07.03.2025 12:16

Сурияда исён: Латакия ва бошқа шаҳарларда кескин тўқнашувлар, шиалар ҳам аралашди

Кеча, 6 март куни, Суриянинг Латакия, Хомс, Ҳалаб ва Жабла шаҳарларида давлат хавфсизлик кучлари ва собиқ режим тарафдорлари ўртасида кескин тўқнашувлар содир бўлди. Бир кеча ичида Сурия хавфсизлик кучларидан камида 30 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилмоқда. Исёнга шиалар ҳам аралашиб, жанговар ҳаракатларда иштирок этган.

Исён ва тўқнашувлар

Тунги ҳодисалар Латакиянинг Бейт Ана қишлоғида собиқ режим тарафдорлари хавфсизлик кучларига ҳужум қилиши билан бошланган. Кейинроқ, Жабладаги Ҳмеймим аэропорти ва Денгиз академияси ҳудудларида катта тўқнашувлар содир бўлди. Ҳукумат кучлари мазкур ҳудудларга зирҳли техника ва қўшимча ҳарбий бўлинмаларни юборган.

Ҳалаб, Хомс ва Идлиб шаҳарларида ҳам кенг кўламли норозилик намойишлари кузатилган. Минглаб одамлар шаҳар майдонларида собиқ режим тарафдорларининг ҳужумларига қарши намойишлар ўтказган.

Шиаларнинг роли ва иштироки

Тартус шаҳрида хавфсизлик кучлари шиалардан иборат жангарилар гуруҳини қўлга олган. Бу гуруҳ собиқ режим тарафдорларини қўллаб-қувватлаб, исёнга ёрдам бергани айтилмоқда. Латакиядаги тоқнашувларда шиалар фаол иштирок этиб, уларнинг бир қисми жанговар ҳаракатларда қатнашган.

Сурия хавфсизлик кучлари Ғиёс Сулаймон номли шиа командирини қўлга олган. Бир неча кун олдин у “Сурияни озод қилиш ҳарбий кенгаши” номли гуруҳ тузгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Сулеймон Жабла ва Тартус шаҳарларида шиалар томонидан қўзғатилган исённи бошқарган.

Сурия ҳукумати ва ҳарбий чоралар

Сурия мудофаа вазирлиги расмий баёнот бериб, исёнчиларга таслим бўлишни талаб қилди:
"Сиз тоғларда тарқалиб кетдингиз ва бошпанангиз йўқ. Қўлингизда фақат битта танлов бор – қуролни ташлаш ва адолат олдида жавоб бериш."

Сурия армияси Латакия ва бошқа исён кўтарилган ҳудудларга 15 000 аскар ва полиция кучларини юборган. Шунингдек, Жараблус, Азаз, Африн, Манбиж ва Идлибдан қўшимча бўлинмалар жалб қилинган.

Туркиянинг аралашуви

Шунингдек, Туркия қуролли кучлари Идлибга катта ҳарбий конвой жўнатгани ҳақида хабар берилмоқда. Туркия авиацияси шимолий Суриядаги PKK/YPG манзилларига ҳаво зарбалари берган. Камишлида бир нечта стратегик объектларга ҳам зарбалар берилган.

Исён ва жавоб чоралари

Сурия Исломий Кенгаши собиқ режим тарафдорларига қарши курашни ҳар бир мусулмон учун бурч деб эълон қилди. Барча сурияликлар давлатни қўллаб-қувватлашга чақирилди. Жума куни мамлакат бўйлаб намойишлар ва норозилик акциялари ташкил этилиши кутилмоқда.

Бир кеча ичида юз берган кескин воқеалар Сурияда янги низоларнинг бошланишидан дарак бераётган бўлиши мумкин. Ҳукумат хавфсизликни таъминлашга уринган бир пайтда, исёнчилар ва шиаларнинг ҳаракатлари ҳали ҳам давом этмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.