07.08.2025 13:46
75

Танқидий фикрлаш: Фаластин давлатини тан олиш ортида нима турибди?

Сўнгги ҳафталарда қатор мамлакатлар, жумладан Испания, Норвегия, Ирландия, Словения ва бошқалар Фаластин давлатини расман тан олиши ҳақида расмий баёнотлар билан чиқишди. Баъзилар буни тарихий қадам, деб баҳолашмоқда. Бошқалар учун эса – бу ўнлаб йиллик босқин ва азоблардан кейинги маънавий ғалабадир. 

Аммо бу дипломатик ҳаракатлар ортида анча мураккаб стратегик манфаатлар ётибди. 

Табиий савол туғилади: бу кутилмаган тан олишлар тўлқини ортида қандай ҳақиқий манфаатлар бор?

Фаластин давлати ёки Ғарб учун чиқиш йўлими?

Аввало, шуни тушуниб олиш лозимки, бу каби тан олишлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Улар Ғазога қарши олиб борилаётган геноцид уруши авж олаётган бир пайтда юз бермоқда. Бу урушда Исроил, айниқса ҲАМАСга қарши курашда, муваффақиятга эриша олмади. На бомбардимонлар, на оч қолдириш, на мажбурий кўчириш орқали у фаластинликларни синдиролмади. Фаластин халқи ҳануз мустаҳкам қаршилик кўрсатмоқда.

Бу муваффақиятсизликка дуч келган Ғарб, хусусан АҚШ ва Европадагилар, энди қўшимча режа изламоқда. Улар энди “Исроил ўзини ҳимоя қилмоқда" деган ғояни қўллаб-қувватлаша олмайди. Энди уларга сиёсий назоратни сақлаб қоладиган, қаршиликни заифлаштирадиган ва ички ижтимоий босимни юмшатадиган бир муқобил таклиф керак. Мана шундай шароитда "Фаластин давлати"ни тан олиш кун тартибига чиқмоқда.

Аммо бу ерда бир катта муаммо бор: тан олинган бу давлатда аниқ чегаралар йўқ, армияси йўқ ва ўз ерларида суверен назоратга эга эмас. У ўзининг ҳаво ва денгиз ҳудудларини бошқара олмайди. Фуқароларининг хавфсизлигини таъминлай олмайди ва сиёсий бирликдан ҳам маҳрум. Асосан, бу ишғол остидаги бир маъмурий соя, яъни ҳақиқий давлат эмас.

Европа имижини оқлаш

Бу тан олишлар Европанинг "виждон ювувчи" ҳаракатлари ҳам бўлиши мумкин. Генoциддаги иштирок,  бу хоҳ сукут, хоҳ ҳарбий ёрдам, хоҳ қаршилик ҳаракатларига нисбатан танлаб қўлланилаётган санкциялар бўлсин - ҳаммаси жамоатчиликнинг кескин танқидига сабаб бўлди. Энди эса улар бу юкни енгиллатиш учун рамзий шаклдаги қадамлар орқали вазиятни “мувозанатлаштиришга” ҳаракат қилмоқда. Улар "икки давлатли
ечим" ҳақида гапирмоқда - гўёки бу ечим ҳали ҳам амалга ошиши мумкин. Ваҳоланки, реал вазиятни кўрсатиб турибдики, Исроил ҳудудни шунчалик парчалаб, мустамлака қилиб улгурганки, энди бу формулани амалиётга кўчириш мушкул.

Исроилга қарши санкцияларсиз, қурол етказиб беришни тўхтатмасдан ва мустамлакачиликни чекламасдан туриб Фаластинни тан олиш – ҳеч қандай ўзгаришга олиб келмайди. Бу билан дипломатик "ечим" легитимлаштирилади холос, аммо Исроил босқинчилиги давом этаверади.

Агар ҳақиқий мақсад қаршиликни йўқ қилиш бўлса-чи?

Яна бир хавотирли нуқта,- аслида ким тан олинмоқда? Гарчи Фаластин маъмурияти вакилликка эга бўлмаса ҳам, ичида иллат ва коррупция илдиз отган бўлса ҳам ва у босқинчи режим билан ҳамкорлик қилиб келаётган бўлса ҳам, кўплаб мамлакатлар Маҳмуд Аббос бошчилигидаги маъмуриятни Фаластин халқининг "қонуний ҳукумати" деб ҳисоблайди. 

Балки, Ғарб Фаластин раҳбариятини ташқаридан тайинлашга ва бундан ҲАМАС ёки "Исломий жиҳод" каби қаршилик ҳаракатларини четга суриб чиқариб ташлашга ҳаракат қилаётгандир? Уларнинг ўрнига сунъий, босқинчиликка қарши бўлмаган, балки уни бошқарса бўладиган итоатгўй бир “давлат” тузишга ҳаракат бўлаётгандир?

Агар воқеалар шундай ривожланадиган бўлса, у ҳолда бу тан олишлар бирдамликни англатмайди, балки Фаластин халқининг озодлик учун курашини нейтраллаштиришга қаратилган геосиёсий маневр бўлади.

