05.10.2025 13:39
137

Америка медиасида “зилзила”: "Худо болаларни ўлдирадиганларни танламайди"

Такер Карлсон - Америка оммавий ахборот воситаларидаги энг машҳур ва таъсирли журналист, авваллари “Исроил тарафдори” деб ҳисобланган шахс яқинда АҚШ сиёсий ва медиа муҳитига ҳақиқий “бомба” ташлади.

У миллионлаб томошабинлар кўрган жонли эфирда илгари ҳеч ким айтмаган гапни очиқчасига айтди:

“Худо танлаган халқ деган нарса йўқ. Худо болаларни ўлдирадиганларни танламайди. Бу - бидъат. Улар - жиноятчилар ва ўғрилардир.”

Бу сўзлар Америка медиа саҳнасини ларзага келтирди. Газета ва онлайн платформалар унинг устидан ҳужум билан тўлди: кимдир уни “нафрат тарқатишда”, бошқалар эса “аудиторияга ёқиш учун популизмда” айблади. Аммо аслида Карлсон Америка жамиятида йиллар давомида “таъқиқланган савол”ни тилга олди, яъни АҚШ ОАВи қачонгача бир йўналишдаги сиёсий сафсаталар асири бўлиб қолади?

«Эстер лойиҳаси» ва пули тўланган инфлюенсерлар

Карлсоннинг бундай “ўзгариши” ҳаводан пайдо бўлмади. Сўнгги ҳафталарда жамоатчиликка ошкор бўлган расмий ҳужжатлар шуни кўрсатдики, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги дунё бўйлаб, хусусан, АҚШда — ижтимоий тармоқларда Исроилни оқлайдиган контент учун блогер ва инфлюенсерларга пул тўлаб келган.

АҚШ Адлия вазирлигига (FARA қонунига биноан) тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Исроил ташқи ишлар вазирлиги “Эстер лойиҳаси” деб номланган медиа кампанияга тахминан 900 минг доллар сарфлаган.

Бу кампания орқали Instagram, TikTok ва бошқа платформаларда инфлюенсерларга ҳар бир пост учун 7000 долларгача ҳақ тўланган. Контентнинг асосий вазифаси — Исроилни “қурбон” ёки “маданий намуна” сифатида кўрсатиш бўлган.

Лойиҳанинг “Эстер” деб номланиши ҳам бежиз эмас: бу ном қадимги диний қиссасдаги аёл образидан келиб чиққан бўлиб, у форс подшоҳининг қарорини ўз халқи фойдасига ўзгартирган. Замонавий сиёсий онгда “Эстер” Исроилнинг “мулойим таъсир” символи ҳисобланади, яъни, қуролсиз, оммавий ахборот воситалари орқали онгга таъсир этиш салоҳияти.

 Карлсоннинг бурилиши

Такер Карлсон бир пайтлар Исроилни қаттиқ ҳимоя қилган шахслардан бўлган. Бугун Ғазо ерларида бўлаётган фожиаларни кўргач, ўз позициясини кескин қайта кўриб чиқди.

У вайрон бўлган шифохоналар, қулаган уйлар остида қолган болалар суратларини кўргач, шундай деди:

“Болаларни ўлдирадиган киши Худо томонидан танланган бўлиши мумкин эмас.”

Унинг бу гаплари нафақат Исроил сиёсатини, балки уни қўллаб-қувватлаётган америкалик журналистларни ҳам қаттиқ танқид қилди.

“Жиноятларни оқлаётган журналистлар — ўша жиноятларнинг шеригидир,” — деди у.

Бу баёнотлар Америка медиа тизими учун ҳақиқий “шок тўлқини” бўлди. Унгача ОАВ жамоат онгини назорат қилишда мутлақ ҳукмрон деб ҳисобланганди.

Аммо ҳозир вазият ўзгарди:
Ғазодаги воқеаларнинг ҳақиқий тасвирлари ва мустақил журналистлар чиқарган материаллар орқали одамлар энди пропаганда ортидаги ҳақиқатни кўра бошлади.

 “Эстер лойиҳаси” ва Карлсоннинг сўзлари  бир хил нуқтада туташди

Такер Карлсоннинг жонли эфирда айтган сўзлари айнан “Эстер лойиҳаси” фош бўлган пайтга тўғри келди. Энди АҚШ ва Ғарбда муҳим савол қўйилмоқда:

Ғарбдаги Исроилга бўлган қўллаб-қувватлаш  чиндан ишончлими ёки пул билан шакллантирилган сунъий ҳамдардликми?

Карлсоннинг сўзлари бир лаҳзали фикр эмас - бу Ғарб ахборот тизимидаги идеологик зилзила бўлди.

Энг машҳур америкалик диктор “Худо танлаган халқ деган нарса йўқ” деб айтганида, бу нафақат диний, балки сиёсий мифнинг ҳам емирилишини билдирди.

Бу воқеа Ғарб онгидаги бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин: энди ҳақиқат нафақат “қаршилардан”, балки ўша тизимнинг ичидаги инсонлардан чиқмоқда.

Эҳтимол, тарихда шундай дея қайд этилар: бу лаҳза - ёлғон ва сунъий ривоятларнинг қулаши ва ҳақиқатнинг юзага чиқишининг бошланиши бўлган.

Муаллиф: Воҳид Усмон

Илҳомиддин Саййид Алим тайёрлади

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.