10.05.2025 17:27
428

Ҳиндистон ва Покистон: кимнинг армияси кучлироқ?

Покистон ўз ҳарбийлари мамлакатнинг турли шаҳарларига ҳужум қилган 25 та ҳинд дронини уриб туширишга эришганини маълум қилди. Учувчисиз аппаратлар ҳужуми Ҳиндистон ҳарбийларининг Покистонга уюштирган ҳаво зарбасидан кейин содир бўлди.


“Бу Ҳиндистоннинг навбатдаги ҳарбий тажовузидир,” – деди Покистон армиясининг расмий вакили Аҳмад Шариф Чаудхри.


Ҳиндистон эса, ўз навбатида, ўз ҳудудига яқинлашаётган Покистон дронлари ва ракеталарини “зарарсизлантирганини” таъкидлади.


Бу икки давлат армиялари ҳарбий қудрати жиҳатидан қандай нисбатда?


Дронлар


Иккала мамлакат ҳам дронлар паркини кенгайтирмоқда – бу ҳам импорт ҳисобига, ҳам ўз технологиялари ва ишлаб чиқаришини ривожлантириш орқали амалга оширилмоқда. Ҳозирда донлар сони бўйича Ҳиндистон етакчилик қиляпти. BBC ҳарбий эксперти Раҳул Бедининг айтишича, икки-тўрт йил ичида Ҳиндистон армияси 5000 га яқин дронга эга бўлади.


2024 йилда Ҳиндистон АҚШ Давлат департаменти билан 31 та MQ-9B SkyGuardian жанговар ва SeaGuardian денгиз дронларини харид қилиш тўғрисида келишув имзолади.


Покистонда Ҳиндистонга қараганда камроқ дрон бўлса-да, унинг ҳарбий дронлари кузатув, разведка ва аниқ зарба бериш каби турли хил имкониятларга эга.


Покистон дронларининг асосий афзаллиги уларни жанг ҳаракатларида қўллаш бўйича тўпланган тажрибадир. Масалан, Покистоннинг “Бурақ” учувчисиз аппарати 2015 йилдан бери терроризмга қарши операцияларда муваффақиятли ишлатиб келинмоқда.


Покистон Ҳиндистон сингари энг замонавий дронларни фаол равишда импорт қилмоқда – асосан Туркия ва Хитойдан.


Ҳарбий харажатлар ва армиялар сони


Ҳиндистон армиясининг сони 1,4 миллион кишини ташкил этади, мамлакат Global Firepower Index мустақил рейтингига кўра, ҳарбий жиҳатдан энг қудратли давлатлар орасида тўртинчи ўринда туради. Покистон армияси анча кичик бўлиб, 654 минг ҳарбий хизматчидан иборат.


Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) ҳисоботига кўра, 2024 йилда Ҳиндистоннинг мудофаа харажатлари Покистонникидан тўққиз баравар кўп бўлган.


Қуруқликдаги қўшинларга келсак, Ҳиндистонда 4200 дан ортиқ танк ва 1,5 миллион зирҳли техника мавжуд. Покистонда эса 2600 дан ортиқ танк ва 18 000 дан кам зирҳли техника бор.


Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари ихтиёрида 2229 та самолёт, жумладан 513 та қирувчи ва 130 та бомбардимончи самолёт мавжуд. Global Firepower Index маълумотларига кўра, Покистонда 830 та камроқ самолёт бор.


Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари ихтиёрида 293 та кема бўлиб, бу Покистонникидан икки баравар кўпдир.


Ракеталар ва ядровий қуроллар


Покистоннинг ракета дастури Ҳиндистонникидан бироз орқада бўлиб, у қанотли ва баллистик оператив-тактик ракеталарни, шунингдек ўрта ва қисқа масофали ракеталарни ўз ичига олади.


Ҳиндистон кенгроқ ракета турларига эга: булар 250 дан 600 километргача бўлган “Притҳви” ракеталари; 1200 дан 8000 километргача бўлган “Агни” серияли ракеталар, шунингдек “Нирбҳая” ва “Браҳмос” серияли қанотли ракеталар.


Ҳиндистонда турли масофага учувчи ракеталарнинг мавжудлиги мамлакатнинг Хитойни тийиб туриш ниятини кўрсатади, чунки у билан ҳам ҳудудий низолар мавжуд.


Бироқ ракеталар тўпламининг хилма-хиллиги Ҳиндистон Покистон устидан осонгина ғалаба қозониши мумкинлигини англатмайди – иккала давлат ҳам ядро қуролига эга эканлигини унутмаслик лозим.


SIPRI баҳолашига кўра, Ҳиндистонда 172 та, Покистонда эса 170 та ядро каллаги мавжуд.


Аммо ушбу ядро каллакларининг қанчаси икки мамлакатда жанговар ҳолатда эканлиги ҳақида ишончли маълумотлар мавжуд эмас. 


Покистон айни пайтда Ҳиндистон билан рақобатлашиш учун ядро қуролини ишлаб чиқмоқда, Ҳиндистон эса Хитойга ҳам йўналтирилиши мумкин бўлган узоқ масофали ракеталар яратишга эътибор қаратяпти.


Эҳтимолий можаронинг оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин, негаки Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшниси Хитой ҳам ўз ядровий арсеналини 22 фоизга ошириб, жанговар каллаклар сонини 410 тадан 500 тага етказди.


Бу можарадаги хатар жуда юқори, шу сабабли халқаро ҳамжамият иккала мамлакатни ҳам вазминлик билан иш тутишга чақирмоқда.


Манба: BBC

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.