Сурияда Асад тарафдорларига қарши ҳарбий амалиётлар давом этмоқда
Суриянинг Латакия вилоятида хавфсизлик кучларига ҳужум уюштирилганидан сўнг, Башар Асад режимининг собиқ ҳарбийларини қидириш ва тозалаш амалиётлари кенгаймоқда.
Сурия армияси Латакия ва Тартус вилоятларига юзлаб ҳарбий техника, жумладан, танклар, бронетранспортерлар ва реактив ялпи ўқотар тизимларидан иборат қўшимча кучларни йўллади.
Суриянинг давлат ахборот агентлиги SANA маълумотига кўра, Асад режими ағдарилганидан кейинги собиқ ҳарбийларни қўлга олиш мақсадида ҳудудда кенг қамровли операциялар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, қуролларни топширишни хоҳлаганларга яқин хавфсизлик пунктига ихтиёрий равишда келиш таклиф қилинмоқда.
Тўқнашувлар давом этмоқда, камида 50 киши ҳалок бўлди
Сурия армияси Латакиянинг Жабла туманидаги нуқталарга артиллерия ва танкларини жўнатган ҳолда, ағдарилган режим кучлари билан тўқнашувларни давом эттирмоқда.
Латакиянинг Кирдаҳа ҳудудида ҳам отишмалар тўхтамаяпти.
«Анадолу» агентлигининг ҳарбий манбаларидан олинган маълумотларга кўра, икки кундан бери давом этаётган тўқнашувларда камида 50 киши ҳалок бўлган.
Кўплаб вилоятларда намойишлар бўлиб ўтди
Кеча хавфсизлик кучларига қилинган ҳужумга қарши бир нечта вилоятда норозилик намойишлари бўлиб ўтди.
Жума намозидан сўнг, Димашқ, Ҳалаб, Ҳама, Ҳумс, Идлиб, Дараа ва Дайруззор шаҳарларидаги сурияликлар йиғилиб, ағдарилган режим кучларига қарши олиб борилаётган операцияларни қўллаб-қувватловчи шиорлар билан чиқиш қилишди.
Тартус ва Латакияда комендантлик соати узайтирилди
6 март куни кечаси бошланган Тартус ва Латакиядаги комендантлик соати узайтирилди.
Фуқароларга Тартусда соат 10:00 гача, Латакияда эса 09:00 гача кўчаларга чиқиш тақиқланган.
Сурия разведкасидан «таслим бўлиш» чақириқлари
Сурия умумий разведка бошлиғи Анас Хаттаб ижтимоий тармоқларда мамлакат хавфсизлик кучлари Сурия халқи хавфсизлигини таъминлаш, вазиятни барқарорлаштириш ва хавфсиз муҳит яратишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ағдарилган режим тарафдорларининг қуролларни ташлаб, хавфсизлик органларига таслим бўлишдан бошқа чоралари йўқ.
Ағдарилган режимнинг «Шабиха» етакчиси қўлга олинди
Сурия ОАВ маълумотига кўра, қўллаб-қувватловчилардан иборат «Халқ қўмиталари» номли гуруҳнинг раҳбари бўлган Юсуф Харба денгизбўйи ҳудудида олиб борилган операциялар давомида хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинди.
Унинг ёнидан граната ва автомат қуроллари топилган.
Олдинги куни Башар Асад режими тарафдорлари Латакиянинг Жабла туманига ҳужум уюштиргани натижасида камида 11 нафар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган.