12.03.2024 15:05

Рамазонда бўлмаса қачон?

Кеча кечқурун ёзганларимни тартибга солаётиб, уларнинг орасида бир ҳадис ёзилган қоғозга кўзим тушди. Анас ибн Моликдан ривоят қилинган мазкур ҳадисда шундай дейиларди:

"Мана яна Рамазон келди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари эса, ёпилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади. Мана шундай Рамазон ойига етишиб туриб ҳам гуноҳларидан покланиб ололмаганнинг ҳолига вой бўлсин! Рамазон ойида гуноҳларидан покланиб олмаса, қачон покланади ахир?!" (Табароний ривояти)

Ушбу ҳадиси шарифни ўқиб, аввалига севиндим. Кейин эса, ундаги бир жумла устида ўйланиб қолдим. Ана шу биргина жумладан туйган ҳиссиётларимни Сиз билан ўртоқлашмоқчиман.

"Рамазон ойида гуноҳларидан покланиб олмаса, қачон покланади ахир?!" Бу хитоб айниқса, умрининг хазонрезги мавсумида яшаётган, ҳаёт йўлининг сўнгги бекатлари кўриниб қолганлар учун таъсирчан эслатма, огоҳлантиришдир. Сизни билмадиму, аммо мен ҳадисдаги  "бўлмаса қачон ахир?" саволичалик ўйга толдирадиган, кўнгилга хавотир ва изтироб соладиган бошқа саволни билмайман.

Гуноҳлар тўзонида ғубор босиб, қорайган умр дафтарини тозалаш имкони туғиладиган мавсумга – Рамазон ойига ишора қилиб, ачинарли хотима эҳтимолидан огоҳ этадиган сўроқ бу...

Нима қилиб бўлса-да, мана шу ойда гуноҳлардан покланиб олиш лозимлигини уқтирадиган, "бунинг учун ушбу ойдан қулай фурсат йўқ", деган маънони ўз замирига яширган савол бу...

Бу савол мени туртиб, жаҳолат мастлигидан ҳушёр, ғафлат уйқусидан бедор қилди.

Сиз-чи, азиз дўстим, Сиз таъсирланмадингизми ҳадисдаги бу хитобдан? Сиз ҳам хавотирга тушмадингизми? Ўзингизга ўзингиз "Шошма", дея бир дам тафаккурга чўммадингизми? Ёки бу йўлга ўзингизни тайёр деб ҳисоблайсизми?  Ҳар бир амал ниятга боғлиқ дейилганидек, мағфират ёмғирида бошдан-оёқ покланишга ҳозирмисиз? Хотимангиздан хотиржамдирсиз балки? Агар шундай бўлса, Сизнинг бу хотиржамлигингиз ҳавасга, ҳатто, ҳасадга лойиқ!

Бироқ мен ҳамон "бўлмаса қачон ахир?" деган хитобдан ва у эсга соладиган абадий бадбахтлик эҳтимолидан, гуноҳлардан поклана олмай қолишдан, раҳмат мавсумида қақроқ лаб билан сувсиз қолиб кетишимдан қўрқяпман. Умидим шамчироғи хавотирим хуфтонини ҳеч ёрита олмаётир. Хуллас, қўрқяпман, дўстим, қўрқяпман.

"Бўлмаса қачон ахир?" Қанийди бу саволга: "Шу Рамазонда, ҳа-ҳа, албатта мана шу Рамазон ойида!" – деб жавоб бера олсайдим ва уни амалга оширишга шаҳд билан шайлансайдим, бундан ўзимни жуда бахтиёр ҳис қилардим.

Нима дейсиз, дўстим, Сиз бу йўлда мени эзгу ниятларингиз, дуоларингиз билан қўллаб турасизми? Мен эса ана шу "бўлмаса қачон ахир?" сўроғи ҳеч қачон Сизга тегишли бўлиб қолмасин, деб дуо қиламан. Илоҳим, ушбу Рамазон мағфиратингиз шони, покланишингиз нишони бўлсин, дейман. Сўзимнинг ниҳоясида яна бир марта ўзимдан сўрайман:

"Покланиш Рамазонда бўлмаса, қачон ахир?"

Содиқ Носир

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.