13.11.2024 18:00
“Маънавият экспертизаси”: Ўзбекистон ҳукумати ижтимоий тармоқни ҳам назорат қилмоқчими?
Эндиликда Ўзбекистонда давлат сиёсатига ва маънавий-ахлоқий мезонларга зид медиамаҳсулотлар “маънавий экспертиза”дан ўтказилади. Медиамаҳсулотнинг экспертиза гуруҳига ёқмаган қисмлари эса шубҳасиз “қайчиланади”. Аксар ижодкорлар тузилажак маънавий экспертиза гуруҳини цензуранинг расман қайтиши сифатида талқин қилишмоқда.
Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов эса ўзининг Telegram-каналида медиамаҳсулотлар ахлоқсизлик тарғиботининг олдини олиш учун “маънавий экспертиза”дан ўтказилишини маълум қилган.
Бу тартиб Республика Маънавият ва маърифат маркази, Президент администрцияси ҳузуридаги АОКА, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Миллий медиа бирлашмасининг биргаликдаги қарори билан келишилгани айтилган.
“Бугун шиддатли даврда ахборотлар кўлами ва оқими кенг. Медиамакон замонавий, қизиқарли ва долзарб мавзудаги хилма-хил медиамаҳсулотлар билан тўлдирилмоқда. Лекин уларнинг барини ҳам сифат жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам миллийлигимизга мос ва хос, тарбиявий аҳамияти юқори деб бўлмайди. Шу боисдан ҳам ёшлар тарбиясига ва миллий менталитетимизга раҳна солувчи медиамаҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш ва уларнинг софлиги, миллий ахлоқимизга мослик даражасини таҳлил қилиб бориш анча муҳим”, дейилади хабарда.
Тарғибот видеосида айтилишича, ҳозирга қадар маъанавий экспертизадан ўтказиш тўғрисидаги низом тасдиқланган ва гуруҳнинг асосий вазифалари белгиланган.
“Жумладан, соҳа мутахассисларидан таркиб топган гуруҳ томонидан Ўзбекистон ҳамда хорижда ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган медиамаҳсулотларнинг давлат сиёсати, давлат рамзлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга зид, инсоний фазилатларга таҳдид солувчи аҳлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб қилувчи ҳолатлар мавжуд ва мавжуд эмаслиги ўрганилади”, дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, ушбу мезонларга зид медиамаҳсулотларнинг намойишини тўхтатиш бўйича тегишли идораларга таклиф киритилади.
“Ёшлар тарбияси ва миллий менталитетимизга раҳна солувчи медиамаҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилади. Бундай медиамаҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклифлар киритиб борилади”, дейилади расмий хабарда.
Шундоқ ҳам матбуот ва телевидениедаги цензура, сўз эркинлигининг чекланишидан чарчаган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз изоҳларида “Энди ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида ҳам давлат назорати ўрнатиладими?” деган жавобсиз саволларни ёзишмоқда.
Айрим интернет нашрлари эса ўз хабарларида “Маънавият экспертизаси” цензуранинг янги тури” эканига ишора қилган.
Бундай эътирозлардан сўнг Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов расмий муносабат берди.
У ушбу лойиҳа медиаконтентларнинг ёшлар, айниқса, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга таъсиридан хавотирланган ота-оналар, зиёлилар, шунингдек, кенг жамоатчилик сўрови, талаб ва ташаббуслари асосида жорий қилинаётганини алоҳида таъкидлаган.
“Маънавият экспертизаси” лойиҳаси медиа маҳсулотларига цензура қўймайди. Экспертларнинг фаолияти медиаконтент ишлаб чиқувчилар, ижодий гуруҳлар ва бадиий кенгашлар учун тавсиявий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади”, дейилади муносабатда.
Унга кўра, марказ оммавий ахборот воситалари, журналистлар, ижодкорлар, блогерларнинг ижод эркинлигига дахл қилмайди.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов “Маънавият маркази ўзидан бошқаларни аҳмоқ деб ўйлайдими?” дея кескин муносабат билдирди.
У тасдиқланган низомда маънавий экспертиза гуруҳининг асосий вазифалари белгиланганлигига эътибор қаратган.
“Низомга мувофиқ, мутахассислар гуруҳи томонидан Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган маҳаллий ва хорижий медиамаҳсулотларнинг давлат сиёсати, миллий қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга зидлиги ўрганилади ва рухсат берилади.
Бунинг қип-қизил цензура экани, шундоғам қонунда сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноят учун жавобгарлик мавжудлигини билиш учун катта ақл шарт эмас. Буни қарангки, марказ энди баёнот билан чиқиб, биз сўз эркинлигига дахл қилмоқчи эмасмиз, нотўғри тушунманглар, деяпти.
Хўш, сизнинг материалингизни соҳада қонунлар етарли бўлишига қарамай кимдир “мен кўрсам, уни эълон қилишинг мумкин”, деб турса, нима деб тушуниш мумкин? Маънавият маркази ўзининг ҳаракатлари қайси қонун, Конституция ва халқаро нормаларга мувофиқлигини изоҳлай оладими? Яна ўзини овсарликка солиб, ваҳима қилманглар, деганига ўлайми?” деган Абдураҳмон Ташанов.
Бир томондан, ушбу ташаббусни ижод ва фикр эркинлиги борасидаги ягона ташаббус эмас, балки комплекс чора-тадбирларнинг бир қисми деяётганлар Ўзбекистонда йил сайин сўз эркинлиги даражасининг ёмонлашиб бораётганини ҳисобга олишган бўлса ажаб эмас. Бундан ташқари, кўп ҳолларда “кўтаринки руҳ ва беқиёс таърифлар” билан қабул қилинаётган қонунлар, ўрнатилаётган тартиблар муаммоларни ҳал қилишга эмас, балки фуқаролар учун янги тўсиқлар яратишга хизмат қиляпти.
Яна бир жиҳати, мамлакатимизда ахлоқсизлик ва ташқи дезинформацияни ёйишда Россия телеканаллари ва ижтимоий тармоқлардаги пропаганда каналлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Марказнинг фаолиятидан уларга қарши кураш ҳам ўрин олармикан?
“Жаҳолатга қарши маърифат билан курашишимиз керак“, дея кўп такрорлаймиз. Тилга олинган муаммоларни бартараф этиш учун ҳам Ўзбекистондаги мавжуд контентларни ёпиш, йўқ қилиш, чеклаш ёки жазолаш эмас, балки уларга муқобил, миллий қадриятларга мос келадиган лойиҳаларни кўпайтириш, сифатли контентларни қўллаб-қувватлаш керак. Чунки интернетни бир денгиз сифатида тасаввур қилсак, унинг бир четига тўғон қурганимиз билан, бошқа жойдан ахборотлар оқиб келаверади.
Сиз нима деб ўйлайсиз: айни пайтда янги тартиб орқали “эски давр”даги цензура қайтяптими ёки ахлоқсиз ҳаракатларга қарши кураш бошландими?