10.09.2025 11:27
82
Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонга тақиқланган материаллар олиб кирмаган – тармоқ фойдаланувчиси
Мубашшир домланинг 8 сентябрдаги судида қатнашдим. Маҳкамага мулоҳаза билдиришдан олдин бир латифа айтиб олай.
Амриқоликлар советлар билан баҳслашиб қолишибди:
– Бизда демократия бор, – дебди амриқоликлар, – Оқ уйнинг олдига келиб хоҳлаган одам президент Жимми Картерни сўкиши мумкин.
– Бизда ҳам демократия бор, – дебди советлар. – Бизда ҳам Кремл майдонида туриб хоҳлаган одам Картерни хоҳлаганича сўкиши мумкин.
Бу Брежнев замонидаги эски латифа эди. Янги Ўзбекистонда эса буткул бошқача.
Янги Ўзбекистон ҳам демократик мамлакат. АҚШчалик бўлмаса ҳам, кўпгина қонунлари демократик тамойиллардан келиб чиқиб қабул қилиняпти. Лекин, қизиғи, Оқ уй олдида Трампни хоҳлаганча сўкиш мумкин, аммо бизнинг Мустақиллик майдонида эмас. Ким сўкса, маҳкамага тортилиши эҳтимоли жуда катта. Чунки ақшликлар билан ўзбеклар ўртасида “миллий, ирқий”, яна бирбало адоватлар туғилиши мумкин... Бундан чиқди, бизда ҳозир советлардагичалик ҳам демократия йўқми?
Кечаги Мубашшир домланинг судидан кейин бошимдан кўп ўйлар ўтди. Орасида яхшилари ҳам, хавотирлилари ҳам, айтиб бўлмайдиганлари ҳам бор.
Домла Исроилни ҳақоратлаганликда айбланмоқда, 156-модда билан “Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш” айби қўйилмоқда. Далиллардан биттаси “лаънати Исроил” деган гапи экан.
Нима бўпти, Исроил ҳукуматини – сионларни бугун бутун олам сўкяпти. Ҳатто сўкаётганлар орасида жуҳудлар бор. Исроилнинг ўзида туриб ҳам сўкишяпти. Раввинлари Исроил ҳукуматини “шайтон ҳукумат” деб фатволар чиқарган... Жаҳон халқлари Исроилни ёмонлаб турганда, гўдаклару аёлларни қирғин қилаётганларни ўзбеклар олқишлаши керакми? Биз бунчалар виждонсиз эмасмиз. Орага дин, иймон масаласини қўшмаганда ҳам, инсонийликнинг ҳеч бир қолипига сиғмайди-ку бу иш!
Қолаверса, бугун “Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват”ни ким қўзғаяпти? Исроилнинг ўзи ҳаммаёқни адоватга тўлдириб бўлди-ку! Маҳкамага тортиш керак бўлса, Исроилнинг ўзини тортиш керак, унга қарши гапирганларни эмас.
Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган абсурд айблардан яна бири “диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш”. Домла юртимизга бирорта моддий материал олиб кирмаган, ҳаммаси виртуал шаклда жаҳон интернет тармоғида узатилган. Интернет замонида яшаяпмиз, бутун дунё битта қозонда қайнаяпти, Ер юзи глобал майдонга айланиб бўлди, шунинг учун интернет тармоғида ҳудудий яхлитлик деган нарса маъносини буткул йўқотди. Жаҳонга тарқалган материал, табиий, Ўзбекистонга ҳам етади. Кирмасин десак, интернетни узиш керак. Иложи борми?
Қолаверса, диний материалларнинг бирортасида давлатимиз, президентимиз, халқимиз шаънини булғайдиган бирорта гап айтилмаган. Неки айтилган бўлса, шу юрт ривожи, халқининг маънан юксалиши учун айтилган. “Бунақаларнинг олди олинмаса, бошқалар ҳам фалон нарсалар қилиши мумкин”, деган эҳтимол билан йўқ жойдаги хавфларни олиб келиб ишни малакалаш инсофдан эмас. Эҳтимол ҳар нарсада бор. Чўнтакда гугурт топилса, бу одам ёнғин чиқармоқчи, дейилмайди, балки у ўчоққа ўт ёқмоқчидир.
Мубашшир домлага қўйилаётган айбловлар ҳам шубҳа ва эҳтимоллардан иборат. Шубҳа билан эса жиноят содир этганликда айблаш мумкин эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Конституциясида ёзиб қўйилган. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Қозининг адашиб ҳукм қилганидан кўра, адашиб афв этгани афзалдир”, деганлар (имом Термизий ривояти).
Аллоҳдан барчамизга, Мубашшир домлага, хусусан, ҳурматли судяга ҳақда собитқадам бўлишни сўрайман.
Абдуғафур Искандар
Абдуғафур Искандар