“Ҳаётга қарашингни ўзгартир”: Одамлар нима учун деист бўлади? (+видео)
Бугун – билим, маълумот кўпайди, илм олиш имкониятлари чек-чегара билмай қолди. Бироқ илм-фан тараққий этгани сари руҳий таназзул, инсонийликдан, яратилиш мазмун-моҳиятидан узоқлашиш, ҳиссий ва қалбий ҳақиқатларни ақл ва мантиқ билан инкор этиш ҳам кучайди. Ана шундай инкорчилар орасида деистлар минг йиллар давомида ҳақлигини миллионлаб бор исботлаган ҳақиқатларни рад этишни бошлади. Ушбу изланишимизда уларни фош қилиш, ўзларининг усуллари, ақл ва мантиқ йўли билан инкор этишни мақсад қилдик. Иккинчи қисм – одамлар нима учун деист бўлишлари ҳақида.
Киши нега деист бўлади? Нима учун пайғамбарлар ва китобларни
инкор қилади? Бу инкор бирор далилга таянадими ёки бошқа сабаби борми?
Ҳозирги видеода шу саволларга жавоб берамиз. Буни деист
билан суҳбат кўринишида намойиш қиламиз. Суҳбатдошимиздан сўраймиз:
– Аллоҳ пайғамбар ва китоб юбормаганини қаердан биласан?
Йўқса, Аллоҳ тажалли қилиб, сенга кўриндию, “Мен пайғамбар ва китоб юбормадим”,
дедими? Ҳар қалай, бундай бўлиши мумкин эмас. Унда сен Аллоҳнинг бирор
пайғамбар юбормаганини қаердан биласан? Табиийки, инкоринг далилга
асосланмаган. Энди эса сенга деист бўлишинг сабабини тушунтирамиз.
Ҳар бир гуноҳда куфрга етаклайдиган йўл мавжуд. Гуноҳ тавба
ва истиғфор билан ўчирилмаса, эгасини куфрга олиб боради. Яъни бундай: аввало
ўзинг гуноҳларга кўмилган ва ҳаромларга мубтало бўлгансан. Маъсиятдан
қутулолмаяпсан. Гуноҳдан олаётган нақд лаззатингни дўзах ҳақидаги фикрлар йўққа
чиқаради. Гуноҳингдан энди завқланаётганингда хаёлингга қабр азоби, жаҳаннам
қийноғи ва ҳисоб-китоб келади. Ана ўша онда дўзах бўлмаслигини орзулаб қоласан.
Шугина эмас, жаҳаннамнинг эгаси – Аллоҳ ҳам бўлмаслигини, истаганча гуноҳ
қилиб, кайфу сафо суришни истайсан.
Айни шу тасаввурдан Аллоҳни инкор қилиш туйғуси ва майли
майдонга келади. Олдинига Аллоҳни инкор этишни хоҳлайсан. Бироқ бундай
қилолмайсан. Чунки ҳарф котибсиз, игна устасиз ва ташкилот бошқарувчисиз
бўлмаслиги, бўлолмаслигини биласан. Шундай экан, бутун бошли олам устасиз,
эгасиз ва султонсиз бўлиши мумкинми? Мукаммал бу борлиқлар ўзидан ўзи яралиб
қолганми? Коинотдаги нуқсонсиз низомни тасодиф дея оламизми?
Булар ҳақида сен ҳам ўйлайсан ва худди шу сабабли Аллоҳни
инкор қилолмайсан. Айни пайтда У Зотнинг буйруқларига бўйсуниш оғир келади. Бу
сафар ўз-ўзингга дейсанки: “Яратувчи бўлсин, майли, аммо амр ва қайтариқлари
бўлмасин. Ҳамма нарса эркин ва ҳалол бўлсин. Ҳисоб ва азоб бўлмасин”.
Буйруқ ва қайтариқлар бўлмаслиги учун эса пайғамбарлар ва
китоблар бўлмаслиги керак. Мана шу қараш сени пайғамбарлар ва китобларни инкор
қилишга ундайди. Ўйлайсанки, инкор қалқони ортида ҳам гуноҳларни бемалол
қиласан, ҳам Аллоҳга ишонч соясида кимсасизлик ва эгасизликдан қутулиб, бир
нави ҳузурга эришасан. Яъни бирорта буйруқ сенга тегишли эмас, истаганингча
гуноҳ қилишинг мумкин, лекин бошингга иш тушса, ёрдам сўрайдиган яратувчинг
мавжуд.
Хулоса шуки, сен деистликни танларкан, далилга
асосланмагансан. Дўзахдан қўрқув ва у ҳақида ўйлашнинг нақд лаззатларингни
йўққа чиқариши сени деистга айлантирди. Сени деист қилган нафсингнинг
ҳийласидир.
Ҳолбуки, қуйидагича фикр юритсанг, ботил эътиқодингдан
дарҳол воз кечасан: сен гуноҳкор бўлсангу, аммо имон ҳақиқатларини қабул
этсанг, балки Аллоҳ гуноҳларингни кечирар. Ҳеч қурса, маъсиятингга яраша жазо
ўтаганингдан сўнг жаннатга кирарсан. Лекин агар бемалол гуноҳ қилиш учунгина
имон ҳақиқатларини инкор этсанг, кофир сифатида дунёдан ўтганинг сабабли
жаҳаннамда абадий қоласан, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлолмайсан.
Бу мақомда экансан, сенга насиҳатимиз шуки: гуноҳлардан қутулолмаяпсанми, Аллоҳдан афв ва ҳидоят сўра, паноҳига сиғин. Хотиржам гуноҳ қиламан деган ўй билан асло деист бўлма. Йўқса, охирги нафасингда шундай пушмон чекасанки, бу ҳолатнинг қанчалар оғирлигини тасаввур ҳам қилолмайсан.