23.03.2024 15:36

Боламизга рўзани қандай англатамиз?

Ҳар бир ибодатнинг назарий ва амалий томонлари бўлади. Болалар ҳам билимга, ҳам кўриб ўрганишга эҳтиёж сезади. Биз ё боламизга фақат билим бериб, ўзимиз ўрнак бўлишни унутамиз, ёки ибодатларимизни ўзимиз қилиб, боланинг бу борадаги қизиқишларини қондирадиган билимлар беришда нуқсонга йўл қўямиз. Рўза ҳақида гап кетганида эса, Рамазон келмасидан олдин болаларимизга у ҳақида маълумот беришимиз керак.

Бундай маълумот бериш асносида болага рўза ибодати ўтмишда бошқа пайғамбарларга ҳам буюрилгани, рўза тутсак, Аллоҳ бизни жуда ҳам яхши кўриши, рўза бизни интизом ва тартибга ўргатиши, оч ва чанқоқ қолиш билан камбағал-бечораларнинг аҳволини тушунимиз, танамиз йилда бир марта рўза воситасида тозаланиб олиши кабилар ҳақида гапириб бериш мумкин.

Умуман олганда, болалар рўза тутишни хоҳлашади. Уйда ҳамма катталар саҳарликка туришини билиб, унинг ҳам тургиси, оила даврасида саҳарлик қилгиси келади. Унга фарз бўлмаса ҳам, кўникма ҳосил бўлиши учун саҳарликка тургиси келса, уйғотиш, чидаганича рўза тутишига имкон бериш керак.

Болада рўза тутишга кўникма ҳосил қилишнинг бир қанча усуллари бор. Мисол учун, саҳарликка туриб, катталар билан рўза тутган бола, пешинга бориб қорни очиб ёки чанқаб қолиши мумкин. Шундай пайтда ошхонада кўздан пана жой ҳозирлаб, овқат ва чой қўйиб қўйилса ва болага онаси ёш болалар рўзани “улаб” тутса ҳам бўлаверишини, ҳеч кимга кўринмай овқат еб олиб кейин яна рўзасида давом этавериши мумкинлигини тушунтирса, боланинг бу ибодатга шавқи пасаймайди, аксинча ортади.

Саҳарликка ухлаб қолган бола катталар билан рўза тутолмаганидан хафа бўлса, унинг кўнгли учун ва асосийси, кўникмаси шаклланиши учун бирор маҳал намоз, айтайлик, пешинга азон чақиргунича еб-ичиши, ундан кейин шомгача “рўза тутиши” мумкинлигини айтиш мумкин. Агар бунча вақт оч юришга чидолмаса, асрдан кейин ҳам “рўза” тутаверсин. Муҳими, бу ибодатнинг фазилатидан, файзидан баҳраманд бўлсин. Улғайиб, балоғатга етгач, рисоладагидек рўза тутиши осон кечади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.