13.06.2025 14:24
164
Таҳлил: Исроил Эроннинг ерости ядровий иншоотларини йўқ қила оладими?
Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик янада ошмоқда. Жума тонгида Исроил Эрон ҳудудидаги бир неча муҳим объектларга ҳаво зарбалари бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу воқелик халқаро экспертлар ва таҳлилчилар ўртасида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
"Ал Жазира" телеканали ушбу мураккаб вазиятни ҳарбий таҳлилчи генерал Файз ад-Дуверий билан таҳлил қилди.
Генерал Файз ад-Дуверийга кўра, Эроннинг ядровий иншоотлари тоғлар ичида жуда чуқур жойлашган бўлиб, бу Исроилнинг уларни нишонга олиб йўқ қилишини анча қийинлаштиради. Шу билан бирга, Тел-Авив бундай зарбаларни амалга оширишда жиддий логистик тўсиқларга дуч келади.
Дуверий "Ал Жазира" телеканалига Исроил ҳарбий ҳужуми арафасида интервью берган эди. Унда Натанз, Фордо ва Оракдаги Эрон ядровий иншоотларини йўқ қилишга қодир ягона бомба — бу "GPB-57" экани, Исроил бу бомбани кўтара оладиган самолётларга эга эмаслигини билдирди.
Ҳарбий мутахассиснинг таъкидлашича, "F-35" ва шунга ўхшаш самолётлар бу бомбани кўтара олмайди, уни фақат АҚШнинг стратегик бомбардимончилари олиб юра олади. Ушбу бомба 60 метрлик темирбетон қатламни тешиб ўтиши, ундан ташқари яна қўшимча 60 метрлик тош қатламни ҳам босиб ўтиши мумкин, яъни ер остидаги ядровий иншоотларга етиб бориш қобилиятига эга.
Жума тонгида Исроил Эронга кенг кўламли ҳаво зарбасини амалга оширди ва бу ҳужумда ядровий иншоотлар, баллистик ракета ишлаб чиқариш заводлари, ҳаво мудофаа тизимлари ва юқори мартабали ҳарбийлар нишонга олингани айтилди. Исроил бу амалиётни "Теҳроннинг ядровий қурол яратишининг олдини олиш учун бошланган узоқ муддатли операция" деб атади.
Шу билан бирга, Халқаро атом энергияси агентлиги Эрон расмийларига таяниб, Бушеҳр атом станциясига ҳужум қилинмагани, Фордо ядровий маркази эса ҳозирча Исроил зарбаларидан таъсирланмаганини маълум қилди.
Агентлик шунингдек, Исроил томонидан нишонга олинган Натанз ядровий марказида радиация даражасида ҳеч қандай ошиш кузатилмаганини маълум қилди.
Бироқ “Йедиот Аҳронот” газетаси хавфсизлик манбаларидан олинган маълумотларга таяниб, Исроил армияси Натанздаги ядровий объектни йўқ қилганини хабар қилди.
Бундан бир неча кун олдин Халқаро атом агентлиги раҳбари Рафаэль Гросси Эроннинг ядровий салоҳиятини фақат битта зарба билан йўқ қилиш мумкин эмаслигини айтган, у объектларга бир неча марта ташриф буюрганини ва уларга кириш учун чуқур спирал шаклидаги туннел орқали тушиш кераклигини билдирган.
Бу воқеалар фонида АҚШнинг "ABC News" телеканали Америка Қўшма Штатлари Исроилга логистик ёрдам кўрсатиши ва разведка маълумотлари билан таъминлаши мумкинлигини маълум қилди.
"СBS" эса АҚШ расмийси сўзларига таяниб, Дональд Трамп маъмурияти Исроилнинг ҳарбий амалиётини қўллаб-қувватлаш имкониятларини кўриб чиқаётганини, аммо унинг бошчилигини ўз зиммасига олмаслигини билдирди. Бу қўллаб-қувватлаш ҳаводаги ёнилғи таъминоти ёки разведка маълумотлари алмашинуви орқали бўлиши мумкин.
Исроил армияси ўнлаб жангчи самолётлар Эронга дастлабки зарбани берганини, ундан сўнг яна қўшимча ҳужумлар амалга оширилганини билдирди.
Бугун тонгда эълон қилинган баёнотга кўра, 200 дан зиёд самолёт Эронга ҳужум қилган, мамлакатнинг турли ҳудудларида 100 га яқин нишонга зарба берилган ва бу амалиётларда 300 та бомба ишлатилган. Исроил ҳаво кучлари ҳозирги пайтда ҳам Эрондаги ядровий иншоотларга зарба беришни давом эттираётгани айтилди.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху — Халқаро жиноят суди томонидан қидирилаётган шахс. Бош вазир бу зарбани "Исроил тарихидаги ҳал қилувчи лаҳза" деб атади. Ушбу мислсиз амалиётнинг асосий мақсади Эроннинг ядровий инфратузилмасини йўқ қилиш эканини таъкидлади.
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац эса армия катта муваффақиятга эришганини, инқилоб қўриқчилари, армия ва разведка етакчилари ҳамда ядро олимлари аниқ нишонга олинганини маълум қилди.
Вазир Кац армия Эрон ядровий дастурини йўққа чиқариш ва Исроилга таҳдидларни бартараф этиш мақсадида операцияларни давом эттираётганини таъкидлади.
Манба: Ал Жазира