04.10.2025 14:47
16
Марокашда соғлиқ ва таълим инқирози: рақамлар, норозиликлар ва таҳлиллар
Сўнгги кунларда Марокашнинг турли шаҳарларида – Работ, Касабланка, Танжа, Марракеш, Фас, Тетуан, Ужда, Ағодир ва бошқа ҳудудларда йирик норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ёшлар асосан ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган «Genz 212» ҳаракати чақириқлари асосида кўчаларга чиқишди. Улар “Соғлиқ биринчи, Жаҳон чемпионати керак эмас”, “На соғлиқ, на таълим – бу Аллоҳга таваккал қилган Марокаш” каби шиорларни кўтариб, ҳукуматдан соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишни талаб қилишди.
Ҳукумат эса рухсатсиз акция сифатида баҳолаб, полиция кучлари орқали намойишларни тарқатди, бир қанча иштирокчилар ҳибсга олинди, кейинроқ озод этилди. Бу ҳолат бир нечта ҳуқуқ ташкилотлари ва сиёсий партиялар томонидан қораланди.
Таълим соҳаси рақамларда
Марокаш бюджети 2025 йил учун тахминан 721 миллиард дирҳам (72,1 млрд доллар) бўлиб, унинг 16,4% и – 118 миллиард дирҳам (11,5 млрд доллар) таълим ва соғлиқ соҳаларига ажратилган.
Таълимга ажратилган маблағ сўнгги уч йилда ортиб борган: 2023 йилда 69 млрд дирҳам, 2024 йилда 74 млрд, 2025 йилда эса 86 млрд дирҳам. Бу умумий бюджетнинг 12% ига тенг. Давлат мактабларида 8,27 миллион ўқувчи, уларга 299 минг ўқитувчи тўғри келади (ҳар 1000 ўқувчига 36 ўқитувчи). Синфларда чеклов жорий қилинган бўлса-да (1-синфда 30 нафар, қолганларида 36 нафардан кўп эмас), ҳануз қатор мактабларда ортиқча юклама мавжуд. Олий таълимда 1,15 миллион талабa, 12 университет таркибидаги 162 олийгоҳда таҳсил олмоқда. Уларда 17 минг профессор-ўқитувчи ишлайди. Университет битирувчилари сони – 135 минг, бу умумий битирувчиларнинг 75% ини ташкил қилади. Халқаро рейтингларда Марокаш таълим сифати жиҳатидан жуда паст ўринларда: Давос форуми бўйича – 101-ўрин, Жаҳон билим индексида – 98-ўринда.
Соғлиқни сақлаш соҳаси рақамларда
Соғлиққа ажратилган бюджет ҳам йил сайин ошган: 2023 йилда 28 млрд дирҳам, 2024 йилда 30 млрд, 2025 йилда эса 32,6 млрд дирҳам. Бу умумий бюджетнинг фақат 4% и. Давлат тизимида 6 университет шифохонаси ва 3 078 тиббиёт муассасаси мавжуд, шулардан 2 186 таси қишлоқ ҳудудларда. Шифокорлар сони – 15,6 минг, яъни ҳар 1000 киши учун 0,43 шифокор. Бу халқаро ўртача даражадан (1,72) тўрт баробар кам. Ҳамширалар – 41,6 минг, яъни ҳар 1000 киши учун 1,1 ҳамшира. Жаҳон ўртачаси эса 3,86. Nambeo халқаро индексида Марокаш 99 давлат ичида 94-ўринда турибди.
Ишсизлик ва камбағаллик
2025 йилнинг иккинчи чорагида ишсизлик даражаси 12,8% га етди. Қашшоқлар сони 2014 йилдаги 4 миллиондан 2024 йилда 2,5 миллионгача камайган бўлса-да, асосан қишлоқларда тўпланган. 1,25 миллион киши мажбурий қисман иш билан банд. Иқтисодиётнинг учдан икки қисми норасмий секторга тўғри келади, бу эса ижтимоий ҳимоясиз меҳнат дегани.
Олий таълим битирувчиларидан:
- 35% ўз мутахассислиги бўйича ишлайди,
- 40% дипломига алоқаси йўқ соҳаларда ишлайди,
- 25% эса умуман ишсиз.
Танқид ва таҳлиллар
Таълим соҳаси бўйича эксперт, собиқ вазир Холид Самадийга кўра, ҳукумат катта бюджет ажратганига қарамай, стратегик йўналишга амал қилмай, соҳани қисман бошқармоқда. Унинг фикрича, бу “тизимдаги издан чиқиш ва йўналиш йўқотилиши”дан дарак, ва ҳақиқий ислоҳот учун кенг қамровли, узлуксиз ёндашув зарур.
Африка тадқиқотлари маркази раҳбари Рашид Сарий эса ҳукумат ва партия раҳбарларининг “энг яхши ҳукуматмиз” деган баёнотлари аҳолидаги қийин аҳвол билан мутлақо уйғун эмаслигини айтиб, “бу халқ учун ҳақиқатдан кўра кўпроқ ҳақорат” эканини таъкидлади. Унинг фикрича, аҳоли ишсизлик, қимматчилик ва қолоқ хизматлардан азият чекаяпти, шунинг учун очиқ ижтимоий мулоқот ва ислоҳот зарур.
Хулоса
Марокашда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари мамлакат келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Аммо рақамлар ва рейтинглар кўрсатадики, катта маблағлар сарфланса-да, тизимда изчиллик ва самарадорлик етишмаяпти. Ёшлар кўчаларга чиқиши ҳам ана шу чуқур ижтимоий муаммоларнинг ифодасидир. Муттахассислар фикрига кўра, ҳақиқий ўзгариш учун қисман эмас, балки узоқ муддатли, туб ва кенг қамровли ислоҳотлар зарур.
Сано ал-Қовайтий, журналист