18.10.2024 16:32

Ҳимматни баланд қилиш сабаблари

1. Илм ва идрок. Илм ҳамиша ҳимматни олий қилади. Илмли инсон кўркўрона тақлиддан холи, соф ниятли бўлади. Қиссада келишича, бир йигит юқори мартабали хонадоннинг гўзал қизига совчи қўйди. Қиз йигитнинг камбағаллиги ва оддий оиладан бўлгани учун кўнмади. Шунда йигит олий мартабали бўлишга қасд қилди, аммо бунинг учун бойлик топгани яхшироқми ё обрў келтирадиган бирор иш қилганими, ўйланиб қолди. Сўнг илм ўрганишни танлади. Натижада олим бўлди, катта обрў қозонди. Бояги қизнинг ўзи унга совчи юборди. Йигит эса: “Мен илмдан ҳеч нарсани устун қўёлмайман”, деб жавоб берди.

Илм ўз эгасига ҳар бир нарсани ўрнида бажаришни ва ортиқча нарсалардан йироқ бўлишни ўргатади. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ҳар бир ҳақдорнинг ҳақини адо қилинглар”, деганлар. Идрок эса инсонни шайтон ҳийлаларини англаб, уларга алданмасликка ёрдам беради.

2. Охират учун ҳаракат қилиш. Аллоҳ таоло айтади:

“Ким охиратни истаса ва мўминлик ҳолида (ўз) саъйи билан ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйи (Аллоҳ наздида) манзурдир” (Исро сураси, 19-оят).

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ таоло унга кўп нарсаларни муҳайё этади, қалбини хотиржам қилади ва дунёни унинг изидан қувиб юрадиган қилиб қўяди. Кимнинг ғами бу дунё бўлса, Аллоҳ унинг ишларини тарқоқ, кўзини оч қилиб қўяди ва дунёдан унга ёзилгани бўлади”.

3. Ўлимни кўп эслаш. Ўлимни эслаб туриш охират учун амал қилишга, бу ўткинчи дунёга алданиб қолмасликка, тавба қилишга ва тўғри йўлда ҳимматли бўлишга ундайди. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик. Шунда бир жамоатни кўриб қолдилар. “Улар нимага тўпланишган?” деб сўрадилар.

“Кавланган қабр атрофида тўпланишган”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрқиб кетдилар ва саҳобалар орасидан туриб қабр томонга кетдилар.

Бориб чўккалаб ўтириб қолдилар. Мен олд тарафларидан ўтиб, нима қиляптилар экан, деб қараган эдим, йиғлаётган эканлар. Ҳатто тупроқ ҳўл бўлиб кетди. Сўнг бизга юзланиб: “Эй биродарларим! Мана бу кунга қаттиқ тайёргарлик кўринглар”, дедилар».

4. Дуо. Бу пайғамбарларнинг суннати ва барча яхшиликларни жалб қилувчидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонларнинг энг ожизи дуо қилишдан ожиз бўлганидир”, дедилар. Ва яна бир муборак ҳадисларида: “Агар сизлардан бирор киши бирор нарса сўрамоқчи бўлса, кўпроқ (ва каттароқ) сўрасин, чунки Раббидан сўраяпти”, дедилар”.

5. Эътиборни жамламоқ. Ҳасан Басрий айтади:

“Ўзингни ҳақ нарсага машғул қилмасанг, унда ботил билан машғул қилиб қўясан”.

6. Чалғитадиган муҳитдан узоқ бўлмоқлик. Муҳит инсонга қаттиқ таъсир кўрсатувчи омил. Саҳиҳ ҳадисда келишича, бир киши тўқсон тўққизта одамни ўлдирди ва бир обиднинг олдига бориб: “Тавба қилсам, қабул бўладими?” деб сўради. Обид айтди: “Шунча гуноҳни қилиб, яна тавба демоқчимисан? Барибир қабул бўлмайди”. Шунда қотил: “Унда ҳисоб юзта бўлсин”, деб обидни ҳам ўлдирди. Шундан сўнг бир олим кишига йўлиқиб: “Юзта одам ўлдирганман, тавба қилсам, қабул бўладими?” деб сўради. Олим айтди: “Ҳа, албатта қабул бўлади, тавбанг билан Аллоҳнинг ўртасини ҳеч ким тўсолмайди. Лекин сен фалон ерга боргин, у ерда Аллоҳга ибодат қиладиган солиҳ кишилар бор, уларга қўшил. Ўз шаҳрингга борма, чунки у яхши жой эмас”.

Қотил олим айтган шаҳарга кетаётганида ажали етди.

Шунда раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари келиб талашишди. Сўнгра қайси шаҳарга яқин бўлса, ўша тараф жасадни олади, деб келишишди ва масофани ўлчашди. Қотил солиҳ одамлар яшайдиган шаҳарга яқинроқ бўлиб чиқди ва раҳмат фаришталари уни олишди.

Балки шунинг учун ҳам шариатимизда уйланмаган йигит зино қилса, яшаб турган жойидан бошқа ерга бир йил муддатга сургун қилингандир? Чунки шаҳрида бўлиб турса, яна зино қилиб қўйиши мумкин.

7. Олийҳимматли кишилар билан суҳбатдош бўлиш ва улар ҳақида кўп ўқиш. Бу ҳимматни олий қилиш сабабларининг энг муҳимларидан. Солиҳ кишиларнинг суҳбатидан инсонлар кўп фойда олади. Уларникўрганда Аллоҳ таолога бўлган ихлосимиз зиёда бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонлардан яхшиликка чорловчи калит ва ёмонликдан тўсувчи қулф каби бўлганлари бор”, дедилар.

8. Ҳар қандай шароитда ҳам хайрли амалларга шошиш ва унда сабр билан давом этиш. Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар! Сабр қилинг, бағрикенг бўлинг ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб туринг ва Аллоҳдан қўрқинг, зора, (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон сураси, 200-оят); «Бизнинг тўғримизда (йўлимизда) жиҳод (жидду жаҳд) қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз...”. (Анкабут сураси, 69-оят).

Асадулло Холмуродовнинг "Мўминнинг қуввати" китобидан олинди

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.