23.10.2024 12:26

Европа Иттифоқида Нидерландия этник, Франция диний камситиш бўйича етакчилик қилмоқда

Европаликларнинг 61 фоизи тери ранги ёки этник келиб чиқишига кўра камситишни жиддий муаммо деб билади. Еврокомиссия томонидан Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатдан 26 мингга яқин киши ўртасида ўтказилган сўров натижалари шундан далолат бермоқда.

Сўров ҳисоб-китобларига кўра, Европа Иттифоқи томонидан камситишларга қарши кураш бўйича кўп йиллик саъй-ҳаракатлар ва кенг қамровли қонунчиликка қарамай, жамият мамлакатларида ижтимоий тенгсизлик ва нотўғри қарашлар билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда.

Ҳисоботда ўтган йилларга нисбатан камситиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилган.

Сўровда қатнашганларнинг 21 фоизи ўтган йил давомида камситилгани ёки ҳақоратланганини маълум қилган. Терининг ранги, этник келиб чиқиши, ёши ва ижтимоий-иқтисодий ҳолати Европада камситишнинг энг кенг тарқалган сабабларидан экани таъкидланган.

Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида этник камситиш энг кўп Нидерландияда (82%), ундан кейинги ўринларда Франция (77%), Италия (75%), Швеция (73%) ва Бельгияда (69%) қайд этилган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Европада камситиш ва безорилик кўпинча жамоат ёки иш жойида содир бўлади.

Сўров иштирокчиларининг 42 фоизи ўз мамлакатларида диний мансублик ёки эътиқодга кўра камситиш кенг тарқалган деб ҳисоблайди.

Франция дин ва эътиқодга кўра камситиш умумий муаммо сифатида қабул қилинадиган мамлакатлар орасида етакчилик қилмоқда. Ушбу муаммони сўров иштирокчиларининг 66 фоизи кўрсатди.

Кейинги ўринларни Бельгия (60%), Швеция (58%), Нидерландия (54%) ва Жанубий Кипр Греция маъмурияти (53%) эгаллаган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.