24.09.2024 17:00

Ҳақиқатлар ва ёлғонлар: ҲАМАС тизгини кимнинг қўлида?

Оммавий ахборот воситалари ҲАМАС раҳбариятининг ишлаш тизимини нотўғри талқин қилиб, ҳаракатнинг собиқ ва айни пайтдаги раҳбарлари – “мўътадил Исмоил Ҳания ва экстремист Яҳё Синвар ўртасида зиддият яратмоқда. Аслида, ҲАМАСда қарор қабул қилиш жараёни анча институционаллашган тизимга эга.

ҲАМАС Сиёсий бюроси раҳбари Теҳронда ўлдирилганидан сўнг, ҳаракатнинг юқори маслаҳат органи бир овоздан Синварни Ҳаниянинг ўрнига сайлади. Суиқасд пайтида Ҳания воситачилар билан тинчлик музокараларида ҲАМАС номидан иштирок этаётган эди. Кўплаб таҳлилчилар Синварнинг раҳбар бўлиши Ҳания ва бошқа юқори лавозимли Сиёсий бюро аъзолари сиёсатининг ўзгариши белгиси сифатида талқин қилишди.

Нотўғри қарашлар

Бундай фикрлар нафақат қаршилик ҳаракати раҳбарлари, балки бутун ҲАМАС фаолияти ҳақидаги юзаки тушунчани намоён этади. Синвар раҳбарлигини ўтмиш билан алоқаси узилган деб ҳисоблаш, Ғарб таҳлилчиларининг Фаластин раҳбарларини "қирғий ва каптар" ёки "мўътадил ва қаттиқ" каби ноаниқ, жўн икки хил фикрларига эргашишдир. Бу ҳақиқатни баён этмайди, балки кўпроқ нарсани яширишга хизмат қилади.

Ушбу таҳлилий камчиликни кучайтирувчи омил Яҳё Синварнинг руҳиятига ҳаддан ташқари эътибор қаратишдир. Бундай ёндашув мураккаб сиёсатни шунчаки шахсларга боғлаб қўяди ва ҲАМАСнинг қарорларини асосан шахсият билан уйғунлаштиради. Аслини олганда, тегишли қарорлар кенг кўламли ички мунозаралар, сайловлар, мураккаб муҳокамалар, маслаҳатлашувлар ва институционал жавобгарлик натижасида шаклланади.

Кенг тарқалган мунозаралардаги бу камчиликларга қарамай, Синварнинг Сиёсий бюро раҳбари сифатидаги фаолияти Ҳаниянинг давридагидан қанчалик фарқ қилишини ўрганиш керак. Исломий ҳаракат сиёсатида чиндан ҳам кескин бурилиш юз бердими?

Яккаланишга қарши туриш

Кескин ўзгариш масаласини баҳолаш учун Ҳания ва Синвар ҳаёт йўлларидаги баъзи ўхшашликларни кўриб чиқиш фойдадан холи бўлмайди. Энг кўзга ташланадиган жиҳати уларнинг ҳар иккаласи ҳам охир-оқибат Ғазо раҳбари, кейин эса ҲАМАС Сиёсий бюроси раҳбари бўлишди. 1960 йиллар бошида Фаластиндаги қочқинлар лагерларида туғилган Ҳания ва Синвар дунёга ҳам қочқин сифатида келишди. Бу эса улар гўдак пайтларидаёқ четлатиш, мулкдан маҳрум қилиш ва камситиш сингари турли зулмларни бошдан кечирганини англатади. Оғир шароитларга қарамай, иккала раҳбар ҳам Ғазодаги исломий ҳаракатга қўшилди ва янада кўпроқ яккаланиш ва сиқувга дуч келишди. Ҳания 1992 йилда Ливаннинг Марж ал-Зуҳур шаҳрига сургун қилинди. Синвар эса 1988 йилда қамоққа олиниб, кейинги йили тўрт карра умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу мусибатлар уларнинг нафақат ўз сиёсий билимларини ошириши, балки ҲАМАСни ривожлантиришдаги муҳим ролини чеклаб қўймади.