Ёлғон давлат тузоғи

Катта хавф шундаки, жаҳон жамоатчилиги Фаластинни "тан олинган давлат" деб атай бошлаши мумкин, лекин реал вазиятда у ҳануз босиб олинган, мустамлака қилинган ва блокадада қолган ҳудуд бўлиб қолаверади. Ушбу ҳуқуқий иллюзия орқали можаро музлатиб қўйилиши, халқаро босимлар камайиши ва уларнинг аҳволи учун айбни қурбонларнинг ўзига юклаш эҳтимоли туғилади.
Бундай сценарийда фаластинликларнинг қонуний анти-колониал кураши икки "ҳукумат" ўртасидаги бюрократик можарога айлантирилади. Бу геноциднинг тарих йўқотилади, апартеид кўзга кўринмас ҳолга келтирилади, шаҳидларнинг овози эса ўчирилади.

Хулоса

Бу тан олиш тўлқини на холис, на беғараз, на инқилобийдир. Бу – Ғарбнинг маънавий таназзули ва Фаластин қаршилигининг ўсиши шароитидаги глобал сиёсий қайта қурилишнинг бир қисмидир. Албатта, бу дипломатик жиҳатдан муайян фойда келтириши мумкин, лекин ўзимизни алдамаслигимиз керак: ҳақиқий озодликни ҳеч қачон хорижликлар тортиқ қилмайди, балки фаластинликларнинг ўзлари – Ғазода, Ғарбий соҳилда, муҳожиратда ва диаспорадаги қатъий иродаси орқали қўлга киритади.

То босқинчи сионистлар режими ағдарилмагунча, ҳеч қандай тан олиш тўлиқ бўлмайди. Токи Ғазода қон тўкилишлар давом этар экан, ҳеч қандай рамзий ҳаракат етарли бўлмайди.

Мулоҳаза

Географик жойлашуви бўйича ўзга қитъадаги, моддий ва жисмоний жиҳатдан бевосита таъсири бўлмаган минтақа вакилларининг вазиятни объектив, холис таҳлил қилиб, баҳо бераётгани, бугунги Фаластин-Исроил можароси нафақат Ғарб ва Яқин Шарқдаги мамлакатларни балки, бутун дунёнинг асосий диққат марказида эканлигидан далолат беради. Келажакда эса, геосиёсий вазият ва дунё оммасининг қарашларини кескин ўзгариб кетишига сабабчи бўлиш эҳтимолидан дарак беради. 
Бундан буёғига Ғарб аввалгидек инсон хақ-хуқуқлари, демократик қадриятлар, озодлик- ҳурлик каби тамойиллар васийси, ҳомийси сифатида дунёда доминант бўлолмайди. Европа энди ҳарчанд уринмасин аввалги мавқейини тиклай олмайди.

Бунга, эҳтимол сўнгги ўн йилликлар давомида ядро қуролига эга ёки ҳарбий салоҳияти жиҳатидан юқори даражада бўлган давлатларга таъсир ўтказишда энди юқорида таъкидлаб ўтилган тамойилларга асосланиб, рақиб давлатлар ичида ички низо ва ихтилофларни чиқариш самара бермай қўйганлиги сабаб бўлгандир. Чунки, Дональд Трампнинг иқтидорга келган куниёқ дастлабки амалга оширган ислоҳатларидан бири бу- USAID фаолиятига чек қўйиш бўлди. Гарчи USAIDнинг расмий миссияси инсонпарварлик ва тараққиётни қўллаб-қувватлаш бўлса-да, аслида унинг фаолияти кўп ҳолларда ташқи сиёсий таъсир воситаси сифатида баҳоланиб келинади.

Сўнгги йилларда Россияга қўйилган жиддий ва йирик санкциявий пакетлар  АҚШ учун деярли ҳеч қандай фойда келтирмади ва Россиянинг ичидан туриб ихтилоф чиқариш стратегияси самара бермаганлигини кўрсатиб қўйди. Аксинча, Россия мисолида, энди АҚШ ҳам халқаро меъёрларни бемалол четлаб ўтиб, ҳарбий куч-қудрат орқали кескин ташқи сиёсат олиб бориш мумкинлигини англаб қолган кўринади ва бунинг учун ҳеч қандай жазога тортилмаслик мумкинлигига ҳам амин бўлди. АҚШ давлати бошқарувига таъсир ўтказиб келувчи сионистларнинг AIPAC лобби ташкилоти балки шунинг учун бугунги Исроил режимининг этник тозалаш бўйича “ислоҳатлари”ни амалга оширишида АҚШ қўлловига эришгандир? 

Вазиятга зоҳиран қараб, мантиқан таҳлил қилиб кўрилса, айнан шундай саволлар пайдо бўлади. 
Тўғри-да, ҳарбий салоҳияти, молиявий институтлари ва технологик имкониятлари борасида Россиядан анча устун бўлган АҚШ, хўш, нимага энди худди Россия каби атрофидаги бошқа давлатларга босим ўтказолмаслиги керак?! Барибир дунёда АҚШни жазога тортиш учун куч-қудратга эга бўлган бирор бир давлат бўлмаса, БМТ каби барча халқаро ташкилотларга таъсир ўтказиш ричаглари АҚШда бисёр бўлса ... . 

Илҳомиддин Алимов

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин


Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.