22.11.2024 11:13
Ижод эркинлигининг чегараси қаерда?
Маданий ҳуқуқлар (cultural rights) инсон ҳуқуқлари тизимида фундаментал ҳуқуқлардан бири ҳисобланади.
Мазкур ҳуқуқ Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам алоҳида таъкидланган, жумладан, 53-моддада “Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади”, дейилган. Бу билан ижод эркинлиги (яъни маданий ҳуқуқлар)ни таъминланиши эътироф қилинмоқда.
Ижод эркинлиги ўзи нималарни айнан қамраб олади деган саволга шу ўринда жавоб бериб кетсак. Демак, ижод эркинлиги бу адабиёт, тасвирий санъат, илмий, техник, санъат ва яна бошқа турларни қамраб олади.
Ижод эркинлигини ўзи умуман эркинликни чеклаш, уни тақиқлаш бу албатта Халқаро ва оммавий ҳуқуқ нормаларига зид ҳисобланади.
Лекин ҳар бир жамиятда ўзига хос равишда “чексиз ҳуқуқлардан фойдаланишда чекловлар борлигини амалда кўришимиз мумкин. Масалан, Францияда 1798 йил 26 августдаги “Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси”да фикр, сўз ва матбуот эркинлиги ажралмас ва муқаддас инсон ҳуқуқлари сифатида кўрсатилган бўлиб, улар “масъулият таҳдиди” яъни бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда ижод қилишга ҳуқуқлар берилиши ёзилган. Ёки Норвегиянинг амалдаги Конституциясининг 100-моддасига кўра, “Матбуот ва ижод эркинлиги таъминланади. Ҳеч ким қонунларга бўйсунмаслик, динга, ахлоққа ёки конституциявий ҳокимиятга ҳурматсизлик ва уларнинг нормаларига қаршилик кўрсатмаса, мазмуни қандай бўлишидан қатъи назар, бирон бир иши учун жазоланмайди, ҳеч кимга ёлғон ва шаънини таҳқирловчи айбловлар қўйилмайди”. Бундан тушунишимиз мумкин бўлган нуқта бир томондан эркинлик чегараларини белгилаш, иккинчи томондан эса унинг чекланишига йўл қўйиш муаммолари ҳар бир жамиятда мавжудлигидир.
Умуман, Халқаро ҳуқуқда маданий ҳуқуқлар (ижод эркинлиги)ни кафолати 1966 йил 19 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида Халқаро пактнинг 19-моддаси 2-қисмида “Ҳар бир инсон ўз фикрини эркин баён этиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъи назар, ёзма равишда ёки матбуот орқали ёки ифодалашнинг бадиий шакллари ёки ўз ихтиёрига кўра бошқача усулларда турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини қамраб олади”, деб белгиланган бўлса-да, худди шу модданинг 3-қисмида “Ушбу модданинг 2-бандида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш алоҳида мажбуриятлар ва алоҳида масъулият юклайди. Бу тарзда фойдаланиш айрим чеклашлар билан боғлиқ бўлиши мумкин, лекин бу чеклашлар қонун билан белгиланиши ва қуйидагилар учун зарур бўлиши лозим: а) бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва обрў-эътиборини ҳурмат қилиш учун; b) давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки маънавиятини муҳофаза этиш учун” деб мазкур ҳуқуқларнинг аниқ чегараланиш нуқталари белгилаб берилмоқда.
Мазкур нормаларга эътибор берсак, ҳуқуқда ижод эркинлигининг ҳам чегараси мавжудлигини билиб оламиз. Шундай экан, ҳуқуқни билмай туриб жамият тартибини сақлаш, уни муҳофаза қилиш, аҳоли, айниқса ёшларнинг маънавий ҳаётини ҳимоя қилиш каби масалаларни инобатга олмай туриб "Қани ижод эркинлиги?! Нимага бизда цензура бор?! Ижод эркин бўлиши керак?!" каби саволлар беришдан ўша тоифа одамларни тийилишга чақириб қоламиз.
Чунки ҳар қандай ижод ҳуқуқидан кўра энг аввало шахсларнинг ахлоқи ва жамоат тартиби энг биринчи фундаментал ҳуқуқлардан ҳисобланади. Бунинг чегараси айнан шундан бошланади.
Ҳуқуқ соҳасидаги деярли барча олимлар томонидан ижод эркинлиги, жумладан санъатдаги эркинлик қуйидаги ҳолатларда чекланиши мумкинлигини таъкидлашади. Булар:
1. Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва шаъни ҳимояси.