Марж ал-Зуҳурдаги оғир сургун шароитларида Ҳания ҲАМАСдан ташқаридаги фаластинликлар билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш, Ҳизбуллоҳ билан алоқаларни ўрнатиш, араб давлатлари ва халқаро ҳамжамият билан музокаралар олиб бориш тажрибасини оширди. Бу охир-оқибат уларнинг қайтишини талаб қилувчи БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваффақиятли резолюцияси қабул қилиниши билан якунланди ва бир йилдан сўнг уларнинг ҳаётида янги давр бошланди. Дипломатия ва Фаластин гуруҳлари билан музокаралар олиб бориш тажрибаси Ҳанияга кейинги фаолиятида ҳам асқотди. 2006 йилда Ҳания Фаластиннинг демократик йўл билан сайланган биринчи Бош вазири бўлди. Гарчи бу бирлик ҳукуматининг барбод бўлиши шафқатсиз фракциялараро тўқнашувларга ва Исроилнинг Ғазони қамал қилишига олиб келган бўлса-да, у йиллар давомида миллий ярашувга эришиш, шунингдек, дипломатик алоқаларни ривожлантириш устида ишлаб келди.

Синвар маҳбуслик пайтида ҳам ҳаракатнинг контрразведка имкониятларини ривожлантиришда давом этди. Бу жараённи у 1985 йилда "Мажд" номи билан танилган "Хавфсизлик ва огоҳлик ташкилоти"ни ташкил этишдан бошлаган эди. Ташкилотнинг мақсади хавфсизлик ва контрразведка масалалари бўйича тренинглар ўтказиш ва гумонланаётган ҳамкорларни аниқлаш эди. Синвар 1988 йилда ўн икки кишини сотқинлиги учун қатл этганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Маҳбусликда Синвар ҳаракатнинг контрразведкасини кучайтириш ва фаластинлик маҳбусларнинг салоҳиятини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттирди. У иврит тилини мукаммал ўзлаштирди ва жуда кўп китоб ўқиди. Бу билимлар вақт ўтиши билан ҳаракатнинг ривожланишига хизмат қилди ва Синварнинг қамоқхонадаги ҲАМАС раҳбарларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлади.

Синварнинг сиёсий тажрибасидаги муҳим ва кенг танилган воқеа 2011 йилда 1000 дан ортиқ фаластинлик маҳбусни, шу жумладан етакчининг ўзини озод қилиш бўйича музокараларда ҳал қилувчи роль ўйнаганлигидир. Бу маҳбуслар 2006 йилда Қассам бригадаси жангчилари томонидан асирга олинган исроиллик аскар Гилад Шалит эвазига озод қилинди. Синвар қамоқхонадаги иш ташлашлар ва норозилик намойишлари пайтида ҳам турли фракциялардаги фаластинликларни эҳтиёткорлик билан жалб қилиб, ўзаро уюштира олган эди. Озодликка чиққач, у бу кўникмаларини Исроил билан музокаралар олиб бориш ва бошқа фракциялардаги фаластинликлар билан ҳамкорлик қилишда қўллай олди.

Қамоқдан кейинги музокаралар

Ғазога қайтганидан кўп ўтмай, Синвар 2012 йилда ҲАМАС Сиёсий бюросига сайланди. Бор-йўғи беш йилдан сўнг, 2017 йилда у Исмоил Ҳаниядан кейин Ғазо раҳбарияти бошлиғи этиб сайланди. Синварнинг Ғазодаги дастлабки йиллари кўпинча ҲАМАС ички сафларини мустаҳкамлаган ва Исроил билан ҳамкорликка қарши оммавий кампаниялар олиб борган давр сифатида баҳоланади, гарчи бу фаолият "Мажд"нинг илк кунларидагидан анча фарқ қиларди.

Унчалик шов-шув ва драмага бой бўлмаган бўлса-да, Синвар Ғазо раҳбарияти бошлиғи сифатида бир қанча мураккаб ва йўналишни ўзгартирувчи музокараларда иштирок этди.

