11.06.2025 14:07
73
Шахснинг жамият юксалишидаги ўрни қандай?
Жамият, бу тирик жисм бўлиб, бир шахс йўлиқиши мумкин бўлган касаллик ва иллатларга у ҳам йўлиқади. Ҳукуматлар шахсларни, жамоаларни ҳалок қилувчи касалликлардан, ёмон иллатлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилганлари каби тоза, инсонпарвар маданиятлар ва қонунлар ҳам жамиятларни ижтимоий-хулқий касалликлардан ҳимоялашга ҳаракат қилади. Мана шу маданият ва қонунлар ёрдамида миллат ўзаро зич ва кучли бўлади ва ўз масъулиятини қатъият билан бажара олади. Шу тариқа миллат инсонни ҳалокатга етакловчи омилларга қарши собит туради. Ҳаёти мобайнида ҳурматга, қудратга ва устун ғояга эга бўлади. Ҳурматга лойиқ хулқ ва эътибор эгаси бўлади. Барчани сиғдира оладиган омонликнинг бағрида, бутун инсониятни қуршайдиган саодат ичида яшайди. Бора-бора самодаги фаришталар мисоли хавф-хатардан ва хафагарчиликдан узоқлашиб, хотиржамлик ва руҳий барқарорликка эга бўлади.
Биз мана шундай илғор турмуш тарзига эги бўла олмаяпмиз. Бунинг сабаби – жамиятнинг касаллик ва иллатлари учун ризқ, бойлик ва турмуш билан боғлиқ бошқа масалаларга қайғурганимиздек қайғурмаётганимиз бўлса ажабмас. Қадимда ҳам, ҳозир ҳам ичимиздаги бир қанча инсонлар “илғор миллатларнинг турмуш тарзидан жой олган дабдаба ва кўнгилхушликлар бизнинг ҳам одатларимиз орасидан жой олмагунча бизнинг фикримиз ҳурмат қилинмайди ва ўзимиз лойиқ бўлган ўринга эга бўлолмаймиз” деб ўйлайдилар. Мана шулар билишмайдики, аслида дабдаба ва ҳашамат маданиятни қурувчи омил эмас, маданиятнинг самараси ҳисобланади. Ана ўша ўзининг илми, фани ва қудрати билан барчани ҳайратга солаётган миллатлар бизга ўхшаб маданиятни шакллантирувчи бирламчи омилларни зое қилмаган эди. Бугун биз юксалишимизнинг илк босқичидаёқ эътиборсизлик қилаётганимиз ижтимоий иллатларга нисбатан улар бепарволик қилмаганди. Шу тариқа биз тушган ғафлатга тушиб қолишмади.
Жамият, бу шахсларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигидан ташкил топувчи жамоа саналади. Қачонки шахслар турли иллатлардан холи бўлса, жамиятнинг шаклланиши ҳам соғлом бўлади. Шунингдек, қачонки жамият кучли ва покиза ахлоққа эга бўлса, жамиятнинг йўналиши ҳам, мақсади ҳам тўғри бўлади.
Ислом дини – бошқа “динлар” ва қонунлардан фарқли ўлароқ жамиятдаги турли кучлар ўртасида мувозанат қуришга энг кўп эътибор қаратадиган дин десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, Ислом жамиятнинг қурилишида заифлик, бўшлиқ ва тартибсизлик юзага келмаслигига ҳам катта эътибор қаратади. Масалан, унинг инсонларнинг моддий эҳтиёжларини қандай тартибга солишига назар ташласанг, бу тартибнинг бошқа иқтисодий оқимлардан кўра мукаммалроқ эканини кўрасан. Шунингдек, Ислом, ахлоқий масалаларга ҳам бошқа чақириқ эгаларидан кўра кўпроқ аҳамият қаратади. Ислом, инсоннинг руҳини ва нафсини поклаб барқарорлатиришда ҳам бошқа руҳоний динлардан кўра самарадорроқ саналади. Ислом мана шу жиҳатларнинг ўртасида ўзаро изчилликни қурган ва буни мустаҳкамлаган. Шунинг учун ҳам чинакам мусулмон кимсага қараганингда унинг руҳий жиҳатдан, хулқий жиҳатдан, жисмоний жиҳатдан, умуман ҳар томонлама кучли эканини кўрасан. Бежизга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “кучли мўмин Аллоҳга кучсиз мўминдан кўра севимлироқдир”, деб марҳамат қилмаганлар.
