18.01.2025 15:06
Янги синов: уруш туфайли сарсон бўлган ғазоликлар энди қаерга қайтади?
Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича имзоланган келишувга кўра, кўчирилган фаластинликлар ўз уйларига қайтадиган бўлди. Гап шундаки, Ғазо аҳолисининг қарийб 90 фоизи кўчирилган бўлиб, уларнинг аксарияти уруш бошланганидан бери бир неча бор у ёқдан бу ёққа кўчиб юришга мажбур бўлган. Аммо улар қаерга қайтади?
Ғазо секторидаги барча биноларнинг камида 60 фоизи вайрон қилинган, кўпгина маҳаллалар аллақачон портлатилиб, канализация ва электр таъминоти сингари урушдан аввалги мавжуд тизимлар ҳам бутунлай ишдан чиқарилган бўлса.
Маълумотларга кўра, Ғазодаги 42 миллион тонна вайроналарни тозалаш учун камида ўн йил керак бўлади.
БМТ маълумотларига таянсак, айни пайтда Ғазодаги 36 шифохонанинг ярми қисман ишламоқда; мактабларнинг 88 фоизи шикастланган ёки вайрон бўлган; уйларнинг 92 фоизи бузилган, қишлоқ хўжалиги ерларининг 68 фоизи яроқсиз ҳолга келтирилган.
Бу эса Ғазони қайта қуришда дуч келиниши мумкин бўлган катта қийинчиликлар ҳали олдинда эканидан дарак беради. Унинг аҳолисини эса олдинда янги синовлар кутиб турибди.