“Одамлар ўртасида адолат билан ҳукм қилинг!”
“Ассалому алайкум, ушбу залда ҳозир бўлганлар.
Мен,
Мубашшир Аҳмад 5 ой олдин бошланган тергов жараёни ва суд мажлисларида Жиноят
кодексининг 3 та моддаси бўйича айбланяпман.
Гарча адвокатларим диний қўмита рухсатисиз диний материал тарқатишга доир айбловларни бекор қилишни сўраган бўлса ҳам, мен шундай материаллар тарқатганимни тан оламан.
Чунки мен бу пайтда Туркияда бўлганман: бунинг учун Ўзбекистондаги идорадан рухсат сўраш кераклигини билмаганман ва бунга жисмонан имконим ҳам бўлмаган.
Қолган иккита айбловлар (жамоат тартибига таҳдид соладиган материаллар тарқатиш ва миллий адоват қўзғатиш) бўйича терговда ҳам айбим йўқлигини айтганман. Суд жараёнларида ҳам бу айбловлар ўз исботини топмаганини кўрдик. Ҳозир ҳам бу айбловларга қўшилмайман.
Энди айрим мулоҳазаларимни айтсам.
Динимизда
ҳам, ҳаётимизда ҳам бирор ишни бажарганда ўша инсоннинг нияти ва қасди жуда
муҳим ҳисобланади.
Масалан, киши ўз оиласини боқиш учун пул топаман, деб ишга бориб келса ҳам савоб олади.
Худди
шунингдек, инсонлар орасидаги муносабатларда ҳам ишлар ниятларга боғлиқдир. Мен
ёзган барча ишларим, мақолаларимда ниятим холис бўлган, одамларга яхшилик
улашиш эди.
Хусусан, айблов қўйилган материалда (Исроилнинг Ғазодаги геноцидига доир) ҳам одамларнинг, айниқса ёшларнинг кетиб қолиши олдини олиш, вазиятни тушунтириш мақсад қилинган эди.
Миллий адоват қўзғатиш ҳақидаги айбловларга ҳам қўшилмаслигимнинг сабаби бор. Чунки мен доим миллатлараро тотувликка чақирганман. Риё учун эмас, суд буни ҳисобга олиши учун бу борада қилган 2 та катта ишимни айтсам.
Биринчиси. Бир неча йил олдин Нукусда одамлар намойишларга чиқиб, «Қорақалпоқ воқеалари» деб номланган воқеалар бўлиб ўтди. Шунда Ўзбекистон Президенти администрациясининг илтимосига кўра, murojaat bilan (https://kun.uz/80806384) чиқиб, икки халқни тотувликка ва бирдамликка чақирдим. Низо ва фитналарни тўхтатишни илтимос қилдим.
Иккинчи ҳолат. 2019 йилда ўша даврдаги Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори ўринбосари лавозимида ишлаган бир аёл ижтимоий тармоқларда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ҳақорат қилгани билан боғлиқ воқеа тарқалди. Бу жамиятда кескин ва жуда қаттиқ реакцияларни келтириб чиқарди, аёлга таҳдид қилишни бошлашди.
Шундай вазиятда ҳам Президент администрациясининг илтимоси билан мен ўзимизнинг Azon.uz сайтимизга у аёлни чақириб, у билан суҳбатлашиб, асл мақсади ва вазиятни тушунтириб бердик. Ўшанда жуда катта юкни бўйнимизга олдик ва турли фитналарнинг олди олинишига эришдик.
Яна бир бор қайтараман, буларни мен риё учун эмас, балки фаолиятимдаги ниятим доим яхшилик ва тотувлик бўлганини судга билдириш, эслатиш учун айтяпман.
Бундан ташқари судя ҳукм чиқаришда саломатлигимни ҳам инобатга олишини сўрайман: мен 21 йилдан буён қандли диабет (сахар) касаллигидан азият чекаман.
Буйракларим яхши ишламайди, баъзида яхши кўринади, лекин баъзида оёқларим шишиб кетади. Оилам ва 7 нафар фарзандим бор. Уларнинг таъминоти менинг бўйнимда.
Шу кунга қадар халқимиз ва ёшларнинг диний-маърифий соҳада илм олишлари учун ҳаракатларим ҳам давом этмоқда. 10 жилддан иборат "Сочилган дурлар" номли Қуръони Каримнинг тафсирини бошлаганман.
Буюк аждодимиз Имом Бухорий қаламига мансуб "Саҳиҳи Бухорий" тўпламининг ҳам тафсир ва таржималарини бошлаб қўйганман. Бу ишларни охирига етказиб, халқимиз учун янги маънавий озуқаларни беришни ният қилганман.
Мен ўзимни қандай оқлашимдан қатъий назар, бу ишда ҳукмни судя чиқаради. Сиздан ҳукм чиқаришда юқорида айтганларимни инобатга олишингизни сўрайман.
Сўзимнинг охирини Аллоҳнинг каломи билан якунлайман: “Одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилинг. Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб, билиб тургувчидир”.
Мубашшир Аҳмад,
2025 йил
8 октябр,
ЖИБ
Учтепа туман суди
Манба: Kun.uz