01.08.2025 17:02
46

Фаластиннинг тан олинишидан ким манфаатдор?

ҲАМАС учун энг қадрли совға бу – Фаластинни бир нечта давлатлар томонидан рамзий кўринишда тан олиниши эмас. 

Эътибор берсак, Маҳмуд Аббос Исроил ва АҚШни қанчалик хотиржам қилишга уринмасин, сионистлар Фаластин маъмуриятини ҳақорат қилиш, заифлаштириш, унга нисбатан санкциялар жорий қилиш ва иқтисодий инқирозга учратиш ҳаракатларидан тўхтамаяпти.

ҲАМАСнинг қуролли қаршиликни легаллаштиришдаги асосий далили – бу шундан иборатки: куч ишлатмай курашиш, ахборот тарғиботи, фуқаролик итоатсизлиги, халқаро судлар, дипломатия, тинчлик жараёнлари – буларнинг барчаси бефойда. Агар шуларга уринсангиз, Исроил ва АҚШдан шунчаки тарсаки ейсиз, дунё эса сизга эмас, босқинчига оғишади, натижа эса – ноль.

ҲАМАС ўз йўлини легалаштиришда асосий мисол сифатида шунга ишора қилади: Маҳмуд Аббос Исроилни тан олди, куч ишлатиб курашишдан воз кечди, интифодаларни бостирди, ҳатто ўз ҳамюрти бўлган фаластинликларга қарши АҚШ ва Исроил билан ҳамкорлик қилди. Бироқ Аббос хоинлиги эвазига ҳеч вақо олмади. Аксинча, уни Нетаняху ва Трамп маъмурияти доим таҳқирлаб келди, молиявий жазога тортиб, унга нисбатан санкциялар жорий қилди, уни заифлаштирди ва демонизация қилди — ҳатто Ғазода геноцид содир бўлаётганида ҳам уни айблади.

Фаластинлик ҳалим ва тинч йўл тарафдорлари шундай ҳолатларда ҳамиша легитимликдан маҳрум бўлиб келади.

Биздан доим сўрашади:

"Исроил ва Ғарб олдида ўзингизни пастга уришингиз, хиёнаткорлик ва уларни хотиржам қилишга уринишларингиз натижасида ҳеч бўлмаса битта яхшилик бўлдими?"

Фаластин маъмурияти ва Исроил ўртасидаги йиллар давомидаги ҳамкорлик:

  • Исроилнинг ерларни тортиб олишини;
  • Яҳудий кўчманчиларининг кенгайишини;
  • Ҳар куни амалга ошириладиган кўчманчилар ҳужумларини;
  • Ғазонинг йигирма йиллик қамалини Ва геноцидни тўхтата олмади.

Европа ва АҚШ ҳукуматлари Фаластин маъмурияти ва фаластинлик тинчлик тарафдорларига ҳурматли шериклар сифатида эмас, балки раҳм-шафқат сўраётган ҳеч нарсага ярамайдиган тиланчилардек муносабатда бўлишмоқда.

Сизнингча, бундай ҳолат кимни кучлироқ қилади?

Фаластинни тан олиш – ҲАМАС учун мукофот эмас; аксинча, ҲАМАС таркибидаги энг жанговар гуруҳларнинг “фақат куч ҳақни белгилайди, қолганига вақтни сарфлаш беҳуда”, деган даъволарини инкор этади.

Бу тан олиш – фаластинлик ўрта йўл тарафдорларини қайта жонлантиради ва уларга йиллар давомидаги сабр, мулоқот, тарғибот ва дипломатиянинг самараси сифатида намойиш этиш мумкин бўлган кичик, рамзий бир ютуқни беради.

Исроил нега жазавага тушмоқда? Ахир бу давлатлар бутун тарихий Фаластин ҳудудидаги давлатни тан олаётгани йўқ-ку! Улар Исроилни йўқ қилишга чақирмаяпти ҳам!

Улар фақат келажакда тузилиши керак бўлган, ҳозир мавжуд бўлмаган, қуролсизлантирилган Фаластин давлатини тан олаяпти — у ҳам бўлса, тарихий Фаластиннинг 22%дан ҳам камроқ ҳудудида.

Ҳатто апартеид даврида Жанубий Африкада ҳам «бантустан» деб аталган қоралар ҳудудлари халқаро тан олишга эришилган.

Нега Нетаняху тан олишга жуда қарши?

Чунки бу унинг асосий даъвоси — яъни, фаластинликлар учун ягона «дўстона» ечим — уларни оммавий равишда чиқариб юбориш керак, деган фикрига тўғри келмайди.

Тан олиш — бу яхши биринчи қадамдир, тинч фаластиналикларнинг қадр-қимматини тиклаш йўлида кечиккан рамзий ютуқдир.

Лекин агар бунинг ортидан ҳақиқий амалий ҳаракатлар келмаса, яъни улар тан олган давлатни яратиш бўйича аниқ қадамлар қўйилмаса, биз яна тинч йўл тарафдорларининг ҳақоратли ҳолатига қайтамиз!


Муҳаммад Шаҳода – Ғазолик сиёсий таҳлилчи ва ҳуқуқ фаоли. У Британияда жойлашган Euro-Med Human Rights Monitor ташкилотида жамоатчилик ишлари бўйича директор сифатида фаолият юритади. Унинг мақолалари ва таҳлиллари The New York Times, Haaretz, Foreign Policy, The Nation, +972 Magazine каби нуфузли халқаро нашрларда чоп этилади.

Шаҳода Ғазо секторида туғилиб ўсган ва у ердаги ҳаёт, инсон ҳуқуқлари бузилишлари ва халқаро муносабатлар ҳақида аниқ ва эҳтиросли фикрлари билан танилган. У Фаластинда тинчлик, адолат ва инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун тинч фаолиятни илгари суради.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.