Исроилнинг Ғазодаги қамал сиёсатига ўн йил тўлган пайтда, 2 миллион фаластинликнинг кундалик турмуши 2017 йилда Маҳмуд Аббоснинг бир қатор қарорлари Ғазо изоляциясининг иқтисодий таъсирини кучайтирганида янада оғирлашиш арафасида эди. 2017 йил март ойида Рамаллоҳда жойлашган Фаластин маъмурияти (ФА) Ғазодаги ходимларининг маошини 30 фоизгача қисқартирди. Шу йилнинг июнь ойида эса Ғазога "сургун қилинган" фаластинлик маҳбусларнинг маошлари бутунлай бекор қилинди. Кейин жамоавий жазо чораси сифатида баҳоланган Фаластин маъмурияти ва ФАТҲ партияси раҳбари Маҳмуд Аббоснинг баҳсли қарор билан солиқ имтиёзини бекор қилиш орқали секторнинг ёқилғи таъминоти тўхтатилди. Бу Ғазодаги фаластинликлар учун кунлик электр таъминотини саккиз соатдан тўрт соатгача қисқартирган энергетик инқирозга олиб келди. Оқибатда, Ғазодаги ягона электр станцияси ҳам ишдан чиқди.

Кўплаб кузатувчиларни ҳайратга солган қадам билан, Синвар Фаластин маъмурияти профилактика хавфсизлик кучларининг собиқ раҳбари Муҳаммад Даҳлан билан Рамаллоҳдан келган сиёсий ўзгаришлар оқибатида юзага келган инқирозларни ҳал қилиш учун келишувга эришди. Даҳлан ҳам, Синвар сингари Хон Юнис қочқинлар лагерида туғилган, 2011 йилда партия раҳбарияти билан келишмовчиликка учрагунча ФАТҲнинг етакчи аъзоларидан бири бўлган ва кейинчалик БААга кўчиб кетган эди. Ғазо ва Ғарбий қирғоқ ўртасидаги бўлиниш бошланган йиллари Ҳания раҳбарлигидаги Фаластин бирлик ҳукуматини бузишга уринган одам билан ҲАМАСнинг келишув тузиши тасаввурга сиғмас бир ҳол эди. Бироқ, ички ва минтақавий вазият ҳаракат раҳбариятидан мослашишни талаб қиларди ва Синвар музокарага тайёр эди.

ҲАМАС-Даҳлан келишуви чекланган муваффақиятга эришди, аммо у Синварнинг Ғазо раҳбарияти бошлиғи сифатидаги фаолиятининг қуйидаги икки муҳим жиҳатини кўрсатди: Фаластин сиёсати ва жамиятининг бошқа қатламлари билан келишмовчиликларни бартараф этиш ҳамда янги минтақавий вазиятда ташқи алоқаларни мувозанатлаш. Хусусан, БАА ва Миср ҳукуматлари билан яқин алоқалари орқали Даҳлан Рафаҳ чегараси орқали маълум миқдорда ёқилғи киритишни таъминлади. Бу муҳим ютуқ эди, чунки Синварнинг Ғазо раҳбарияти бошлиғи сифатидаги биринчи муддати бошида Миср-ҲАМАС муносабатлари энг кескин нуқтада эди.

Вақт ўтиши билан Синвар кейинги ойлар ва йилларда Миср билан муносабатларни юмшатишни давом эттира олди. 2018-2019 йилларда "Буюк қайтиш юриши" номи билан танилган мустақил Фаластин халқ ҳаракатларининг ва 2018 йил ноябрда Моссаднинг Ғазога кириб кузатув ускуналарини ўрнатишга уринишининг муваффақиятсизлиги натижасида вужудга келган таъсир кучидан фойдаланиб, ҲАМАС раҳбарияти Исроилнинг Ғазодаги қамалининг таъсирини юмшатадиган бир қатор имтиёзларни қўлга киритди. Буларга Миср билан Рафаҳ чегарасидан ўтиш чекловларининг енгиллаштирилиши, Ғазога кунлик кириб келаётган товар ва ёрдам юкланган юк машиналарининг кўпайиши ҳамда давлат хизматчиларининг маошларини тўлаш учун нақд пул етказилиши ҳам киради.

Синварнинг 2012 йилда Сурия қўзғолони ва фуқаролар уруши пайтида ҲАМАС раҳбарияти Дамашқни тарк этганидан кейин ҲАМАСнинг "Қаршилик ўқи" деб аталувчи гуруҳининг бошқа аъзолари билан муносабатларини яхшилашдаги роли кенг эътироф этилган. Бироқ, унинг бошқа минтақавий кучлар билан муносабатларини яхшилаш ва қайта музокаралар олиб боришдаги роли унчалик эътироф этилмаган.

