Умматимизнинг "бирламчи масалалар фиқҳи"га бўлган эҳтиёжи: ҳатто диндорларда ҳам | 2 - қисм
Бугунги кунда бирламчи масалаларни аниқлашда нотўғри йўл тутиш фақатгина омма мусулмонлар ёки адашганлардагина кузатилмаяпти. Ҳаттоки диндор кишиларимиз ҳам тўғри фиқҳий мезон ва илм йўқлиги сабаб худди шу хатоларга йўл қўйишмоқда.
Шубҳасиз, илм, бу тўғри нарсани бузуғидан ажратиб бергани каби афзал бўлган нарсаларни ҳам афзал бўлмаганларидан ажратиб берувчи омил саналади. Шариат наздида ҳар қандай ишнинг қадр-қимматини белгиловчи ўлчов – бу илм бўлади.
Кузатувларимиз мобайнида илм нури ва тўғри фиқҳдан маҳрум қолган кўп инсонларни кўрамиз. Улар шу ҳоллари билан амалларнинг ўртасидаги ҳад-ҳудуд, чегараларни йўқ қилиб юборишади ва натижада уларни бир-биридан фарқлаб бўлмай қолади. Ёки шариат кўрсатмасига зид бўлган ҳукмлар билан чиқиб, ифрот-тафритга йўл очишади. Шу тариқа дин ғулувга кетганлар ва парвосизлар ўртасида қолиб, зое бўлади.
Шу сабабли уларни (ихлосли бўлишларига қарамай) афзал бўлган ишлардан ғафлатда қолиб, фазилати паст ишларга шўнғиб юришганини кўрамиз. Бир иш бир пайтда катта фазилатга эга бўлиб, яна бошқа пайтда фазилатсиз ишга айланиши мумкин. Лекин ана шу кимсалар илмсизликлари туфайли бу икки вазиятни бир-биридан ажрата олмайдилар.
Мен ўзим масжид билан тўла мамлакатда масжид қурилишини молиялаштирадиган гўзал шахсиятга эга инсонларни кўрганман. Улар бу иш учун миллионлаб доллар маблағ ажратишади. Лекин худди шунча маблағни ёки бир қисмини Исломни ёйиш, атеизмга қарши курашиш ёки шариат тақозо этган бошқа ишлар учун сарфлашни таклиф қилсангиз, улардан худди шундай натижа ололмайсиз. Улардан бу борада жавоб ҳам оломайсиз. Чунки улар девор иншо қилишга иймон келтиришган, шахсиятларни иншо қилишга эмас.
Ҳаж мавсумида ҳам ҳар йили кўгилли равишда ҳаж қилишга ҳарис бўлган кўплаб бой мусулмонларни кўраман. Яна кўпчилиги умра ҳам қилишади. Саховатлари туфайли бу борада пул сарфлашда аямайдилар. Аслида эса уларнинг ҳажлари ҳам, умралари ҳам фарз эмас, нафл бўлади. Лекин худди шу инсонлардан ҳар йили қилаётган ушбу ҳаражатларини золимларга қарши уришиш учун Фаластинга, Бангладешга ва бошқа мамлакатларга ёки даъват учун бирор бир марказ очишга ё бўлмаса мутахассислар учун бирор бир жиҳоз олишга ёки фойдали диний китоб нашр қилишга йўналтиришни таклиф қилсангиз, юзларини буришади.
Ваҳоланки, зулмга қарши курашиш ҳаж амалларидан афзал экани ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Ҳожиларга сув беришни ва Масжидул Ҳаромни обод қилишни Аллоҳга, охират кунига иймон келтирган ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилган каби қилдингизми?! Улар Аллоҳнинг ҳузурида тенг эмаслар. Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас. Иймон келтириб, ҳижрат этган ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари билан жидду жаҳд қилганлар Аллоҳнинг ҳузурида даражалари энг улкан кишилардир. Ана ўшалар – ўзлари ютуққа эришувчилардир. Робблари уларга Ўз тарафидан бўлган раҳмат, розилик ва наъим жаннатларининг хушхабарини берадир”, (Тавба сураси, 19-21 оятлар).
Қолаверса, бу инсонлар адо этаётган ҳаж ва умралар – нафл, кўнгилли амал ҳисобланади. Лекин динга қарши чиқишлар ва бунинг ички-ташқи қўллаб-қувватловчиларининг ишларига тўсқинлик қилиш – асримизнинг фарзи ва бугунги мажбуриятимиз ҳисобланади.
Агар мусулмон кимса тўғри фаҳм ва ҳақиқий иймонга эга бўлса ва бирламчи масалалар фиқҳини билса, унда саодат ҳиссини янада кўпроқ туя бошлайди ва руҳияти кучли бўлади. Иккиламчи нарсаларга сарфлаши мумкин бўлган ҳар бир ҳаражати эвазига бирор бир Исломий ташаббусга қўл урар экан, ё етимларга кафил бўлади ё очларни тўйдиради ё уйсизларга уй қуради ёки касалларни даволайди. Ё бўлмаса илмсизларга таълим бериб, ишсизларни иш билан таъминлайди.
Шайх Юсуф Қарзовий, “Бирламчи масалалар фиқҳи ҳақида” китоби