25.03.2025 19:30

Сурияда алавийлар қўзғолони. Аслида нима бўлган эди?

Хабарингиз бор, яқинда Сурияда алавийлар янги ҳукуматга қарши қўзғолон кўтарган, ҳукумат кучлари исёнчиларни, уларга қўшиб тинч аҳолини ҳам қирғин қилгани ҳақида ОАВда хабарлар тарқалганди. Хўш, аслида нима бўлган эди? Ростдан ҳам миллий озчилик вакиллари – тинч аҳоли қирғин қилинганмиди? Бу ҳақда воқеаларни бевосита ичидан туриб кузатган киши – Белгиядаги Суриялар форуми президенти Доктор Холид Муҳаммад Камолдан эшитамиз.

2025 йил, 6 март – Макр кечаси. 

Ҳалаб бошқаруви қўлга олингач, соҳилдаги фаоллар WhatsApp тармоғидаги гуруҳда тўпландик ва алавий жамоаси шайхларини Асадга қарши туриш ва ватанпарварлик позициясини эгаллашга чақирдик. Лекин, афсуски, бу борада улардан жавоб ололмадик.

Собиқ шафқатсиз тузум бартараф этилиб, Суриянинг барча ерлари озод қилингач, улар оммавий афв сўраб чиқишди. Айнан шу нарса барчанинг ғазабини қўзғатиб юборди.

Сўнг расмий бўлган-бўлмаган жамоалар Лозиқияга юриш қилди. Биз имкони борича ҳарбий идорага кўмак беришга ҳаракат қилардик. Ўша пайтда ҳарбий идора бошқаруви Шайх Ҳасан Сувфонда эди.

У пайтда янги ҳукумат талаб қилган ёндашувга кўра, озчилик тоифаларга муомалада динимизнинг кўрсатмаларига риоя қилган ҳолда кечиримли бўлишимиз ва зиддият келтириб чиқарадиган хатти-ҳаракатлардан узоқ бўлишимиз керак эди. Кейин ҳам махсус, ҳам оммавий кўринишда бир қанча йиғилишлар ўтказилди. Янги ҳукумат озчилик тоифаларни хотиржам қилиш ва янги ҳукумат ҳақида яхши тасаввурни уйғотиш мақсадида бир қанча зиёратлар ташкиллаштирди. Чунки ҳамма уларга нисбатан интиқом реакцияси бўлишидан хавотирланарди.

Бу алоқалар шаҳарда ҳаёт изига тушиб, барча ўзининг омонда эканини илғагунига қадар давом этди. Айниқса, хавфсизлик кучларининг эҳтиром билан қилган муомалалари осойишталикка катта ҳисса қўшганини ҳеч ким инкор қила олмайди. Шу даражадаки, ҳатто алавийларнинг ўзлари энди овозларини баландлатиб, ўз ҳуқуқларини талаб қила бошладилар. Ҳукумат ҳам бунга имкон даражасида ижобий жавоб қайтарди.

Нозир ва идорадагилар барча муаммоларни бартараф қилишга шунчалик ҳаракат қилишдики, натижада Шайх Ҳасан Сувфон ва нозирнинг телефон рақамларини шаҳардаги ҳар ким биларди. Шайх Ҳасан ва нозирнинг талаблари битта – қидирувдаги кишиларни топиш ва қуролларини топширишни талаб қилишдан иборат бўлди.

(Аслида охирги уч ой ичида барча ҳаракатимиз ва ўрнатган алоқаларимизга қарамай, қидирувдагилардан бирортаси ҳам топширилмади. Ва яна алавийларнинг аксари бартараф этилган тузумнинг қолдиқ кучлари томонидан содир этилган охирги операциядан ҳам хабардор эдилар).

Собиқ ҳукумат идораларида ходимлар сонининг мантиққа тўғри келмайдиган даражада кўплиги ҳам катта муаммо эди. Икки юз киши меҳнат қилиши мумкин бўлган жойларда саккиз юзлаб ходим ишга олинганди. Кўпчилигининг амалда қиладиган иши йўқ эди. Янги ҳукуматга қийинчилик туғдирган нарса ишдан кетган ходимларнинг делосини ўрганиб чиқиш бўлди. Бунга қадар эса ходимларга иш ҳақи тўланиши шарти билан уч ойлик таътил берилди.

Натижада алавийлар фарзандларининг ишга қайтарилишини талаб қила бошлашди. Зеро, Башар Асад маъмурияти ватандошлардан пора олиш, ўз ишларини суъиистемол қилиш кабиларга йўл қўйиб бериш орқали уларнинг овозини ўчириб тургани айни ҳақиқат эди. Бинобарин, мамлакатни шу каби бузғунчиликлар қуршаб олганди.