Синвар ва унинг салафлари

Ҳаракат ва унинг раҳбарлари қандай фаолият юритишини тушуниш учун ҲАМАС сиёсий луғатидаги иккита асосий тушунча жамғариш ва маслаҳатлашув жуда муҳимдир. Ҳаракатни умуман олганда ёки хусусан Синварнинг Ғазодаги бошқарувини тушуниш учун ҲАМАСнинг ривожланаётган институционал динамикаси ва қудратининг бу ажралмас қисмларини ҳисобга олиш зарур.

Жамғариш атамаси одатда вақт ўтиши билан эришилган ҳарбий ютуқларни тасвирлаш учун ишлатилади. Шунингдек, бу тушунчани ҲАМАС раҳбарларининг қамал шароитида бошқарувнинг мураккаб масалаларини ҳал қилиш, гуманитар эҳтиёжларни қондириш, минтақавий изоляция даврларини бошдан кечириш, минтақавий иттифоқлар тузиш ва мувозанатни сақлаш ҳамда бошқа фаластин фракциялари билан миллий ярашувни амалга ошириш борасида тўплаган сиёсий кўникмалари ва тажрибаси нуқтаи назаридан кўриб чиқиш фойдали. Сиёсий муваффақиятлар ва ҳарбий кучни жамғариш учун пойдевор яратиш кўпинча кескин ўзгаришлардан кўра изчилликни таъминлайди.

Маслаҳатлашув ҲАМАС ичидаги энг яхши амалиётлар ва тузилмаларни тавсифлайди. Ҳаракатнинг турли даражаларида маслаҳат органлари мавжуд бўлиб, улар сиёсий раҳбарият учун ҳисобдорлик ва маслаҳат берувчи тузилмалар сифатида фаолият юритади. Аъзолар Ғарбий қирғоқ, Ғазо, чет эллардаги диаспора ва қамоқхоналардаги фаластинликларни қамраб олган ҳолда сайланади. Юқори даражадаги маслаҳат органи Бош шўро кенгаши шаффофликни таъминлаш учун Сиёсий бюро сайловларини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи мустақил органга аъзоларни тайинлайди. Бу тузилмалар ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка чекланган ҳолда етиб борса-да, Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши каби фавқулодда вазиятда Бош шўро кенгаши ворисни тайинлаши (Синвар бир овоздан сайланган) маълум бўлди.

Маслаҳатлашув амалиёти ва тузилмаси фақат ҲАМАСнинг сиёсий қаноти билан чекланмайди. Ҳаракатнинг ҳарбий қаноти Қассам бригадалари ҳам маслаҳатлашув тартиб-қоидаларига эга. Аслида, Синвар Сиёсий бюрога қўшилганидан сўнг ҳарбий ва сиёсий қанотлар ўртасида мувофиқлаштирувчи вазифасини бажарган. Шимолий Ғарбий қирғоқда Қассам бригадаларини ташкил этган Зоҳир Жабарий Мажд аппаратининг марказлашуви ҳақидаги фикрлар нотўғри эканлигини, чунки гумон қилинувчилар бўйича қарорлар битта шахс қўлида эмаслигини, улар кўп босқичли жараёнлар ҳамда алоҳида "профессионал аппарат" томонидан қўшимча тергов предмети эканини тушунтирди. Жабарийннинг таъкидлашича, хавфсизлик ходимлари ишни нотўғри бошқарган ҳолда, уларга нисбатан жиддий жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Худди шу динамикага кўра, Синвар ёки Ҳания каби раҳбар муҳим қарор қабул қилганда, улар бунга нафақат тажрибали шахслар билан маслаҳатлашиш орқали эришадилар, балки ҳаракат ичидаги ва умуман жамиятдаги ўз сайловчилари олдида ҳам жавобгарликларини ҳис қилиб туришади. Ғазо раҳбарлиги ва Сиёсий бюро бошлиқлари сифатида Синвар ва Ҳания ҳамкорликда ишлаган ва кўпинча миллий ярашувни қўллаб-қувватлаш учун турли гуруҳлар билан оммавий учрашувларда қатнашган. Улар учун миллий ярашув нафақат ФАТҲ билан муносабатларни яхшилаш ва Фаластин сиёсий кучларини бирлаштириш каби устувор масала эди, балки бошқа сиёсий бўлинишларни бартараф этиш, шунингдек, Ғазодаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилишни ҳам ўз ичига оларди. Буларнинг барчаси келгуси жангга тайёргарлик кўриш, зарур ҳарбий кучни тўплаш, халқ қўллаб-қувватлашини ва сиёсий бирликни таъминлаш учун эди. Кўриниб турибдики, маслаҳатлашувлар ҳам юқоридан пастга, ҳам пастдан юқорига йўналтирилган.

