05.06.2025 14:05
101

Мубашшир Аҳмад иши турк ҳуқуқшунослари нигоҳида

Ўзбекистоннинг таниқли олимларидан бири Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад) 2025 йилнинг 7 май куни ҳибсга олинган. Гарчи полиция томонидан қўйиб юборилган бўлсада, у ноқонуний равишда Репатриация марказига қайтарилган. Ўша кундан бери ундан ҳеч қандай хабар олинолмаган ва расмийларнинг зиддиятли баёнотлари Турсуновнинг Ўзбекистонга жўнатилгани борасида жиддий хавотирларга сабаб бўлган. Афсуски, бу хавотирлар ҳақиқат бўлиб чиқди; Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 2025 йил 10 май, шанба куни Турсунов “диний материалларни тарқатиш” ва “жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш”да айбланиб, мамлакатга олиб келингани ва ҳибсга олинганини маълум қилди.

Алишер домла 2023 йил 28 декабрь куни Ўзбекистондан келган жиноят айбловига биноан уйидан олиб кетилган эди. Жиноий жавобгарликка тортмаслик қарори берилганига қарамай, Истанбул вилоят Иммиграция бошқармаси ушбу даъвога асосланиб, депортация ва маъмурий қамоққа олиш қарорини чиқарди. 2023 йил 31 декабрда ушбу амалиётга қарши даъво қўзғатилди ва тахминан икки ой давомида ГГМда ушлаб турилганидан сўнг, Истанбул 2- жиноий ишлар бўйича осойишталик судининг қарори билан озод қилинган эди.

Иммиграция бошқармаси Турсуновга нисбатан “жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солганлик”ни сабаб қилиб кўрсатган ҳолда депортация қилиш қарори қабул қилинганини айтди. Бироқ, бу иддао на Туркия Жумҳурияти ваколатли муассасалари ва на халқаро ҳамжамият назарида ҳеч қандай қонуний ва аниқ асосга эга эмас. Турсуновдан Туркияда, Ўзбекистонда ёки бошқа бир давлатда жамоат тартибини бузадиган ҳеч қандай ҳаракати йўқ ва у ҳеч қанақасига жиноий жавобгарликка тортилмаган. Маълумки, жараён Ўзбекистон расмийлари томонидан берилган, суд назоратидан ўтмаган разведка маълумотлари асосида бошлатилган.

Шу билан бирга, мафкуравий жиноят, сиёсий жиноят ёки бунга ўхшаш жиноятлар билан боғлиқ ҳаракатлар бўйича экстрадиция қилиш 6706-сонли "Жиноят ишлари бўйича халқаро суд ҳамкорлиги тўғрисидаги қонун"нинг 11-моддасига кўра қатъиян ман этилади. Шунингдек, Женева конвенциясининг 33-моддаси ва Чет элликлар ва халқаро ҳимоя тўғрисидаги 6458-сонли қонуннинг 4-моддасига кўра, хавф туғдирувчи мамлакатларга қайтариб юбориш ёки депортация қилиш қонунан мумкин эмас.

Турсуновнинг иши бу ҳолатнинг депортациядан кўра кўпроқ ноқонуний экстрадициядан иборат эканини кўрсатади. Иммиграция маъмурияти ва хавфсизлик бюрократияси жиноят ишлари бўйича олий суд қарори билан амалга оширилиши керак бўлган экстрадиция жараёнини четлаб ўтиб, «депортация» номи остида ҳақиқий экстрадиция жараёнини амалга оширди. Ваҳоланки, экстрадиция қилиш учун суд қарори талаб қилинади ва бу қарор Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликларининг хулосаси, Адлия вазирининг таклифи ва Президентнинг тасдиғи билан кучга кириши мумкин. Бундан фарқли ўлароқ, депортация амалиёти фақат маъмурий қарор билан амалга оширилиши мумкин бўлган ва шунинг учун ҳам амалга ошириш анча осон усулдир. Бироқ, маъмурий тартиб-қоидалар орқали амалга оширилган бундай экстрадициялар қонунга зиддир.

Қолаверса, Истанбул 15-маъмурий суди 2025 йил 27 февралда (2023/146 Э., 2025/1045 К.) Турсуновга нисбатан чиқарилган депортация қарорини бекор қилиш ҳақида қарор чиқарган. Шунга қарамай, Миграция бошқармаси бошқа бир санада чиқарилган (эътирозни) рад этиш қарорига асосланиб депортация жараёнини амалга оширганини баён қилган. Суд томонидан бекор қилинган қарорнинг ўрнига бошқа бир рад қарорига таянган ҳолда ҳаракат қилиш мумкин эмас. Қолаверса, мазкур рад қарорини кўриш имкони бўлмаган бўлсада, у 2023 йилдаги бекор қилиш қарори ортидан 2024 йилда эътироз даъвоси очилганлиги ва бу даъво ҳали давом этаётгани сабабли эътиборга молик бўлмаган бир қарор экани аён бўлган.

Миграция бошқармасининг яна бошқа бир қўл урган иши – судлар томонидан бекор қилинган депортация қарорларидан кейин шахсга яна «таҳдид» коди қўшиш ва янги депортация қарорини чиқариш бўлган. Шу тариқа хоҳланган натижани берадиган суд қарори олинмагунча жараён давом эттирилмоқда ва Туркиядан бошпана истаган шахслар амалда яшай олмайдиган ҳолатга келтирилмоқда. Депортация қарори бекор қилинган, кодлари олиб ташланган ва озод қилинган қочқинлар яшаш учун рухсатнома олишлари керак бўлган ҳолда, идора бу рухсатни бермаяпти. Шахсларни қайта “ноқонуний муҳожир” статусига ўтказиб, Репатриация Марказларига қамамоқда. Миграция бошқармаси ҳаттоки Конституциявий суд томонидан чиқарилган ҳуқуқбузарлик қарорларини ҳам эътиборга олмаяпти.

Кая Картал – “Инсон ҳуқуқлари ва мазлумлар учун бирдамлик” уюшмаси (MAZLUMDER) раҳбари, ҳуқуқшунос.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.