Бу вазиятда алавийлардан ораларига беркинган қидирувдагиларнинг қамоққа олинишида жиддий курашларни талаб қиларди. Шунинг учун ҳам, менинг фикримча, ҳуқуқ-тартибот органлари улар томонидан амалга ошириладиган ушбу операциянинг тафсилотларидан воқиф эди. Бу вазият улар учун илонни инидан ташқарида ўлдириш имкониятини берарди. Операция маҳаллий эмас, давлат миқёсида режалаштилиган бўлиб, у бир неча босқичлардан иборат эди:

Биринчи босқич: алавий ваколатхонасини таъсис этиш. Илоннинг боши бўлмиш Шайх Ғазол ва Басил Хатиб исломий-алавий кенгашининг таъсис этилганини эълон қилиш орқали буни амалга оширган бўлишди.

Иккинчи босқич: Миқдод Фатиҳа каби машҳурлар ва интернет саҳифалари орқали медиа қўшинини ташкил қилиш.

Учинчи босқич: “автоном бўлиш ҳуқуқи” деган ваъдани қўлга киритиш. Бунга Ливанда Ҳизбуллоҳ, Ироқда жангарилар билан йиғилишлар ўтказиш орқали эришишлари мумкин эди. Шу билан бирга ҚСД (Сурия демократик кучлари) ҳамда Сувайдодаги Шайх Ҳижрий жамоаси билан иттифоқ тузиш ҳам керак эди.

Операциянинг бошланиши.

Хавфсизлик кучлари шаҳар ҳокими ва қишлоқ раиси қўлидан қидирувдагилардан бирини қабул қилиб олиш учун Долия қишлоғига кирди. Қидирувдагилардан бири қабул қилиб олинди. Мен ўзим операциядан тўғридан-тўғри хабардор бўлиб туриш учун алоқани узмадим. Қидирувдагилардан бири топширилгач, хавфсизлик кучлари Долия билан Байт Оно қишлоғи орасида бир гуруҳнинг ҳужумига дуч келган. Оғир қуролланган бир гуруҳ пистирмадан ҳужум бошлаши натижасида хавфсизлик кучлари сафидаги ўн уч киши ҳалок бўлган.

Уруш мана шу ерда бошланди, режа қуйидагича эди:

Жабала шаҳрини тўлиқ қўлга олиш; Бир неча босқичлик ҳаракатлари билан Ҳумс, Тартус, Банияс ва Жабала йўлларидан келиши мумкин ёрдамларнинг йўлини тўсиш; Сўнг Тартус, Банияс ва Лозиқийя шаҳарларидаги собиқ тузум кучларини ҳаракатга келтириш.

Режа деярли тўлалигича иш бериб, ёрдам йўллари режалаштирилганидек ёпиб қўйилди. Бу аснода мўлжалсиз отилган ўқлар нишонига айланган кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлди. Натижада Жабала шаҳри тўлиқ қўлга олинди.

Режага кўра, Ироқ жангарилари аввал Тадмур, сўнг Ҳумс йўналиши бўйича кириб келишлари керак эди. Бу нарса келишилган вақтда Моҳир Асад бошчилигида амалга ошиши режалаштирилди. Ливан Ҳизбуллоҳи жангарилари ҳам худди шу вақтда Қусайр орқали кириб келиб, Ҳумсда бирлашишарди. Шу тариқа Моҳирга қарашли кучлар ва Башар Асаднинг етим қолган тарафдорлари тоғлардан ва Ливан шимолидан кириб келиб, соҳил томондаги шаҳарларни қўлга олишмоқчи ва ҳудуддаги навбатчи кучларни ўлдириб, Суриядаги ички йўлларни тўсишмоқчи эди ва шундай бўлди ҳам. Айни пайтда Курдистондаги коммунист партияга қарашли жангарилар Ҳалабга шарқий томондан юриб бориб, шаҳарни қўлга олиш ниятида эдилар.

Худди шу пайтда собиқ тузумнинг яширинган қолдиқ кучлари Дамашқнинг турли бурчакларидаги тарафдор гуруҳларни айланиб чиқишарди. Мақсад, Сувайдода маъмурият биносидаги давлат байроғини олиб ташлаш орқали уруш эълон қилган жангарилар билан Дамашқда сион ҳарбий учоқлари ҳимояси остида бирлашиш эди.

Бу режадан хабар топган Туркия истихбороти Ироқ ҳукуматига Туркия ҳарбий учоқлари осмонда, Сурия ҳудуди яқинидаги ҳар қандай ҳаракатлиликни уришга тайёр эканини билдирган. Сўнг “Байроқдор” турк ҳарбий учувчисиз учоқлари ҳаракатланди ва биринчи бўлиб уруш эълон қилиниши билан Ҳалаб томон яқинлашиб бораётган “Қандил” жангариларини ва операциянинг бошқарув нуқталарини урди. Бу ҳужум уларни ҳужумни тўхтатишга ва чекинишга мажбур қилди.