Синвар ва унинг икки салафининг баёнотлари куч ва ютуқларнинг тўпланиши ҳар бир янги давр ўртасида узлуксизликни қандай таъминлаганини кўрсатади. Холид Мешаал 2013 йил май ойидаги интервьюсида ўзининг сўнгги муддати учун қуйидаги устувор йўналишларни белгилади: қаршилик кўрсатиш; Қуддусни Фаластин ишининг марказига айлантириш; маҳбусларни озод қилиш; қайтиш ҳуқуқи учун курашиш ва бу курашда диаспоранинг ролини ошириш; Фаластин фракциялари ўртасида миллий ярашувга эришиш ва Фаластин сиёсий кучларини қаршилик кўрсатиш ғояси атрофида бирлаштириш; араб ва ислом оламини жалб қилиш; халқаро ҳамжамият билан халқ ва расмий даражаларда мулоқот олиб бориш; ҲАМАС ички тузилмаларини мустаҳкамлаш ва ҳаракатни бошқа Фаластин ташкилотлари, араблар ва мусулмонларга очиқ қилиш.

Икки ой ўтгач, Мисрдаги Мурсий ҳукуматининг ағдарилиши ҲАМАС фаолияти учун вазиятни тубдан ўзгартирди. Бу эса эҳтимол, Сиёсий бюро раҳбариятининг стратегиясини қайта кўриб чиқишига олиб келди. Бу ҲАМАС учун юзага келган қийинчиликларга қарамай, атиги бир йил ўтгач, 2014 йилда Исроилнинг Ғазога қарши 51 кунлик урушида Қассам жангчилари камида беш марта Исроил ҳудудига кириб, унинг ҳарбий базаларини нишонга олди ва уруш давомида икки аскарни ўлдирди. Бугунги кунда бу тажриба ва давомийликни ҲАМАС раҳбарларининг баёнотларида кузатиш мумкин. Улар 7 октябрь операциясининг мақсади маҳбусларни алмаштириш учун Исроил аскарларини асирга олиш бўлганлигини тушунтирмоқда.

Сиёсий бюро раҳбари сифатида Ҳания билан умумий қарашлар, хабарлар ва устуворликлар давом эттирилди. Исроилнинг 2021 йилда Ғазога қарши урушидан сўнг, фаластинликлар томонидан "Қуддус қиличи жанги" деб номланган бу уруш Қуддусдан Ғарбий қирғоққа, Исроилнинг фаластинлик фуқароларига ва Ливан ҳамда Иорданиядаги фаластинлик қочқинлар жамоаларига ёйилган "Бирлик интифодаси" деб аталган Фаластин қўзғолони билан бир вақтга тўғри келди. Исмоил Ҳания ҳаракатдаги давомийлик ва тажрибанинг марказий ролини кўрсатадиган ғалаба нутқини сўзлади.

Ҳания жангни "стратегик ғалаба" деб таърифлаб, бундан кейинги воқеалар "аввалгисига ўхшамаслигини" эълон қилди ва бу Фаластин миллий саҳнаси, араб ва ислом дунёси, глобал жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият даражасида "илоҳий ғалаба, стратегик ғалаба, кўп қиррали ғалаба" эканлигини қўшимча қилди.

