06.10.2025 08:05
73

Мулоҳаза: ҲАМАС қуролини топширса, Андалусия фожиаси такрорланадими?

Вашингтон ва Тель-Авивнинг тилидан тушмайдиган жумла: ҲАМАС қуролларини топшириши, ўзини тарқатиб юбориши ва Ғазодан “одоб” билан чиқиб кетиши керак. Ушбу талаб тинчликнинг ягона шарти, хавфсизликнинг темир қонуни сифатида кўрсатилади. Лекин шу пайтгача бирор ваъдасига вафо қилмаган душманларни яхши биладиган инсон бу гапларга шунчаки кулиб қўя қолади.

Аслида эса бу талаб ҲАМАС мафкураси моҳиятини умуман англамаганликдан далолат беради. Замонавий тарихда бирорта ҳам қуролли ҳаракат фақат қуруқ ваъдалар эвазига қуролини топширмаган. Бугун Исроил охирги ўн йилликларда энг катта хавфсизлик инқирозига тушиб қолди. Шу вақтгача ҲАМАС қуролни топширишга асло рози бўлмади. Улар Фаластин келажаги, суверенитети ва хавфсизлиги кафолатланмасдан туриб, асосий кучидан воз кечишни истамади.

Агар кучсиз томон қудратли душманининг ваъдасига ишониб таслим бўлса, унинг бошига ҳам 1492-йилда Андалусия пойтахти Гранаданинг куни тушиши мумкин. Ўша вақтда мусулмонларнинг охирги қалъаси католик қироллари Фердинанд ва Изабеллага таслим бўлди. 80 саҳифалик ваъдалардан иборат шартнома ҳужжатида мусулмонларнинг ҳаёти, мол-мулки, юриш-туриши ва энг муҳими, эътиқод эркинлиги кафолатланган эди. Аммо орадан икки йил ўтмай, бу ҳужжат оддий, қадрсиз қоғозга айланди. Папанинг фатво чиқариб, қиролга ваъдасини бузиш рухсатини берди. Мажбурлаб динидан чиқаришлар, инквизиция ва сургунлар бошланди. Андалусия мусулмонлари ўз юртида бутунлай маҳв этилди. Бу воқеа келажак авлодга шартсиз таслим бўлиш оқибатларини эслатиб туради. Кучлар номутаносиб бўлганда, ваъда кучли томон учун вақтинчалик тўсиқдан бошқа нарса эмас. ҲАМАС учун қуролсизланиш - бу тинчлик эмас, балки замонавий Андалусияга айланишдир.

Ветконг эса (яъни Жанубий Ветнамда 1950–1970-йилларда фаолият юритган коммунистик партизанлар ҳаракати) бундан бошқача сабоқ чиқарди. Уларга Париждаги тинчлик музокараларида сиёсий тан олиниши эвазига қуролни топшириш таклиф қилинди. Улар эса рад этишди ва партизанлик урушини янада кучайтирдилар. Айнан шу қатъият Америка қўшинларининг жанг майдонида мағлуб бўлишига олиб келди. Ветконг яхши тушунган эди: нотекис урушда қурол топширилмайди, у - омон қолишнинг асосидир. Улар қуроллари ёрдамида душманни ҳолдан тойдирди, ўзлари билан ҳисоблашишга мажбур қилди ва босқинни давом эттиришни чидаб бўлмас даражага олиб келди. 

Қуролсизланиш Синн Фейн яъни Ирландия республикачилар армиясининг сиёсий қаноти ҳукуматда кафолатли ва муҳим ўрин эгаллаганидан кейин юз берди. Маҳбуслар озод қилинди, сиёсий кучлари тизимлаштирилди. Ирландия республикачилар армияси қуролини тинчлик шарти сифатида эмас, балки сиёсий ғалабанинг натижаси сифатида топширди. Ҳатто шунда ҳам бу қадам нисбатан кучли позициядан эмас, балки тотал заифликдан ташланди.


ҲАМАСнинг ҳам тутуми шунга яқин: озодлик ҳаракатининг ҳарбий қаноти - унинг асосий куч манбаи.

ҲАМАС учун танлов аниқ ва тарихий асосга эга. Суверенитет ва кучли бўлган учинчи томоннинг “темир” кафолатларисиз қуролсизланиш тинчлик ишораси эмас, балки ўзини-ўзи йўқ қилиш бўлади. Исроилликлар ва америкаликлар ҳануз ҲАМАСни “оддий бир тўда араблар” деб ўйлашмоқда. Гўё уларни бўш ваъдалар билан алдаса бўладигандек. Аммо ҲАМАС раҳбарлари тарихни яхши билишади. Улар Андалусия воқеасини унутишмаган. Ветконгдан ўрнак олган. Ирландия республикачилар армияси қуролни фақат сиёсий ютуқни қўлга киритгачгина топширганини унутмаган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.