14.08.2025 07:20
34

Музокаралар ва “илтижолар” Ғазодаги очарчиликни тўхтата олмайди

2025 йил 17 июль куни босқинчи исроил армияси Ғазодаги ягона католик черковини бомбардимон қилди. Уч киши ҳалок бўлди, камида ўн нафар одам жароҳат олди. Жароҳатланганлар орасида Папа Франциск билан деярли ҳар куни мулоқотда бўлган руҳоний Габриэль Романелли ҳам бўлган.

Ҳужум халқаро ҳамжамиятда норозилик келтириб чиқарганди. Италия бош вазири Жоржия Мелони бу ҳодисани “қабул қилиб бўлмайди” дея баҳолаган. Янги Папа Лео эса “чуқур қайғу”ли баёнот билан чекланган бўлса-да, кўплар уни “ноаниқ” ва “сиёсий жиҳатдан заиф” баёнот деб атаганди. Исроил эса одатдагидек ҳодисадан “афсусдалигини” билдириб қўя қолганди. Ўшанда Қуддус Лотин Патриархати черковининг рухсати билан оз миқдорда озиқ-овқат ва дори-дармон етказилди. Бу инсонпарварлик ёрдамларини ғазоликлар миннатдорлик билан қабул қилишганди.

Аммо савол туғилади: нега халқаро ҳуқуқларда кафолатланган асосий инсоний эҳтиёжлар – озиқ-овқат, сув, тиббий ёрдам кабилар учун музокаралар олиб боришга мажбурмиз?

1949 йилдаги Тўртинчи Женева Конвенцияси ва 1907 йилдаги Гаага Регламентларида очиқ айтилган: босқинчи давлатлар ўз назоратидаги аҳолига озиқ-овқат, сув ва тиббий хизматни таъминлашга мажбур! Буни тўсиш ёки кечиктириш эса нафaқат ғайриинсоний, балки уруш жинояти сифатида баҳоланади. Бундан ташқари, маҳаллий аҳолини мажбуран кўчириш ёки ўз фуқароларини ишғол қилинган ҳудудларга жойлаштириш ҳам халқаро ҳуқуққа зиддир. Босқинчи исроил эса бу нормаларни мунтазам равишда бузмоқда.

Бироқ шу сабаб жазоланиш ўрнига, сионистлар озиқ-овқат киришига рухсат бериши эвазига халқаро ҳамжамиятдан имтиёзлар олди. Яқинда Европа Иттифоқи (ЕИ) исроилга қарши 10 та санкцияни музокаралар (озиқ-овқат кириши) эвазига бекор қилган. Amnesty International бу қарорни “ўз принципларига очиқ хиёнат” деб атади. Энг ачинарлиси, ҳатто ўша “битим” ҳам бажарилмаяпти.

ОАВ хабарларига кўра, Исроил Ғазога кунига 500 та эмас, атиги 80 та ёрдам юк машинасини киритмоқда. Ёрдам конвойлари доим қуролланган тўдалар ҳужумига учраяпти, исроил армияси эса уларни ҳимоя қилаётганларга қарата ўт очмоқда.

БМТ эса ҳануз очарчиликни расман эълон қилишдан “уял”моқда, аммо Ғазода болалар ҳар куни очликдан жон бермоқда.

Исроилнинг ўзи тузган Ғазо Гуманитар Фонди (GHF) ёрдам тарқатишни БМТдан тортиб олиб, уни сиёсий назорат қуролига айлантирди. Май ойидан бери GHF бошқарувидаги тақсимот пунктларида 900 га яқин одам Исроил аскарлари томонидан ўлдирилган.

ЕИ ва бошқа давлатлар агар умумий санкциялар жорий қила олмаган тақдирда, ҳеч бўлмаса қурол етказиб беришни тўхтатиши, ноқонуний посёлкалар билан савдони тақиқлаши ва ишғолни қўллаб-қувватлаётган институтлар билан ҳамкорликни якунлаши керак. Булар сиёсий танлов эмас – халқаро ҳуқуқда белгиланган мажбуриятлардир!

исроилга мурожаат қилиш, “ялиниб-ёлвориш” самарасизлиги аниқ. Қачонки уруш жиноятлари вақтинчалик енгиллик эвазига эътибордан четда қолса, очарчилик уруш қуролига айланади, тинч аҳолининг ҳаёти эса сиёсий қуролга айланади.

Халқаро ҳамжамият, черков институтлари ва дунё етакчилари – инсонпарварлик ёрдамини давом эттириши керак. Аммо бу адолатнинг ўрнини боса олмайди. исроил ўзининг юридик ва маънавий вазифаларини бажаришга мажбур қилиниши шарт!

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.