7 октябрь арафасида Яҳё Синвар ҳам нутқ сўзлаб, шундай деди:

"Менинг ҳисоб-китобимча, бир йилдан ошмайдиган қисқа муддат ичида биз оккупация олдида икки танлов қўямиз: ё биз уни халқаро ҳуқуқни амалга оширишга, халқаро қарорларни ҳурмат қилишга, Ғарбий қирғоқ ва Қуддусдан чиқишга, аҳоли пунктларини тугатишга, маҳбусларни озод қилишга ва қочқинларнинг қайтишини таъминлашга мажбур қиламиз ёки биз бу оккупацияни бутун халқаро тартиботга зид ҳаракатга ундаймиз. Сионистларнинг асл юзини очиб, кескин ва кучли тарзда изоляция қиламиз ҳамда унинг бутун дунё билан интеграциясига чек қўямиз".

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, Синвар ҳақиқатан ҳам таҳлилчилар айтганидек башорат қилиб бўлмайдиган шахсми, деб сўраш ўринлидир. Унинг баёнотлари, шунингдек, Синварнинг кўтарилишини ҳаракатнинг ўтмиши билан бутунлай узилиш сифатида талқин қилишни ҳам шубҳа остига қўяди.

ҲАМАС воситачи сифатида

Яҳё Синвар шахсияти Ғарб (ва ҳатто араб) оммавий ахборот воситаларида шов-шув келтириб чиқарган. Умуман олганда, ҲАМАС ҳақидаги бу муҳокамалар кўпинча миш-мишлар, шама-ишоралар ва асоссиз даъволарга асосланган бўлиб, улар ташкилот раҳбарияти қисмлари ўртасидаги келишмовчиликларни бўрттириб кўрсатишга ва раҳбарларни "дипломатия ва музокараларни ёқловчи мўътадиллар" ва "ҳарбий ёндашувни қўлловчи қирғийлар" каби тоифаларга ажратишга мойил. Синвар ва Ҳания фаолиятининг айрим жиҳатларини кўриб чиқиш орқали биз ҳар бир раҳбарнинг шахсияти ва ҳаёт йўлининг ўзига хос хусусиятлари уларнинг фикрлашига таъсир қилса-да, бу умумий ҳаракат қарорининг фақат бир қисми эканини тушунамиз.

Маслаҳат ва жамлаш тамойилларига асосланган ҲАМАС бир вақтнинг ўзида ҳам горизонтал ҳаракат, ҳам институтлар ҳаракатидир. Шўро кенгаши каби самарали институтлар Ҳаракатга Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши каби ноаниқ вазиятларда ўзини йўқотмасликка ёрдам берди.

Бу ҲАМАСнинг Фаластин фракциялари орасидаги институтлар қурилиши тарихига нисбатан мисли кўрилмаган даражада тузилмавий ҳаракатчанлик ва мослашувчанликни намойиш этишининг сўнгги мисолидир.

Шундай шароитда раҳбарлар ўртасидаги сезиларли фарқлар ҳаракат учун куч манбаи бўлиши мумкин. Чунки бу унга турли манфаатдор гуруҳларнинг баъзан рақобатлашувчи талабларини мувозанатлаш имконини беради. Айниқса, юқори даражадаги кузатув, раҳбарларини доимий ўлдириш ва қамоққа олиш таҳдиди, тузилмалари ва институтларига узлуксиз ҳужумлар шароитида қарор қабул қилишда бу муҳимдир.

Буларнинг барчаси баъзан ҳаракат раҳбарлари ўртасида келишмовчиликлар бўлишини инкор этмайди. Бу ташкилот 1987 йилда ташкил этилганидан бери мавжуд бўлган омилдир. Бироқ, ҲАМАС институтлар, тартиб-қоидалар ва жавобгарлик механизмлари ҳаракати ҳамдир. Маслаҳат, жамлаш ва турли манфаатдор гуруҳлар эҳтиёжларини мувозанатлаш асосий қоида бўлиб келган. Бунинг исботи нафақат давом этаётган геноцид уруши давомида, балки унинг 37 йиллик тарихи давомида ташкилот раҳбариятининг хабарларида ошкора ва изчил бўлган.

