб беришни энг кўп талаб қилаётган баъзи овозлар ғалати тарзда муваффақиятсизликка учради. Жумладан, ўта ўнгчи экстремист Лаура Лумер Дональд Трамп билан учрашди, унда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Валс ҳам иштирок этди. Валс, албатта, "The Atlantic" журнали бош муҳаррири Жеффри Голдбергнинг Яманга қилинган ҳужумни реал вақт режимида муҳокама қилаётган "Сигнал" чат гуруҳига қўшилганидан сўнг Трамп билан зиддиятга бориб қолган.
Валс ва унинг Миллий хавфсизлик кенгаши ходимларининг кўпчилиги Эронга нисбатан қаттиқ позицияни эгаллаган. Улар Трампнинг ташқи урушлардан қочиш истаги билан ҳaмфикр эмаслар. Лумер қай бир сабабга кўра, Трампга содиқлигини унинг маъмуриятидаги "неоконсерваторлар"ни қоралаб, уларни ишдан бўшатишга чақириш орқали кўрсатмоқчи бўлди.
Эртаси куни Валс ходимларининг уч нуфузли аъзоси – Браян Уолш, Томас Будри ва машҳур неоконсерватор ҳамда Жорж Буш даврида мудофаа вазири ўринбосари бўлган Дуглас Фейтнинг ўғли Девид Фейт ишдан бўшатилди. Учаласи ҳам, Валс каби, Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар тарафдори эди. Бу сиёсат кўплаб "Америка биринчи" тарафдорларига ёқмасди.
Бу овозларнинг ўчирилиши ва Валс обрўсининг пасайиши Трампга Эрон билан тўқнашувгача бормаслик йўлини очса-да, урушга тайёргарлик ва ҳарбий кучларни жойлаштириш жараёнлари тўхтагани йўқ. Бироқ ҳозирча Трамп Эронни кенг кўламли ҳужумсиз ўз талабларига бўйсундиришга уринаётгани кўриниб турибди. Нетаняху, шубҳасиз, Трампни бу йўлдан қайтариш учун қўлидан келганини қилади.
Нетаняху Трампни фикридан қайтара оладими? Бу Трампнинг Эрон устидан ғалабани қандай тасаввур қилишига боғлиқ. Агар Трамп урушсиз ўз мақсадига эриша олса, шу йўлни танлаши мумкин. Бироқ у Исроилга кичикроқ миқёсдаги ҳужумда ёрдам беришга шай туриши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Муаммо шундаки, Эроннинг аслида мавжуд бўлмаган ядро қуролини яратишга интилишининг олдини олишдан ташқари, Трампнинг Теҳрондан яна нимани хоҳлаётгани номаълум. У Эроннинг бутун ядро сектори, жумладан, фуқаролик объектларини ҳам тўлиқ йўқ қилишни истайдими?
Эрон ички энергия истеъмолининг катта қисми ядро энергиясига таянади ва ундан воз кечиш жуда катта иқтисодий-ижтимоий оқибатларга олиб келади. Теҳрон эса бунга рози бўлмайди. Трамп Эрондан Ямандаги "Ансор Аллоҳ"ни назорат қилишни талаб қиладими? Эроннинг бунга қодир эканлиги очиқ савол. Трамп Эроннинг баллистик ракеталар дастури бўйича катта ён беришларни талаб қиладими? АҚШ ва Исроилнинг бундай кучли душманлик муносабатига қарамай, Эроннинг ўз анъанавий қуроллари салоҳиятини пасайтириши эҳтимолдан узоқ. Аммо агар Трамп Эроннинг уран бойитиш дастурини чеклаш, МАГАТЭ инспекторларига яна тўлиқ кириш ҳуқуқини бериш, баъзи юқори даражада бойитиш объектларини ёпиш ва қисқаси, Барак Обамадан кўра яхшироқ келишувга эришганини даъво қилиш имконини берувчи бир нечта қўшимча тафсилотлар билан эски ядро келишувига ўхшаш нарсага рози бўлса, у буни урушсиз амалга ошириши мумкин.
Доим бўлгани каби, бу Трампнинг нимани хоҳлашига боғлиқ, унинг истаклари эса ҳар куни ўзгариб туради.
Митчел Плитник, сиёсий шарҳловчи