22.11.2024 12:25
Нетаньяху ва Галантни ҳибсга олиш тўғрисидаги ҳукм нимани ўзгартиради?
Халқаро жиноий суд (ХЖС) Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва 5 ноябр куни истеъфога чиқарилган мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақдаги ҳукм бош прокурор Карим Хон сўровидан олти ой ўтиб чиқарилди.
Суд ўзининг 22 йиллик тарихида биринчи марта Ғарбга иттифоқдош мамлакатнинг юқори лавозимли амалдорларига нисбатан қамоққа олиш ордерини бермоқда.
Шунингдек, ХЖС ҲАМАС раҳбари Муҳаммад Дейфни ҳам 2023 йил 7 октябрь воқеаларида айбдор деб топди.
Исроил бош вазири ва собиқ мудофаа вазирининг фаластинликларга қарши жиноятда айбдор деб топилиб, ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарилиши бугунги куннинг эътиборга молик воқеаларидан биридир. Зотан бутун дунёда, ҳатто Ўзбекистонда ҳам кўпгина либерал тафаккурли одамлар онгида Исроилга нисбатан ижобий ва ён босувчи қараш ҳукмрон эди...
Хуллас бу ҳукм орқали судьялар жамоатчиликка халқаро ҳуқуқий тизим ҳали тириклиги, Исроил инсонпарварлик қонунларидан устун эмаслиги, АҚШ империясининг зўравонлик кучи қаршиликсиз қолмаслиги ва ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат ғалаба қозонишига умид берди.
Нетаньяху ва Галант қандай жиноятларда айбланмоқда?
Судьялар Нетаньяху, Галант ва Дейфнинг Исроил-Фаластин томонидан қабул қилинган 1949-йилги Женева конвенцияларида белгиланган халқаро гуманитар ҳуқуқни бузишда айблашмоқда.
Суд Нетаньяху ва Галантни уруш давомида Ғазо секторига озиқ-овқат ва гуманитар ёрдам етказиб беришни тизимли равишда чеклаб, «очликдан қурол сифатида фойдалангани»ни маълум қилди.
ХЖС, шунингдек, иккала раҳбарни «инсониятга қарши жиноятлар – қотиллик, таъқиб ва бошқа ғайриинсоний ҳаракатлар»да айблади ҳамда Исроилнинг Ғазодаги шифохоналарни қасддан нишонга олгани ва секторда тиббий таъминотнинг киритилишига рухсат бермаганига ишора қилди.
Исроил маҳсулотларини бойкот қилиш халқаро ҳаракатга айланиши мумкин
Мутахассислар бу ҳаракатни Исроилнинг қамал қилинган Фаластин ҳудудларидаги қирғинларини тўхтатиш ҳақидаги талаблар кучайган бир пайтда, муҳим воқеа сифатида баҳолашди.
Лондон Қиролича Мэри университетининг инсон ҳуқуқлари қонуншунослиги профессори Нив Гордон Исроил раҳбарларига қарши чиқарилган қамоққа олиш ордерларини тарихий бурилиш нуқтаси деб таърифлади. Профессор ҳукмнинг амалий оқибатлари ҳақида тўхталиб, энди сионист етакчилари учун мамлакатдан ташқарига чиқиш қийинлашишини айтиб ўтди.
Шу билан бирга, савдо ва хавфсизлик саммитлари каби халқаро тадбирларни ўтказаётган мамлакатларнинг энди Исроил маҳсулотларини бойкот қилишдан бошқа чораси йўқ.
«Босқинчи Исроилнинг шериклари ҳам уруш жиноятчиси ҳисобланадиган Исроилга қурол ва бомбалар сотишни тўхтатишлари керак», дейди у.
Профессор Гордон Исроил раҳбарларига нисбатан қамоққа олиш буйруғи чиқариш жараёни шу билан якунланмаслигини тахмин қиляпти.
«Вақт ўтиши билан бошқа сионист амалдорларининг ҳам адолат қаршисида туришига тўғри келиши мумкин», дея қўшимча қилди профессор.
Суд Нетаняху ва Галантнинг айбларига оид асосли далиллар топилганини маълум қилиб, уларнинг ҳар бири бошқа шахслар билан биргаликда бегуноҳ фаластинликларга нисбатан содир этган жиноятлари учун ҳам жавоб бериши кераклигини таъкидлаган.
Маълумки, Исроилнинг ҳужуми оқибатида ҳудуднинг деярли бутун аҳолиси кўчишга мажбур қилинди. Айни пайтда ҳам давом этаётган ва атайлаб амалга оширилаётган қамал туфайли озиқ-овқат, тоза сув ва дори-дармонларнинг жиддий танқислиги юзага келди.
Римнинг суд ташкил этиш тўғрисидаги шартномаси – Рим статутини ратификация қилган барча 124 давлат энди қидирувдаги шахсларни ҳибсга олиш ва уларни Ҳаагадаги ХЖСга топшириш мажбуриятига эга. Суд жараёни айбланувчининг иштирокисиз бошланиши мумкин эмас.