Туркия учоқлари осмонда туриб сионистларни, улар аралашган тақдирда, бунинг бадалини ўташларидан огоҳ қилиб турди. Натижада сионистлар дахл қила олмади ва жанубдаги жангарилар ҳимоясиз қолишди.

Сурия халқи ўзаро оммавий сафарбарликка чақирдилар. Ўн минглаб ватандошлар кечаси Ҳаврон ва Қунайтирага чиқиб боришди ва Дамашқ жанубидаги ҳаракат мағлубиятга юз тутди. Сўнг Дамашқнинг бошқа ерларидаги собиқ режим тарафдорлари бўлган қолдиқ кучлар ҳаракатга ўтди. Қўшин ва хавфсизлик кучлари эса уларга қарши пистирмада эди.

Уларнинг соҳилдаги ҳаракати соҳил шаҳарларидаги хавфсизлик кучлари томонидан ҳудуддан узоқлаштиришга муваффақ бўлинди. Уларнинг шиддатли ва жирканч ҳужумлари натижасида юз элликдан зиёд хавфсизлик кучлари вакили ҳалок бўлди. Улар шаҳарларни босиб олиб, йўл ва кўприкларни тўсдилар. Оммавий сафарбарлик чақириғидан кейин ҳудудга етиб борган юз минг қуролли қўшин уларни сиқиб чиқарди. Ортидан Ливан ҳудудидаги киришлар Қусайр ва Тартус томондан ёпиб қўйилди. Кейин эса ҳудуддаги қолдиқ кучлар билан уруш бошланди. Шаҳарларни қайтариб олиш учун қилинган уринишлар натижасида душман кучларининг барчаси бартараф этилиб, тўнтариш ҳаракатига барҳам берилди.

Кейинчалик ёрдамлар етиб келди ва илоннинг боши танасидан жудо қилинди.

Моҳир Асад яқиндагина Ироқдан Россияга жўнаб кетди. Чунки у энди отаси Ҳофиз Асаднинг режасига сурияликлар нуқта қўйгани каби ўзи ва акасининг тўнтариш режасини ҳам йўққа чиқарганига ишонч ҳосил қилди. Сурияликлар бу тўнтаришни мағлубиятга учратиб, Моҳирнинг охирги умидини ҳам йўқ қилдилар.

Бутун бу ҳаракатлардан қўлга киритилган натижа:

– Биз халқ сифатида давлатимизни ва ҳукуматнинг кўрсатмаларини қўллаб-қувватламоқдамиз. Чунки биз уларнинг ички ва ташқи сиёсати, ислоҳотлари ва жиноятларни камайтиришга бўлган жиддий ҳаракатларига ишонамиз.

– Ушбу босқич Сурияга ўз фарзандларининг саъй-ҳаракатлари билан ўз маъмурияти атрофида бирлашишдан бошқа нарса олиб келмади.

– Шу билан бирга, ушбу хиёнат зулматига чулғанган кечада кўплаб алавий юртдошлар аскарларимиз, хавфсизлик кучлари ва тинч аҳоли орасидан яраланганларга ўз эшикларини очганларини, ушбу қирғинни тўхтатиш йўлида қилган эзгу ҳаракатларини ҳеч қачон унутмаймиз.


– Биз Суриянинг бирлаштирувчи давлат бўлишини хоҳлаймиз. Ҳеч қандай бўлинишни қабул қилмаймиз, хавфсиз ва тотув жамият учун ҳаракат қиламиз.

Биз ушбу қирғинни тўхтатиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилдик. Лекин собиқ тузум тарафдори бўлган эсипаст қолдиқ кучлар бизни мана шу ишга ундадилар. Ҳозирга келиб, биз жароҳатимиз тузалиши ва ярадор Суриянинг қайта тикланиши учун ҳаракатни бошлаш учун бироз вақтга эҳтиёж сезмоқдамиз.

Бинобарин, келгусида ҳам шу давлатнинг номи остида биз билан чин ҳамкорлик истагида қўл чўзганларга қўлимизни берамиз. Алавий ҳамюртларимизга Эрондан ҳам, Россиядан ҳам яқинроқмиз. Шу билан бирга, ушбу ўтиш даврида адолатнинг ўрнатилиши ва барча қидирувдагиларга керакли чораларнинг кўрилиши воз кечилмас талабимиз бўлиб қолади. Ўз маданиятига эга, одил Сурияни барпо қилиш йўлида бизни оёққа турғизадиган тамойилларга қарши чиқилишига асло йўл қўймаймиз.


Доктор Холид Муҳаммад Камол

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.