11.03.2024 15:30

Рамазон – ўзгариш ва ўзгартириш имконияти

Муборак Рамазон ойи ҳам келди. Рамазон келмасидан аввал уни интизорлик билан кутувчилар бор ва шунинг учун муборак ой учун режалар олдиндан тузилиши керак. Кўпчилик кўп умид ва режаларни Рамазон ойи билан боғлашади.

Ой эндигина кирганида дилдаги ниятларимиз, дуоларимизни айтиш, амалга ошириш учун ҳали вақт борга ўхшайди. Аммо, аслида, бунинг акси бўлиб чиқади: ой тез ўтиб кетади ва баъзида режалаштирган ишларимизнинг ярмини ҳам бажаришга вақт етмай қолади. Шунинг учун, бу муборак ойни тўғри режалаштириш ва фойда билан ўтказиш имконини берадиган бир нечта маслаҳатлар билан ўртоқлашмоқчимиз.

Келинг, бироз мулойим бўлайлик!

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, барча яхшиликдан маҳрум бўлибди» , дедилар». (Имом Абу Довуд ривояти).

Мулойимлик, меҳрибонлик энг ёмон хислатнинг давосидир ва инсоннинг гуноҳлари кечирилишига сабабдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ бандаларига нисбатан меҳрибон ва раҳмли бўлиб, одамлардаги бу хусусиятни жуда яхши кўради.

Афсуски, ҳамма ҳам бундай фазилатга эга эмас, демак, биз уни эгаллаш устида ишлашимиз керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳуга юзланиб дедилар: “Эй Оиша, мулойим бўл. Шубҳасиз, мулойимлик ҳар нарсада бўлса, уни зийнатлайди ва у нимадан суғуриб олинса, айбли қилади”, дедилар, (Абу Довуд, Имом Муслим).

Ҳар биримиздан кимдир ўрнак олади. Бу бизнинг фарзандларимиз, қариндош  ёки дўстларимиз бўлиши мумкин.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ўз устимизда ишламасак, уларга қандай намуна кўрсатамиз? Нуқсонлардан пок бўлиш учун Рамазон ойидан кўра ҳам яхшироқ вақт борми? Шунинг учун ҳам муборак Рамазон ойида маънавий камчиликларимизни бартараф этиш учун бор куч-ғайратимизни ишга солишимиз ва албатта муваффақиятга эришишга ишонишимиз керак!

Кўпроқ табассум қилинг!

Рамазон ойида сиз одамларга муносабатингизни тубдан ўзгартиришингиз ва, албатта, уларга тез-тез табассум қилишингиз керак. Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир», (Термизий).

Ўйлаб кўринг, азизлар, биз ўз савоб ишларимизни қанчалик осонлик билан қўлга киритишимиз мумкин, ҳатто яқин ва азизларимизга табассум билан ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди шундай қилганлар, бунга кўплаб ҳадислар гувоҳлик беради.

Жарир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига тўсиқсиз кира олар, у зотнинг ишончларини қозонган эди. Уни ҳар кўрганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилардилар.

Айтганча, табассум бизнинг кайфиятимизни яхшилаши билан ҳам фойдалидир. Биз табассум қилсак, мушакларимиз бўшашади, қон оқими яхшиланади ва танани кислород билан тўлдиради. Табассум қилганда, диафрагма мушакларини ривожлантирамиз ва ўпкадаги ҳаво вентиляциясини кучаяди.

Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, яна бир бор эслатиб ўтаман: яқинларингизга имкон қадар тез-тез табассум қилинг, шунда сиз нафақат уларни, балки ўзингизни ҳам хурсанд қиласиз!

Арзимас нарсалар ҳақида қайғуришни бас қилинг

Рамазон ойида асосий нарсаларга эътибор қаратиш жуда муҳимдир. Асосийси, рўзани Аллоҳ таолонинг розилиги ва мағфиратига сазовор бўладиган тарзда ўтказишдир.

Ислом дини ҳар бир диндор учун ҳаёт тарзидир. Қудратли Яратувчига банданинг ибодати эса ...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Одам боласининг ҳар бир яхши амалига ортиғи билан мукофот берилади. Бир яхшиликка ўн баробардан то етти юз баробаргача савоб берилиши мумкин. Аллоҳ айтадики: илло, рўза бундан мустаснодир. Чунки рўза Мен учун ва унга Ўзим ажр бераман. Рўзадор Мени деб шаҳвати ва таомидан воз кечади. Рўзадорга икки марта шодлик бор. Бири ифторлик чоғида, иккинчиси Роббисига йўлиққан чоғда. Шубҳасизки, рўзадорнинг оғзидан чиққан ҳид Аллоҳнинг наздида мушки анбарнинг хушбўйидан ҳам яхшироқдир. Рўза қўрғондир. Қайси бирингиз рўза тутган бўлса, бировни ҳақоратламасин ва овозини кўтариб бақирмасин. Уни биров сўкса ё урушса, унга: “мен рўзадорман”, десин”. (Бухорий ва Муслим).

Маълумки, рўзанинг бошқа хайр-эҳсонлардан фарқи шундаки, намоз, садақа ёки ҳаж каби бошқа ибодат турларидан фарқли равишда рўзада ёлғон ва риё камроқ бўлади. Охир-оқибат, биз рўза тутяпмизми ёки йўқми, буни ўзимиз айтмагунимизча, ҳеч ким била олмайди.

Кўриб турганимиздек, Рамазон ойи бутун дунё мусулмонлари учун ҳақиқий хазинадир. Шундай экан, келинг, ботиний дунёмизни ўзгартириш ва бошқаларни ижобий руҳият улашиш имкониятини қўлдан бой бермайлик.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.