27.06.2025 16:57
31
Ҳақиқатни айтишдан қўрқиш керакми?!
Мен журналистман. Мен бугунги замонда журналист сифатида ўзимни хавфсиз ҳис қилмайман... Мен ҳақиқатни танладим. Бу йўл осон эмаслигини билардим, аммо умрим қил устида кечишини ўйламаган эканман. Бугун журналист учун калима — қурол, қараш — таҳдид, савол — жиноят деб қабул қилинаётган замон.
Мен ҳаётни борича кўрсатаяпман: Яшаш учун курашаётган халқ, гўдаклар кўз ёши, аёлнинг дарди, эркак бўйнидаги залворли юк, муҳожирнинг кемтик юраги, мусулмонларнинг бўғзидаги фарёди — турфа инсоний ҳикоялар. Аммо шу ҳикояларни кўрсатиш ҳам баъзан жазога айланиб қолди.
Мен ҳар гал микрофонни ёққанда, бу галги каломим қайси эшикни ёпиб қўйишини билмайман. Мен фактлар билан ишлайман. Аммо баъзан ҳақиқатнинг ўзи — хатар.
Баъзан сукутни танлайман. Ўзимдан сўрайман:
“Буни айтсам нима бўлади?”
“Айтмасам нима бўлади?”
Жавоб йўқ. Ёки иккиси ҳам оғриқли. Ҳар бир бир муаммони ёритган журналист ортида хавотирли фарзандлар, юраги безовта она, хавфни ҳис қилган яқинлари бор. Улар доимо:
“Эҳтиёт бўл…” дейди.
Аммо “ҳақиқатни айтмаслик” — бу мен учун хавфсизлик эмас, ожизлик. Мен ҳамиша шу ҳақиқатни қидирар эканман, ўзимни хавфсиз ҳис қилишни хоҳлайман. Эркинлик бу — масъулият. Мен бу масъулиятни қўрқув билан эмас, ҳимоя билан бажаришни истайман.
Ҳақиқат қоронғуда қолмаслиги учун, мен ҳам нур ичида юришни, ҳимояланган бўлишни, одамлар орасида яшаб, сўзга бўлган ишончни сақлаб қолишни хоҳлайман. Бир мен эмас, ҳар инсон ҳамиша ўзини хавфсиз ҳис қилишни хоҳлайди. Оддий фуқаронинг кучи етмаган жойда давлат ёрдам беришини, давлат ҳимоя қилишини истайди. Муҳожирлар билан неча йил ишлаган бўлсам, бирор марта бирор мусофир ўзини мутлақо ҳимоя остида деб ҳис қилолмаганига гувоҳ бўлганман.
Оддий фуқароларимиз ҳам, зиёли қатлам ҳам ўзини глобал дунёга ташлаб қўйилган ёлғиз, ҳеч ким йўқ кимсадек ҳис қилади.
Бошқа давлат фуқароларига ўхшаб, бирор гап бўлса давлатим ҳимоя қилиб олади, йўл кўрсатади, деган ишонч ҳеч биримизда йўқ. Лекин бир неча аср олдин аслида фуқаролик институти, давлат машинаси айнан шу учун ўйлаб топилган ва шу учун ташкил қилинган эди.
Қонунларни ўйлаб топиш учун камида икки юз нафар депутатни миллионлаб инсонлар бир кунлик юмушини ташлаб, сайлаб келади.
Қонун ишлаб чиқарадиган аппаратни таъминлаб туришга миллиардлаб пул сарфланади. Кейин ўша қонунларнинг ижросини таъминлаш учун ижро аппаратига сарфланади ва бу харажат давлат бюджетининг энг катта харажат устуни бўлади.
Лекин шунда ҳам қонунларнинг қиймати, уларнинг бюджетга, одамларнинг чўнтагига тушган баҳоси ҳурматидан ҳам уларга риоя қилинмайди. Кимдир қўлга олинса, адвокат берилмайди, айби очиқ-ойдин айтилмайди, яқинларига хабар берилмайди, кўриштирилмайди, телефонлашишга рухсат беришмайди, лоақал аниқ маълумот беришмайди.
Бир инсоннинг тақдири умуман номаълум ҳамда мавҳум бўлиб қолади — қаерда у, қай аҳволда, нега у ерда, энди нима бўлади, кейин нима қилиш керак — тушунарсиз. Ҳаттоки об-ҳавони олдиндан прогноз қилиб, шунга яраша кийимингни тайёрлаш мумкин бўлган даврда нега қонун ва тартибларни аниқ билишни иложи йўқ? Инсон ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун, тинч яшаб-ишлаши учун нима қилиши керак?
Саволлар кўп, жуда кўп. Лекин жавоб берадиган мард йўқ...
Биз сўз учун қамалиш, қийноқ, йўқотиш, ҳатто ўлдирилишлар даврида яшаяпмиз.
Бу давр — ҳақиқий жиноятчилар эмас, сўзлагувчилардан қўрқиладиган, ҳақиқий хавф зўравонлик эмас, ҳақиқат деб билинадиган, куч эмас, калом жазоланадиган даврдир. Бу даврда: Жиноятни ёритган журналист жиноятчига айлантирилади. Савол берган мухбир айбловчи қилинади. Фикр билдирган инсон душман деб кўрсатилади.
Сўз эркинлиги ҳақида гапирган киши “тарғиботчи” деб аталади.
Бу — адолатсизликнинг янги шакли.
Бу — “тил” учун тўланган нарх.
Жамият жим. Кўпчилик: “Менга тааллуқли эмас” деб ўйлайди. Аммо бир кун келиб, бу сўзсизлик, бу сукут, ҳамма учун хавфли оқибатга айланади. Аслида ҳақиқатни айтишдан қўрқиш керакми?! Ҳозирги кунда, ҳа. Чунки ҳақиқат баъзилар учун хавфли. Уларга керак бўлгани — сукут. Овозни эса ўчириб бўлмайди. Қалб чўғидан оташ бўлиб чиқаётган садони ўчириш эмас, эшитиш керак.
Эшитинг, қарашларингизни ўзгаринг, дунёни ўзгартиринг. Адолат истайсизми?! Журналистга ҳақиқатни гапириб, хавотирсиз яшаш имконини беринг. Эркинлик — қаттиқ гапириш эмас, ҳақиқатни қўрқмасдан гапириш.
Журналист хавфли бўлмаслигини керак. Журналистни хавфли қилиш — жамиятнинг ожизлигидир. Шунинг учун мен бугун сиздан, жамиятдан, бир-биримизни тушунишни сўрайман.
Журналист — душман эмас. Унинг микрофони — қурол эмас. Унинг қўлидаги қаламга кўзгу деб қаранг. Ҳақиқатни ёритиш — хавфли бўлмаслиги керак. Бу менинг ҳақим. Бу ҳар бир сўзловчи инсоннинг ҳақи.
Соҳиба Ҳаёт