2023 йил 7 октябрдаги Ал-Ақсо тўфони операцияси ва Ғазодаги кейинги гирғиндан сўнг ҲАМАС ва хусусан Яҳё Синвар шахсияти ҳақида кўпроқ саволлар туғилди. Кўпчилик ҳали ҳам Синварни операциянинг олдиндан айтиб бўлмайдиган бош режакори деб атайди ва унинг ёлғиз ўзи Исроилга қарши мисли кўрилмаган операцияни ўтказиш қудратига эгалигини таъкидлайди. Бу ҲАМАСга яхшилик қилиш учун эмас бу "қуролсизлантирилган" ҲАМАСни бошқарувга қайтариш учун битта "чириган олма"ни айблаш учун ниқоб ҳам эмас. Баъзи ўзини мутахассис деб билувчилар учун бу тушунтиришдан фойдаланиш ҳаракатни саёз тушунишга олиб келади. Бошқалар учун эса бу Исроилнинг ҳарбий муваффақиятсизликларини яшириш ва Синварни қўлга олишни "тўлиқ ғалаба" ўрнига қўйиш учун керак. Агар Синвар ҲАМАС ва ҲАМАС Синвар бўлса, бирини йўқ қилиш иккинчисини тугатади, деганидир.

Аммо бизда мавжуд бўлган ошкора далиллар Яҳё Синварнинг ҳаракатлари унча кутилмаган эмаслигини кўрсатади. У ҳам ўз салафлари каби ташкилотнинг қайси йўналишда кетаётгани ҳақида очиқ ва яққол гапирган. Белгилар камида икки йил давомида расмий ва қуйи даражаларда ҳамма жойда кўриниб турган. Йирик давлатлар ҳаракатни паст баҳолаганлари ва эътиборсиз қолдирганлари учун ҳайратда қолишди, уларни алдашгани учун эмас. Синвар атрофидаги ҳикоя, шунингдек, "мутахассислар"га энг яхши ҳолатда ҳаракат ҳақидаги юзаки билимларини ёки энг ёмон ҳолатда самимий бўлмаган таҳлилни оқлаш учун имконият беради.

Таҳлилчилар билиши керак бўлган нарса шуки, ҲАМАС институтлар ҳаракати бўлиб, бошқа ҳар қандай оммавий ҳаракат сингари, у стратегияда эмас, балки тактикада келишмовчиликлари бўлиши мумкин бўлган турли оқимлар ва сиёсий йўналишларни бирлаштиради. Ташкилотнинг қоидаси географик тарқоқлик ва олдинга силжиш бўйича турли хил фикрларга қарамай, узлуксизликдир. Қизғин баҳс-мунозаралар ва оммавий келишмовчиликлар бўлган, лекин улар сир эмас. Бу мустаҳкам ва рақобатбардош ички сайловларга эга бўлган ташкилотнинг динамикасига мос келади.

ҲАМАСдаги ички келишмовчиликлар ёки Синварнинг ташкилотни қайта тузиши ҳақида "ҲАМАСга яқин аноним манбалар"га нисбат берилган маълумотларнинг жуда оз қисмигина асослидир. Эҳтимол, давом этаётган уруш натижасида ҳаракатнинг фаолияти ўзгарар ва бунинг оқибатида унинг тузилмалари ҳам ўзгаришга учрар. Бироқ, ишончли далиллар пайдо бўлмагунича, таҳлилчилар ўз фикр-мулоҳазаларини ҲАМАС ва унинг раҳбарияти ҳақидаги ортиқча сирли жиҳатларни ёритувчи кўплаб ёзма манбалар, нутқлар ва суҳбатларга асослашлари мақсадга мувофиқдир. Синварнинг ҳаракат тузилмасини бутунлай ўзгартириб, ҳокимиятни ўз атрофида марказлаштиргани ҳақида ишончли далиллар мавжуд эмас. Аммо Синвар нафақат ҳаракат маҳсули, балки уни ўн йиллар давомида шакллантирган ва у билан бирга сиёсий жиҳатдан улғайган одамларни ҳамда ўзи йўлга қўйишга ёрдам берган жараёнларни эътиборсиз қолдирмагани ҳақида ҳисобсиз далиллар мавжуд.

Келажакда, ушбу қирғин уруши тугаб битгач, ҲАМАС ҳақидаги тушунчаларни ўзгартирадиган ва ҳозирда тарқалган тахминларга зид келадиган янги маълумотлар юзага чиқиши мумкин.

Ҳанна Алшайх, Гарвард университетининг тарих ва Яқин Шарқ тадқиқотлари бўйича фалсафа доктори

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.