08.04.2024 16:20

Эҳтимол бу мен учун, сиз учун ОХИРГИ РАМАЗОНДИР!

Рамазон… Расулуллоҳ (с.а.в.), асҳоби киром ўн бир ой мобайнида интизорлик билан кутган қутлуғ мавсум. Солиҳ салафлар: “Аллоҳим, бизларни рамазонга етказ”, дея йўлларига кўз тутган муборак кунлар. Гуноҳларнинг кечирилишига умид уйғотган раҳмат-мағфират ойи…

Биз уни қандай кутиб, қандай кузатяпмиз? Эътибор қилсак, Расулуллоҳ (с.а.в.), асҳоби киромнинг “рамазонлари” ва бизнинг “рамазонимиз” ўртасида осмону ерча (балки ундан ҳам катта) фарқ бор.

Рамазон ойи киришидан бир неча кун аввал бозорга, катта савдо дўконларига борсангиз, одамларнинг турли-туман озиқ-овқат ва ичимликлар сотиб олаётганларига гувоҳи бўласиз. Гўё тақво ойига эмас, очарчиликка тайёргарлик кўришмоқда. Ажаб, улар дунёда миллионлаб оч-яланғоч мусулмонлар борлиги ҳақида ўйлашармикан?!

Бугун кўпчилигимиз рўзанинг ҳақиқатини англаб етмаганимиз бор гап. Рўзадан мақсад, саҳардан то шомгача емоқ-ичмоқ ва жимоъдан сақланишгина эмас. Ахир, шом азонини эшитгач, “чанқоқ кетди, томирларга сув югурди ва иншааллоҳ, ажр собит бўлди” дея дуо қилиб, орқасидан сигарет тутатган рўзадорнинг рўзасида нима маъно бор?! Кундузи билан рўза тутиб, намоз ўқиб, садақа бериб, Қуръон ўқиб ҳасанотлар жамлаган, кейин эса туни билан шаҳватларга қул бўлганча телевизор томоша қилиб, интернет саҳифаларининг энг расволарини варақлаган одамнинг қилмишларида тақво нима қилсин?!

Ваҳоланки, рамазон собиқийн-ҳақиқий мусобақачилар майдони, содиқлар ўлжаси ва мўминлар хушнудлиги. Рамазоннинг кеча-кундузлари Замон боши узра тождир. Шундай экан, унинг кечаларини бедор ўтказадиган, рўза одобларига амал қиладиган, ғафлатидан уйғонган, бугунидан эртасига захира олган бандага жаннат бўлсин! Зотан, рамазонга етиш – неъматларнинг энг улуғи. Ўлим қанчалаб инсонларни ўз домига тортди. Бир кун бўлса ҳам рўза тутсам, бир кеча бўлса-да ибодат қилсам деб қон йиғлаган, юраклари эзилган хасталар билан қанча-қанча каравотлар тўлиб-тошди. Ва лекин “…улар билан истайдиган нарсалари (имон) ўртаси тўсиб қўйилди…” (Сабаъ, 54).

Эҳтимол бу мен учун, сиз учун ОХИРГИ РАМАЗОНДИР!

Унда имонимизни янгилайлик, гуноҳларимизни ювайлик. Дуо қилайликки: “Эй Аллоҳим, бизларни йиллар давомида рамазонга етказ ва бизларни дўзахдан озод бўлган қулларинг қаторида қил!”

Саййид Аҳмад

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.