12.05.2025 17:39
283

Францияда мусулмонлар учун хатарсиз жой қолмади

Ўтган ой охирида Франция жанубидаги масжидда асли малилик бўлган қора танли ёш мусулмон Абубакр Сиссе ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.


Дастлаб оммавий ахборот воситаларида шахсий низо сифатида тасвирланган бу воқеа тез орада бошқача тус олди, чунки маҳаллий прокурор бу иш "исломофобик маънодаги ҳаракат" ўлароқ текширилаётганини эълон қилди.


Сиссе шунчаки ўлдирилмади, балки муқаддас жойда нишонга олинди. Жума намози учун масжидни тозалагандан сўнг кузатув камераларида у бошқа бир эркакка намоз ўқишни ўргатаётгани кўринади. Сиссе саждага бош қўйганида, нариги одам ўзини намоз ўқиётгандек кўрсатиб, ёнидан пичоқ чиқарди ва унга 57 марта пичоқ урди ҳамда исломофобик ҳақоратлар билан бақирди.


Бу воқеа юзага келтирган руҳий жароҳат жуда чуқур. Кадрлар эълон қилинганидан бери ҳар бир тафсилот мусулмонлар жамоасининг умумий қайғусини янада кучайтирди ва қаттиқ ғазабини қўзғатди.


Кўпчилик қатори мен ҳам бир саволни қайта-қайта ўзимга бердим: биз бунинг олдини олишимиз мумкинмиди?


Ҳайратда қолдим, дейишни истардим. Аммо мусулмон ёшлари ва талабалар гуруҳларининг умумевропа тармоғига раҳбарлик қилувчи, ўзини очиқ намоён этувчи мусулмон француз аёли сифатида биз огоҳлантириш белгиларини йиллар давомида кўрганимизни биламан. Бу белгилар атайлаб эътиборсиз қолдирилди.


Сиссе ёш, қора танли ва мусулмон эди. У бошқалар хотиржамлик топадиган,  асраб-авайловчи масканда кўплаб одамлар сингари ўз жамоасига сокин хизмат қиларди. Шу билан бирга, у сиёсий нафрат савдогарлари йиллар давомида инсонийликдан маҳрум этишга уринган барча хусусиятларни ўзида мужассам этганди.


Ўн йиллар давомидаги мутаассиблик


Ҳатто аниқ видеодалиллар бўлишига қарамай, кўпчилик ҳали ҳам бу воқеани исломофобия ва қора танлиларга қаратилган ирқчиликнинг кесишган нуқтасидаги нафрат жинояти сифатида тан олишдан бош тортмоқда. Бу шахсий жанжал эмас, балки ўнлаб йиллар давомида меъёрга айланган мутаассибликнинг муқаррар оқибати эди.


Бу иш бўйича асли Босниядан бўлган француз фуқароси қўлга олинган. Унинг адвокати Сиссенинг дини туфайли нишонга олинганини рад этади, аммо Франция Мусулмонлар кенгаши вице-президенти Абдулла Зекрининг фикрича, далиллар аниқ: "Бу исломофобик жиноят, Францияда бизнинг жамоамизга қарши содир этилган барча жиноятларнинг энг даҳшатлиси".


Гап бир ақлдан озган одам ҳақида эмас. Бу бетарафлик ниқобига ўранган давлат сиёсати, мусулмонларни таҳдид сифатида кўрсатувчи оммавий ахборот воситалари ва мусулмон талабалар, ишчилар ҳамда оилалар дуч келадиган кундалик камситишларни ўз ичига оладиган бутун бир нафрат тизими ҳақида.


Сиссе кабилан масжидларда ўлдирилиши мумкин бўлган Европа ўзини тенглик, эркинлик ва инсон ҳуқуқлари иттифоқи деб атай олмайди.


Сиссенинг шафқатсизларча ўлдирилиши истисно эмас, балки қўрқувни овозга, фуқароларни нишонга айлантирадиган сиёсий лойиҳанинг мантиқий якунидир.


Францияда ҳижобли мусулмон аёлнинг ишга жойлашиш имконияти 80 фоизга кам бўлса, мусулмон мактаблари ноҳақ текширувларга дучор бўлса ва эркак ўз масжидида ўлдириб кетилиши мумкин бўлса, Франциянинг ҳеч қаерида мусулмонлар учун ҳақиқий хавфсизлик йўқ, деб очиқ айта оламиз.


Биз йиллар давомида бонг урдик. Мулоқот, ҳимоя ва ҳурмат талаб қилдик. Аммо бизнинг чақириқларимиз ёпиқ эшиклар ва институционал четлатиш билан қарши олинди.


Бу энди сиёсий ҳаракатсизлик эмас. Бу шерикликдир.


Яна қанчаси ўлиши керак? 


Бутун Франция бўйлаб одамлар Сиссени хотирлаш учун ўзларидан билиб тўп-тўп бўлиб кўчаларда тўпланмоқдалар. Ва бу биринчи марта содир бўлаётгани  йўқ. 


2009 йилда Марва ал-Шербини ўлдирилгандан сўнг биз сўрадик: яна қанчаси? 2017 йилда Макрам Али ўлдирилгандан кейин яна сўрадик: яна қанчаси? Аммо энди Сиссенинг ваҳшийларча ўлдирилишидан сўнг биз сўрашни бас қилдик. Биз энди ҳайқирамиз: етар, бас!


Исломофобия тизимли таҳдид сифатида тан олиниши учун яна қанча одамнинг ҳаётига зомин бўлиши керак? Европа мусулмонларининг хавфсизлиги муҳокамасиз сиёсий устуворликка айланиши учун яна қанча масжидлар жиноят майдонига айланиши керак?


Бизга расмиятчилик учун ўтказиладиган маслаҳатлашувлар ва қуруқ баёнотлар эмас, балки шошилинч ва тизимли ўзгаришлар керак. Исломофобияга қарши курашиш мусулмонларга таҳдид сифатида эмас, балки Европани шакллантиришда тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида муносабатда бўлишни англатади. Бу исломофобияни оддий диний муросасизлик эмас, балки мустамлакачилик меросига асосланган ирқчилик шакли ўлароқ тан олишни тақозо этади.


Европа Иттифоқининг ирқчиликка қарши стратегияси мусулмон жамоалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилиши лозим. У камситишнинг кўп қиррали табиатини тан олиши ва исломофобияни ирқчиликка қарши кенг қамровли курашдан ажратиб қўймаслик керак.


Агар биз исломофобиянинг қора танлилар ва бошқа озчиликка қарши камситиш ҳамда тизимли изоляция билан қандай боғлиқлигини эътиборсиз қолдирсак, энг заиф қатламлар Европанинг бефарқлиги учун азият чекишда давом этадилар.


Қайғу, қўрқув ва ғазабга қарамай, масжидлар худди Сиссе ўрнак бўлганидек, очиқлик ва қадр-қиммат маскани бўлиб қолаверади. Бунинг учун биз ёшларимиз, келажагимиз ва Европа ғояси олдида масъулмиз.


Зеро, Сиссе ўз масжидида қатл этилиши мумкин бўлган Европа ўзини тенглик, эркинлик ва инсон ҳуқуқлари иттифоқи деб аташга ҳақли эмас. 


Ҳаниа Жалал, Европа мусулмон ёшлар ва талабалар ташкилотлари Форуми (ФЕМЙСО) президенти

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.