Бироқ суднинг ижро ваколатлари мавжуд эмас. У гумонланувчиларни ҳибсга олиш ва топширишда аъзо давлатларнинг ҳамкорлигига таянади. Шунга қарамай, Франция ва Нидерландия ҳукмни ижро этишга тайёрлигини билдирди.
Канада Бош вазири Жастин Трюдо ҳам журналистларга Исроил бош вазири ва собиқ мудофаа вазири мабодо Канадага сафар қилса улар “Халқаро жиноий суд қарорларига риоя қилишларини” айтган.
Халқаро судда фаластинлик жабрланувчилар ҳимоячиси, адвокат Триестино Мариниелло ордерларни тарихий қарор, деб таърифлади. У ХЖСнинг АҚШ ҳукумати томонидан «босим ва санкциялар таҳдиди»га дуч келганини, аммо шунга қарамай адолат тарафдори бўлганини эътироф этган.
«Бу фаластинлик жабрланувчилар тақдири учун муҳим қадам. Бу кун айбдорларнинг куч-қудратидан қатъи назар, ҳақиқат ҳамиша юзага чиқишини эслатиб туради», деган у.
Муносабатлар
Фаластин Исломий қаршилик ҳаракати ҲАМАС ХЖСни «барча жиноятчи сионист раҳбарлари учун жавобгарлик доирасини кенгайтириш»га чақирди.
Кутилганидек, Исроил расмий доиралари ХЖСни қаттиқ танқид қилиб, Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи борлигини таъкидлашган ва бу ҳаракатни «антисемитизм» деб аташди.
Мухолифат раҳбари Яир Лапид Х ижтимоий тармоғидаги хабарида суд қарорини қоралаб, Исроилнинг Ғазога қарши урушини «террорчи ташкилотларга қарши ҳаёт-мамот кураши» сифатида тавсифлаган.
Собиқ мудофаа вазири Авигдор Либерман ҳам бу қарорга қарши чиқиб, Х’да бу халқаро ҳамжамиятнинг «иккиюзламачилиги» белгиси эканини ёзган.
АҚШ президенти Жо Байден ҳам Халқаро жиноий суднинг Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш учун ордер берганини қоралади.
«Халқаро жиноий судининг Исроил раҳбарларига нисбатан ҳибсга олиш учун ордер бергани ғоят ғайритабиийдир. Яна бир бор айтаман: ХЖС нима демасин, Исроил ва ҲАМАС ўртасида тенглик йўқ. Биз таҳдидларга қарши доимо Исроил билан бирга бўламиз», дейилади Оқ уй матбуот хизмати томонидан эълон қилинган ҳужжатда.
АҚШ сенатори Том Коттон ҳам Нидерландиянинг сионист раҳбарларини ҳибсга олишга тайёрлигидан ғазабланиб, зарурат туғилса мамлакатга бостириб кириш билан таҳдид қилган.
Буюк Британия эса Нетаньяху қироллик ҳудудига кирган тақдирда унга қандай чора кўришни очиқлашдан бош тортган.
Хўш, нимадир ўзгарадими?
Хулоса шуки, айбланувчилар қамоққа олинган тақдирда, суд жараёни ўтказилади. Аммо бу воқеа содир бўлмагунича суд бўлмайди, чунки ХЖС жиноятчиларга нисбатан«сиртдан» (айбланувчининг иштирокисиз) иш кўриш ваколатига эга эмас.
Бундан буён Нетаньяху ва Галант бошқа мамлакатга сафар қилишда бироз эҳтиёткор бўлиши мумкин. Сабаби, ХЖСнинг Рим статутини имзолаган 124 та давлатнинг барчаси, агар бу икки жиноятчи ўша мамлакатларга сафар қилсалар, қонун бўйича уларни ҳибсга олишга мажбур бўлишади.
Бироқ бу тартиб Қўшма Штатларда қўлланилмайди. Вашингтон ва Тель-Авив суд аъзолари бўлмаганлиги сабабли, улар ХЖС мажбуриятларига бўйсунмайди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, ХЖСнинг қарори Ғарб мамлакатлари, айниқса Исроилга қурол-яроғ етказиб берувчи Германия ва Буюк Британия каби давлатлар учун кенг қамровли оқибатларга олиб келиши аниқ. Токи Исроил раҳбарлари инсониятга қарши жиноятларда айбланаётган экан, бу Европа мамлакатларининг қурол-аслаҳалари ушбу жиноятларни амалга ошириш учун ишлатилаётганини англатади. Ғарб давлатлари энди ўзларининг савдо битимларини қайта кўриб чиқишларига тўғри келади.
Сиёсий жиҳатдан, бу ҳаракат суд жараёнларининг кескин авж олишини англатади ва эҳтимол, Исроилни янада яккалантириб қўяди. Қолаверса можарони тугатиш учун ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни ҳам мураккаблаштириши мумкин. Ушбу кун Исроилнинг жазосизлик деворидаги яна бир муҳим ёриқ пайдо бўлган лаҳза ўлароқ тарихга киради.