Ижодий фаолият бошқаларнинг ҳуқуқларини ёки шаънини бузмаслиги керак. Масалан, туҳмат асосида бошқалар ҳақида ёлғон ёки зарарли ахборот тарқатиш, уларнинг шаъни, қадр-қимматига зарар етказиш. Бошқаларнинг шахсий ҳаёти ва махфийлигини бузувчи маълумотларни яратиш ҳамда тарқатиш.
2. Жамоат тартиби ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш.
Агар ижодий фаолият жамоат тартибини бузишга ёки хавфсизликка таҳдид солишга сабаб бўлса. Масалан, зўравонликни тарғиб қилиш: зўравонлик, терроризм, ЛГБТ, ирқчилик, қайсидир миллат, ирқ, дин ёки бошқа гуруҳларга қарши нафратни тарғиб қилувчи ва/ёки нафратни келтириб чиқарувчи ижод маҳсулотлари.
3. Миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш.
Баъзи ҳолларда ижодий фаолият миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин. Масалан, давлат сирларини ошкор қилиш ёки хавфсизликка зарар етказувчи ахборотларни тарқатиш. Шунингдек, давлат суверенитетини таҳдид остига қўядиган мафкуралар тарғиботи.
4. Ахлоқий нормаларни ҳимоя қилиш.
Ижодий фаолиятда жамиятнинг ахлоқий нормаларига зид бўлган, одамларни хўрлайдиган ёки таҳқирловчи мазмун мавжуд бўлса, чекловлар киритилиши мумкин. Масалан, порнография, ЛГБТ, жамиятда қабул қилинган ахлоқий меъёрларга қарши бўлган, одамларни ахлоқий жиҳатдан зарарли таъсир қилиш имкониятига эга ижод маҳсулотлари.
5. Болаларни ҳимоя қилиш.
Ижодий фаолият, айниқса, болаларга зарар этказувчи ёки уларнинг психологик ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи материалларни ўз ичига олса, чекловлар киритилиши мумкин. Масалан, вояга етмаганларни эксплуатация қилиш ёки уларнинг ёшига мос келмайдиган контентларни тарқатиш.
Мазкур чекловлар албатта қонунга асосланган ва мутаносиб принципига муносиб равишда ўрнатилиши лозим. Яъни ижодий эркинликни чеклаш жамиятнинг зарурий эҳтиёжларига мувофиқ бўлиши керак, шунингдек, бундай чекловлар жамиятнинг умумий манфаатлари учун ҳақиқатан ҳам зарур бўлиши лозим.
Шу билан бирга, ижодий эркинликни чеклашда ҳар доим эҳтиёткорликка амал қилиш, ортиқча цензура ёки сўз эркинлигини чеклашга олиб келмаслик керак. Бундай чекловлар фақат юқоридаги ҳолатларда ҳамда жамият манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши лозим.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, маданий ҳуқуқлар, айниқса ижод эркинлиги ҳар қандай жамиятни уйғотишда, унинг салоҳияти ва мафкуравий бўшлиғини, маънавий ҳаётини, дунё қараши ҳатто ватанпарварлик руҳини кучайтиришга хизмат қилиш мумкин бўлган зарур кучлардан ҳисобланади. Лекин уни юқорида келтирилган ҳолатларга ҳамда жамият манфаатига зид равишда тайёрлаб жамиятга кенг тарқатиш (фақат кино, ТВ, радио эмас, барча ижтимоий тармоқлар ҳамда интернет платформалар орқали), бу ижод эркинлиги эмас, бу ижод эмас, бу маданий ҳуқуқлардан узоқ бўлган бузғунчи ғоя, фаросатсизлик ва кўнгилхушлик учун қилинган контент, холос. Бундай контент эса на Халқаро ҳуқуқ ва на давлат қонунлари томонидан ҳимояланмаслигини юқорида кўриб чиқдик. Шунинг учун барча оммавий ахборот воситалари, журналистлар, ижодкорлар, санъаткорлар, вайнерчилар, блогерлар ва бошқалар, ижод эркинликларингиз энг аввало мақсадли, ахлоқ нормаларига муносиб ва жамият манфаати учун хизмат қилиши, шунингдек, юқорида келтирилган ҳолатларга тушмаслигини назорат қилиб боришни тавсия қилиб қоламиз. Ижодларингизга омад.
Жавоҳир Шукуров, ҳуқуқшунос