18.01.2025 18:00

Махфий террор ташкилотлари – «Иргун» ва «Лехи»

2023 йилнинг октябрида ҲАМАС томонидан уюштирилган ҳужум Исроил махфий хизматларининг обрўсини қанчалик туширган бўлмасин, сионистлар мунтазам қўллаб келаётган ҳарбий цензура, турли таҳдид усуллари, ҳибслар, манбаларни йўқ қилиш ҳамда яҳудий давлати махсус кучлари риоя этадиган бошқа бешафқат қоидаларни тилга олмасдан бўлмайди. Бу каби хизматлар ҳар қандай инсонийлик тамойилларини тан олмасдан, ўз манфаати учун барча ваҳшийлик ва пасткашликлардан қурол сифатида фойдаланишини инобатга олсак, уларни бир сўз билан махфий террор ташкилотлари ҳам дейиш мумкин.  

Худди шундай террор ташкилотларидан бири – «Иргун Цвай Леуми»дир. Ушбу махфий ташкилотга 1931 йилда ишғол остидаги Фаластин тупроқларида асос солинган. Аарон Тахоми қўмондонлигидаги террор гуруҳи худди шундай Яқин Шарқдаги «Хагана» ва бошқа яширин террор ташкилотларининг аъзолари иштирокида тузилганди.

1937 йилда ташкилот аъзолари бундан бир йил олдин шиддат билан бошланган араб озодлик ҳаракатини бостириш масаласида ўзаро келишолмай қолишади ва ташкилот иккига бўлиниб кетади. Иргун жангчиларининг деярли ярми Яҳудий агентлигига бўйсунадиган «Хагана»га қайтишади. Қолганлари эса сионист ревизионистлари билан ғоявий жиҳатдан боғлиқ бўлганлари учун Владимир Жаботинский томонга ўтишди. 

Маълумот учун, босқинчи Исроил давлатининг биринчи бош вазири Бен Гурион тавсифи билан айтганда «Владимир Гитлер», яъни, Владимир Зеев Жаботинский «Ревизионист сионизм» ҳаракатининг асосчиси ҳисобланади. У сионистлар нафақат Иордан дарёсининг ғарбини, балки шарқини ҳам босиб олиши керак, деб ҳисобларди.

Жаботинский бошчилигидаги «Иргун» Яҳудий агентлиги ва «Хагана»нинг мўътадиллик тамойилини инкор қилган ҳолда, арабларга қарши ўта шиддатли ва қонли ҳужумларни уюштиради. Уларнинг бу даражадаги қонхўрликлари ҳатто Исроил ҳукуматининг ҳам норозилигига сабаб бўлади. «Иргун»нинг кўплаб аъзолари ҳибсга олинади.

«Иргун» террорчилари ноқонуний иммиграция соҳасида ҳам жадал ишлар олиб боради ва ўзини яҳудий деб даъво қилганларни Исроилга олиб кела бошлайди.

Кутилмаганда, 1939 йили «Иргун» ўз фаолиятини инглиз ишғолчиларига қарши йўналтиради. Британ кучлари бунга кетма-кет қамоқлар тўлқини билан жавоб беради ва Иккинчи жаҳон уруши бошланган пайтда террор ташкилоти раҳбарларидан бири Даниэл Разиэл ҳам қўлга олинади. Шу боис террорчи ташкилот қисқа муддатли оташкесм ва сулҳ таклифи билан чиқади. 1940 йилда эса «Иргун» Анатоль Штерн бошчилигидаги янги «Ле́хи» махфий гуруҳини тузади. Кейинги йилнинг май ойида эса Ироқнинг Ҳаббания шаҳрида Рашид Али ал-Жайланий режимига қарши уюштирилган ҳарбий амалиётда Разиэл ҳалок бўлади ва бошқарув аввал Дан Меридорга, 1943 йилнинг декабрида эса Менахем Бегинга ўтади.

 1944 йили эса «Иргун» Британия ҳукуматига қарши уруш эълон қилади. Ўша пайтда улар вақтинчалик ҳукумат идораларига бостириб киришар, полиция офислари ва маҳаллий ҳокимият штаб-квартираларини портлатишар, қурол-аслаҳа ва гранаталарни ўзлаштиришарди. 

Инглизлар эса бунга жавобан ўзлари бир ҳовуч кўча қароқчилари деб атайдиган бу террорчиларни қамаш ва энг ашаддийларини Эфиопияга бадарға қилишни янада кучайтиради.

Британия ҳукуматининг антисионистик сиёсати ошкор бўлгач, «Хагана», «Иргун» ва «Лехи» террор кучлари бирлашган ҳолда диверсиялар тўлқинини бошлайди: улар кўприклар, сув ва нефть қувурларини портлатишар, қудуқларни заҳарлашар, мусулмонлар сув ичадиган ерларга чўчқа ўлимтигини атайин ташлаб кетишарди.

1946 йилнинг 22 июлида «Иргун» аъзолари Қуддусдаги «Шоҳ Довуд» меҳмонхонасининг бир қаватини портлатиб юборади. Ўша ерда британ ҳукумати вакиллиги ва Фаластиндаги инглиз ҳарбий кучларининг штаб-квартираси жойлашган эди.

Бу каби қўпорувчилик ҳаракатлари бугунги Исроил босқинчи давлатининг ҳам бевосита террор ҳаракати туфайли ташкил этилганини тушунишимизга ёрдам беради. 