Ислоҳот қандай бошланади?
Шубҳа йўқки, биз мавжуд турмуш тарзимизда хатарли ижтимоий иллатлар билан оғримоқдамиз. Бу иллатлар бор экан, биз на юксала оламиз ва на одим ота оламиз. Бу нарса шахсий ишлармизда, оилавий ва жамоавий ишларимизда турли кўринишларда намоён бўлмоқда. Қолаверса, бу иллатлар олим-у жоҳилимиз, катта-ю кичигимиз, шаҳарлик-у қишлоқлигимизни, яъни барчамизни қуршаб олган.
Шубҳасиз, ижтимоий ахлоқимизнинг муолажаси шахсимиздан бошланиши керак. Чунки шахс, жамиятни барпо қилувчи биринчи ҳужайра ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ислоҳот чақириқлари шахсдан бошланиши керак, жамоадан эмас. Бир мамлакатдаги ўнта шахсни тўғрилик ва яхшилик йўлида пешқадамга айлантирадиган ислоҳотлар олиб борилиши керак. Шу ислоҳотлар мамлакат ишларини тўғри ўзанга тушишига ва ижтимоий ҳаётининг тўғирланишига олиб келади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада ўн уч йил қолдилар. У зот бу муддат давомида бор кучларини умматнинг шахсларини тарбиялашга сарфладилар. Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Ибн Масъуд каби шахслар пайғамбар алайҳиссалом қурган мўмин маданиятнинг қалъаларига айланишди. Пайғамбар алайҳиссалом мана шу шахслар билан Макканинг турли жойларида, “Дорул Арқом”да, Каъбанинг ҳовлисида тўпланиб, уларнинг руҳияти ва нафсини чиниқтириб, ахлоқини сайқаллар эдилар. Кейинчалик пайғамбар алайҳиссалом вафот эганларидан кейин у зот тарбиялаган ушбу шахслар тарихда катта из қолдириб, инсониятнинг ҳидоят топишига улкан ҳисса қўшдилар.
Давлатлар барпо қилиб, маданиятларга асос солган, жаҳолат пардасини йиртиб, илмий уфқни оралаганлар ва тарихнинг сайрини ўзгартириб, ўз жамиятларининг ва инсониятнинг ҳаётига катта таъсир ўтказганларнинг бари шахслардир. Улар кучли иродага эга бўлган, ахлоқи соғайган ва турмуш тарзини кўплаб психологик ва хулқий офатлардан тозалаган шахслар бўлган.
Давлатлар барпо қилиб, маданиятларга асос солган, жаҳолат пардасини йиртиб, илмий уфқни оралаганлар ва тарихнинг сайрини ўзгартириб, ўз жамиятларининг ва инсониятнинг ҳаётига катта таъсир ўтказганларнинг бари шахслардир. Улар кучли иродага эга бўлган, ахлоқи соғайган ва турмуш тарзини кўплаб психологик ва хулқий офатлардан тозалаган шахслар бўлган.
Мен бу гапим билан жамоаларга кўп ҳам аҳамият қаратмаслик керак демоқчимасман. Уларнинг ислоҳотлардаги ролини ҳам инкор қилмоқчимасман. Чунки жамоалар барча ислоҳот ҳаракатларининг тиргаги ҳисобланади. Лекин жамоалар доимо уларни ойдинлатадиган ақлга ва уларга фикр берадиган бошга муҳтож бўлиб қолаверадилар. Чунки жамоа, худди ҳар бир парчасига эҳтиёж сезиладиган, лекин барибир ҳайдовчисиз ҳаракатлана олмайдиган автоуловга ўхшайди.
Бундан келиб чиқадики, жамиятни ислоҳ қилишга ўз идеали ва ўз принципларига эга шахсларгина қодир бўла оладилар. Жамоаларни улар ойдинлатади ва шу тариқа жамоалар яхшилик томон ўз йўлини чизиб, ўзининг тарихий масъулиятини ижро эта оладилар.
"Ижтимоий ахлоқимиз" китобидан