Мушоҳада: Путиннинг “тил фронти” Ўзбекистонга кўчдими?
Халқимиз азалдан меҳмонни хуштавозелик ва очиқ кўнгиллик билан кутиб олган. "Меҳмон – отангдек улуғ", "Меҳмон олдида ҳатто мушугингни пишт дема" ва бошқа мақоллар ўзбекдан бошқасида учрамаса керак, яна билмадим. Аммо шуниси маълумки, меҳмон бўлишнинг ҳам ўзига яраша одоби бор. Жумладан, меҳмон мезбон кўрсатган ўринга ўтириши, уни ортиқча шартлар билан қийнаб қўймаслиги керак.
Куни кеча Самарқандга келган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг бу маданиятдан бехабарлиги ёки ўзбекча одатларни назарга илмагани кўпчиликни ранжитди. Россиялик меҳмон ўзини "отасининг уйидагидек" ҳис қилган чоғи у “Мотамсаро она” монументи пойида рус тилидаги ёзув йўқлигидан норози бўлган.
Аслида Лавровнинг “беодоб”лиги 22 апрель куни Самарқанд халқаро аэропортидаги кутиб олиш маросимидаёқ сезилган эди. Россия ТИВ раҳбари ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидовнинг қучоқ очишига жавобан Саидовнинг қучоқ очишига жавобан унинг елкасига қўлини қўйиш билан кифояланди. Бу билан у гўёки дипломатик мулозаматларни йиғиштириб, “нарироқ тур” дегандек реакция кўрсатди. Бу ҳам етмагандек, Лавров “қаршимда мавқедошим эмас, балки “братишкам” турибди”, деб ўйлади шекилли Саидовнинг елкасига қоқиб қўйишни ҳам унутмади. Бошқа кутиб олганлар билан эса сўрашишни ҳам истамади.
Россия Ташқи ишлар вазири билан учрашиш учун президент Шавкат Мирзиёев ҳам Самарқандга етиб борди.
Аммо икки вазирнинг Самарқанддаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими барчасини кутилмаган томонга буриб юборди.
Монументдаги инглизча ёзувдан энсаси қотган Лавров: “Инглизлар сизларга қаердан келиб қолди?” деб савол берган.
Лавровга таржимонлик қилган шахс эса эътирозга жавобан, Самарқанд туризм шаҳри шаҳри эканини ва барча тилларда ёзувлар бўлиши табиийлигини айтган.
“Аммо рус тилидаги ёзувни кўрмаяпман” дея жиғибийрон бўлган Россия Ташқи ишлар вазири. Бахтиёр Саидов эса бу суҳбатга аралашмаган.
Ўзбек жамоатчилиги қандай фикрда?
"Ҳар бир мамлакат ўзининг ҳудудидаги тарихий обида ёки ҳайкали атрофида қайси тилда ёзишини фақат ўзи ҳал қилади. Четдан келиб, бошқа давлатнинг ташқи ишлар вазири бизни танқид қилиши нотўғри. Зеро, биз уларнинг колонияси эмасмиз!" деб ёзди бу ҳақда ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа.
"Дейлик, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Россияга борса ва у ердаги Иккинчи жаҳон урушига бағишланган ёдгорликларда нега ўзбекча ёзувлар йўқлиги ҳақида савол берса, қандай жавоб оларди? Бундай савол беришга ҳадди сиғармиди ўзи? Унда нега Лавровнинг ҳадди сиғяпти?" деб ёзди таълим бўйича эксперт, жамоатчилик фаоли Комил Жалилов
Ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев эса "Россия мулозимининг гапларини дипломатик безбетлик", деб қабул қилганини маълум қилди.
"Ҳеч бўлмаса, таклиф сифатида "рус тилида ҳам матн бўлса, хурсанд бўлардик“ деса ҳам майли экан. Худди "юқоридан“ текширувчи келганидек, "қани русчаси?“ дея сўроққа тутишига ўлайми», дейилади унинг изоҳида.
Рус пропагандачиларининг даъволарига жавоб қайтариб туриши билан танилган "Миллий тикланиш" партияси етакчиси Алишер Қодиров фикрича, "рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўрмоқда".
"Нега Ўзбекистонда ёшлар ҳеч ким эслатиб турмаса ҳам, инглиз, немис, турк ва араб тилларини ўрганишга ҳаракат қилади? Сўраб олинган ҳурмат ва ёлғон яратилган эҳтиёждан фақат тескари натижа бўлишини вазир Лавров билмаслиги мумкин эмас", деган Қодиров.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Лавровнинг "Мотамсаро она" монументи пойидаги норозилиги юзасидан бирон расмий изоҳ бергани йўқ.
Рус тили можароси: кеча ва бугун
Лавров Ўзбекистондаги рус тилининг аҳволидан норози бўлаётган биринчи рус мулозими эмас. Бундан аввал Тошкентдаги мактабда рус тили дарсида ўқувчига нисбатан зўравонлик содир этилгани Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг норозилигига сабаб бўлганди.
Ўтган йил сентябрида юз берган ҳодиса ортидан Захарова Ўзбекистонга рус тилининг кўп асрлик ижобий таъсири”ни писанда қилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги одатдагидек ушбу можарога очиқ муносабат билдирмаган.
Алишер Қодиров эса Захарованинг баёнотини Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш, дея баҳолаганди.
2023 йил сентябрида Россия Ташқи ишлар вазирлиги ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзларига эътироз билдирган.
Москва ректорнинг ўзбек тилини билмайдиганлар "босқинчи ёки аҳмоқ"лиги ҳақидаги сўзларини ҳазм қилолмаган ва буни "ўта ҳақоратли ва мутлақо қабул қилиб бўлмас" дея баҳолаганди.
Расмий Тошкент эса фақат бир марта: россиялик пропагандачи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги баёнотига нисбатан очиқ позициясини ифодалаган эди.
Ўшанда Россиянинг Тошкентдаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилганди.
Энди нима бўлади?
Лавровнинг эътирозидан сўнг жамоатчилик фаоллари "валломатларимиз Ўзбекистондаги барча обидаларга русча ёзув қўшиб чиқмаса бўлди", дейишаётгани ҳам бор гап. Катта эҳтимол билан ушбу мавзу бироз совигач, улар кутган ҳодисалар ҳам рўй бериши мумкин.
Узоққа бормайлик, яқиндагина Аctivist лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров “Bon!” қаҳвахонасида ўнга рус тилида гапирилиб, хизмат кўрсатилганини танқид қилиб чиққанди.
Кўп ўтмай Адлия вазирлиги ҳам қарши томонни ҳимоя қилди. "Ходимлар ва мижозлар ўртасидаги мулоқотнинг ўзи, шунингдек, таомномани расмийлаштириш фақат давлат тилида бўлиши талаб этилмайди. Бунда муассаса эгалари ташриф буюрувчиларга қулай бўлган ҳар қандай тилдан фойдаланишлари мумкин", дейилади вазирликнинг бу ҳақдаги изоҳида.
Жамоатчилик эса бошқача фикрда бўлди. Масалан, ҳуқуқшунос Дилшод Ҳошимов истеъмолчи сифатида ҳар бир мижоз хизмат кўрсатувчиларнинг ўзбек тилида гапиришини талаб қилишга ҳаққи борлигини билдирди.
Искандар