Келинг, 1924 йилнинг 30 декабрида Истанбулдаги қочқин яҳудий оиласида туғилган, кейинчалик Фаластин тупроқларига бориб, у ердаги махфий террор ташкилотларига қўшилган Давид Шомроннинг хотираларига эътибор қаратайлик.

Кейинчалик МОССАД агенти сифатида арабларга қарши ҳаракатларда фаол иштирок этган Шомрон 1944 йилнинг 22 сентябрида, тун қоронғусида Қуддусдаги авлиё Георгий кўчасида жойлашган католик черковининг ёнида яшириниб турган эди. Черков биносидан инглиз офицерлари ётоқхона сифатида фойдаланишар эди. Шомрон бинодан офицерлардан бири бўлмиш Том Уилкиннинг чиқишини кутарди.

Уилкин Фаластинни бошқараётган британ ҳукуматининг жиноий ишлари бўлинмаси бошлиғи эди. Шомрон радикал яҳудийларни хушламайдиган Уилкинни ўлдиришни алақачон А режа қилиб белгилаб олган эди.

Шомрон ва унинг Яков Банай исмли шериги «Лехи» ташкилотининг энг учига чиққан жангарилари бўлиб, иккови ҳам қонли операцияларда иштирок этарди.

Уилкин ҳам «Лехи»нинг нишонига айланганини яхши биларди. Жангарилар бундан олдин ҳам Уилкин ва унинг бошлиғи Жеффри Мортонни ўлдиришга уринганди.

Шунга қарамай, Уилкин совуққон ва ҳисоб-китобли инсон эди. У Фаластинда 13 йил яшаб, араб ва иврит тилларини яхшилаб ўрганиб олган эди. Инглиз жосуслари уни аниқ маълумотлар билан таъминлашар, шу туфайли сионист террорчиларининг инглизларга қарши қаратилган кўплаб махфий амалиётлари муваффақиятсизликка учраганди.

Худди шу туфайли ҳам Шомрон уни ўлдирмоқчи эди. У аъзо бўлган «Лехи» (Лохамей Херут Исроил озодлиги жангчилари) ташкилоти аъзоларини инглизлар шунчаки «Штерннинг каллакесарлари» деб аташарди. Авраам Штерн ультранационалист сионист ва «Лехи»нинг асосчиси ҳисобланади. Штерн ва унинг бир гуруҳ издошлари олдиндан режалаштирилган сиёсий қотилликлар ва портлатишларни амалга оширишарди.

Айни дамда инглиз босқинчилари ҳам сионистлар ўзлариники деб билган ер учун курашардилар. Шу боис ҳам сионист террорчилари Уилкин ва унга ўхшаб яҳудий-араб низосини бироз бўлса-да юмшатишга ҳаракат қилган барчани йўқ қилишга Тавротга қўл қўйиб қасам ичишарди.

Уилкин черковга девор-дармиён хонада яшашини билган қотиллар ўзлари муқаддас деб билган миссияни бошлашади.  Шомрон ва Банайнинг чўнтакларида револьверлар ва гранаталар ҳам бор бўлиб, бино атрофини инглизларга хос шим-костюм кийган, галстук тақиб, шляпа қўндириб олган «Иргун» ва «Лехи» жангарилари қуршаб олган эди.

Уилкин черков ёнидаги хонадан чиқди ва жиноий ишлар департаментига қараб юрди. Одатда ўша ерда ҳибсга олинган жангарилар тергов қилинарди. У ҳар доимгидай атрофга диққат билан қараб, ҳар қандай шубҳали нарсаларни кўздан қочирмасликка ҳаракат қиларди. Бир қўли билан чўнтагидаги тўппончасини маҳкам сиқиб келаётган маҳалда авлиё Георгий ва Меа-Шеарим кўчаларининг кесишмасида жойлашган баққол дўкони ёнида ўтирган ёшгина йигит ўрнидан турди ва бехосдан унинг бошидаги шляпаси ерга тушиб кетди. Бу албатта тасодиф эмас, махсус ишора эди ва икки нафар жангари, Шомрон ва шериги Уилкиннинг ортидан изма-из юра бошлади.

«Банай каминага «Мен отай», дея илтимос қилди», дейди кейинчалик Шомрон ўз хотираларида. «Аммо мен Уилкинни кўришим билан ўзимни тўхтатолмадим. Ва биринчи ўқни ўзим отдим».

Улар инглиз офицерига жами 14 та ўқ узишади. Кейин эса ўзларини кутиб турган таксига ўтириб, жиноят жойидан қочишади.

Аслида, яҳудийларни «ваъда қилинган» ерларга фақатгина куч билан қайтарилиши мумкин деган ғояни сионист террор ташкилотлари ўйлаб топган эди.

Улар арабларни қириб ташлаш ва ҳудудларни яҳудийларга бўлиб бериш радикал ғояларини илгари суришарди. 

Жумладан, «Иргун» ва «Лехи» сингари террор ташкилотларининг тарихда қолдирган энг қонли ва шафқатсиз жиноятларидан бири – 1948 йили Дайр Ясин араб қишлоғидаги қирғиндир. Исроил давлатининг биринчи бош вазири бўлган Бен Гурион бошчилигидаги «Хагана» жангарилари ҳам қатнашган ушбу қирғинда юздан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилган.

Саида Дариева, тадқиқотчи

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.