13.01.2025 18:00

«Қотил иқтисодчи»лар: Ғарб қандай қилиб ҳукуматларни қўғирчоққа айлантиради?

«Бир халқни қул қилишнинг икки йўли бор: биринчиси қилич билан, иккинчиси эса қарз орқали. Фақат биз – «қотил иқтисодчи»лар биринчи чинакам глобал империяни яратишга муваффақ бўлдик. Бизнинг арсеналимизда кўплаб қуроллар мавжуд, лекин энг кенг тарқалгани – нефть каби жуда катта ресурсларга эга бўлган мамлакатларга Жаҳон банки ёки бошқа ташкилотларимиз номидан катта миқдорда кредит таклиф қилишдир. Аслида бу пуллар ҳеч қачон ўша мамлакатга етиб бормайди. Маблағлар ушбу ҳудудларда заводлар, электр станциялари ва портлар каби инфратузилмани қурадиган бизнинг йирик корпорацияларимизга тушади. Бу пуллардан ўша ердаги саноқли «оқсуяклар» ва бизнинг корпорацияларимиз фойда кўради. Аксарият одамлар бу пул борлигини ҳатто сезмайдилар ҳам. Лекин мамлакат узоқ вақт давомида қайтара олмайдиган катта қарзларга эга бўлади. Бу режанинг бир қисми. Ҳукуматлар қарзларини тўлай олишмагач, қарз берувчининг ўз халқини манипуляция қилиши ва уларнинг манфаатига хизмат қилувчи тизимни қуришига рози бўлади».

Ушбу жумлалар америкалик иқтисодчи ва ёзувчи Жон Перкинснинг машҳур «Қотил иқтисодчи»нинг эътирофлари» асаридан олинган. Асарда мустамлакачи мамлакатлар томонидан учинчи дунё давлатларининг қандай йўллар билан эксплуатация қилиниши ёки босқинчиларнинг неоколонизация усуллари ҳақидаги маълумотлар ошкор этилган. 

Перкинснинг ёзишича, Америка «киллер иқтисодчи»ларининг Ироқда кетмони учмаган. Ўтган асрнинг 90-йилларида улар қанчалик ҳаракат қилмасин, Саддам Ҳусайн Ғарб кутганидан-да қайсар чиқиб қолади. Америкаликлар Ироқ собиқ раҳбарига Саудлар рози бўлганига ўхшаш талабларни қўйишади, бироқ Саддам буни рад этади. Кейинчалик Саддам Ҳусайнни ағдариш учун юборилган агентлар ҳам муваффақиятсизликка учрайди. Оқибатда Ғарб Ироқ армиясига қарши қўшин жўнатишга мажбур бўлади. 

«Агар Саддам шартларимизга кўнганида, у ҳали ҳам мамлакатни бошқараётган бўлармиди? Биз унга ҳатто қирувчи самолётларимизни ҳам сотишга рози бўлардик. Саддам кўнмагач, биз уни олиб ташлашга қарор қилдик», деб ёзади Перкинс. 

Муаллиф Оқ уйда ким бўлишидан қатъи назар, демократлар ёки республикачиларми, ҳукумат турли даражадаги корпорация раҳбарларининг мақсадларини амалга оширишига ишора қилади. Ғарб сиёсатчилари на бирор жамият ва на атроф-муҳининг ифлосланишидан қайғуришади. Улар максимал фойда олиш учун ишлайдилар. Бу жараён қарздорлик, порахўрлик ва ҳокимиятдан ағдариш ҳийлалари билан узвий боғлиқдир. Федерал резерв жамиятни доимий қарз, инфляция ва фоиз тўловлари орқали шартномавий қуллик ҳолатида ушлаб турганидек, Жаҳон банки ва ХВФ глобал даражада шу ишни бажаради. Асосий схема жуда оддий: мамлакатни ўзининг қарз тузоғига тушириш ёки порахўр раҳбарлар ёрдамида таркибий тузатишлар киритиш. Бу маҳаллий ресурсларни порахўр ёки хоин раҳбарлар томонидан «йиртқич» мамлакатларга сув текинга тақдим этиш демакдир. 

«Жаҳон банки лойиҳаларининг атиги 40-45 фоизи муваффақиятли бўлган. 1960 йилларнинг охирида банк Эквадорга катта миқдорда кредитлар беради. Оқибатда кейинги 30 йил ичида қашшоқлик 50 фоиздан 70 фоизга ошган. Ишсизлик 15 фоиздан 70 фоизгача кўтарилди. Давлат қарзи 240 миллион доллардан 16 миллиард долларгача ўсди. Шу билан бирга, кам таъминланганларга ажратилган ёрдамлар улуши 20 фоиздан 6 фоизга тушди. Аслида, 2000 йилга келиб Эквадор миллий бюджетининг 50 фоизини қарзини тўлашга сарфлаган. Жаҳон банки моҳиятан АҚШ манфаатларини қўллаб-қувватлайдиган Америка банки эканлигини тушуниш муҳим, АҚШ ўз қарорларига вето қўйиш ҳуқуқига эга, чунки у энг йирик капитал таъминловчи ҳисобланади», дейди Перкинс.

Миллий аксилтеррор маркази маълумотларига эътибор берсак, Америкада бир йил давомида ерёнғоққа нисбатан аллергиядан ўлганлар сони террор ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганларга қараганда икки баравар кўпдир. Бундан ташқари, энг кўп – 450 мингга яқин америкаликлар юрак касалликлари туфайли вафот этади. Бироқ АҚШ терроризмга қарши кураш учун ушбу касалликлар тадқиқотига қараганда бир неча ўн баробар кўпроқ пул ажратади.

«Бугунги дунёмизнинг ҳақиқий террорчилари бизга кўрсатилаётганидек – зўравонлик қилишидан олдин қоронғуликда «Аллоҳу Акбар», деб бақираётганлар эмас. 5 долларлик костюмни кийиб олиб, молия, ҳукумат ва бизнеснинг энг юқори поғоналарида ишлайдиган, кўплаб содда одамларни чув тушириб, уларнинг бор-будини шилаётганлардир», дейди Перкинс. 

Фактларга эътибор қаратсак, 1980-йилларга қадар Афғонистон жаҳондаги афюннинг ноль фоизини ишлаб чиқарган. АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган урушда мужоҳидлар советларни мағлуб этишгач, 1986 йилга келиб, бу ерда жаҳондаги афюнннинг 40 фоизи ишлаб чиқарилган. 1988 йилда эса дунёдаги гиёҳвандлик моддасининг 80 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келган. Бироқ кутилмаган ҳолат юз берди. 2000 йилда «Толибон» ҳокимиятга келиши билан кўкнори экилган майдонларнинг аксарияти бузилди. Бундай маҳсулотларни етиштириш 94 фоизга камайди.

«Афғонистонга бостириб кириш режаси 2001 йил 9 сентябрдаёқ АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Жорж Бушнинг столида турганди. Режа бўйича икки кундан кейин ҳаракатни бошлаш учун баҳона амалга оширилди. АҚШ Афғонистонга кириб борганидан сўнг у ерда дунёдаги героиннинг 90 фоиздан ортиғи ишлаб чиқарилди ва деярли ҳар йили янги рекордлар ўрнатилди», деб ёзади китоб муаллифи. 

АҚШ бестселлерлари рўйхатидан жой олган ушбу асарида Перкинс чуқур қарзга ботган ҳукуматларнинг қўғирчоққа айланишига эътибор қаратади. Унинг фикрича, тарихда илк бор Америка империяси асосан ҳарбий йўл билан эмас, балки «қотил иқтисодчи»лар томонидан барпо этилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.