21.03.2024 14:31

Ҳақиқий рўза қандай бўлиши керак?

Тасаввуф уламолари наздида рўзанинг уч тури мавжуд: омманинг рўзаси, хосларнинг рўзаси, энг хосларнинг (хосларнинг хоси) рўзаси.

Омманинг рўзаси ошқозон ва фаржнинг шаҳват истакларини тўсиш орқали амалга оширилади.

Хосларнинг рўзаси ошқозон ва фаржнинг шаҳват истакларини тўсиш билан бирга кўлоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийиш орқали юзага чиқади.

Энг хосларнинг рўзаси эса ошқозон ва фаржнинг шаҳват истакларини тўсиш, қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийиш билан бирга қалбни пасткаш ғам-ташвишлардан сақлаш, дунёвий андуҳлардан поклаш, умуман, қалбдан Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсани чиқариб ташлаш орқали ҳосил бўлади. (“Иҳёу улумид дин”, Абу Ҳомид Ғаззолий)

Демак, тасаввуф уламоларининг наздида рўзадор нафақат еб-ичишдан, оилавий муносабатлардан ўзини тияди, балки Аллоҳ таолодан, охиратдан бошқа фикрлардан ҳам тийилиши даркор. Фақатгина дунёвий ташвишлар охират учун тайёргарликка хизмат қилса мумкин.

Ҳатто баъзи уламолар, кимки ифтор вақтида нима ер эканман, деб ғам-ташвиш қилса, ундан хатолик содир бўлган бўлади, дейишган. Чунки бу ҳолат Аллоҳ таолонинг Розиқ (ризқ берувчи) эканига ҳақиқий маънода ишонмаслик натижасида юзага чиқади.

Энг хос бандаларнинг рўзаси олтита ишни жамлаш орқали ҳосил бўлади:

1.  Кўзни ҳар бир ҳаром ва макруҳ ҳисобланган нарсалардан тийиш. Нафақат ҳаром ва макруҳлардан, балки Аллоҳдан чалғитадиган, қалбни машғул қиладиган ҳамма нарсадан назарни тийиш.

2.  Тилни ортиқча гапдан тийиш. Яъни, шариат ҳаром қилган ёлғончилик, чақимчилик, туҳмат, ғийбат каби сўзлардан тийилиш билан бирга беҳуда, ортиқча ҳар бир сўздан тўхтаб, фақат Аллоҳнинг зикри, Қуръон тиловати ва имкон борича сукутни лозим тутиш. Ҳатто баъзи тасаввуф уламолари ғийбат рўзани бузади, деган фикрларни ҳам илгари суришган.

3.  Қулоқни ҳар бир макруҳ товушни тинглашдан тийиш. Зеро, гапириш ҳаром бўлган ҳар бир нарсани тинглаш ҳам ҳаромдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳаром нарсани тинглашни ҳаром нарса ейиш билан баробар зикр қилган.

4.  Қўл, оёқ каби бошқа аъзоларни ҳам гуноҳлардан – ҳаром ва макруҳлардан тийиш. Шунингдек, саҳарлик ва ифтор вақтида шубҳали маҳсулотлардан парҳез қилиш.

5.  Саҳарлик ва ифтор вақтларида ҳалол таом билан ҳам қоринни ҳаддан зиёд тўйдириб юбормаслик. Чунки Аллоҳ таолонинг энг кўп ғазабини келтирадиган  идиш – ҳаддан зиёд тўлдирилган қориндир. Зеро, аслида рўзадан кўзланган мақсад нафсни жиловлаш, шайтонга қаҳр қилиш ҳисобланади. Нафсни енгиш ёки шаҳватни синдиришга кундузи билан истеъмол қилгиси келган нарсани емай оч юриб, ифтор вақтига келганда ўшаларни ҳаммасини қоринга тиқиш билан эришилмайди. Тасаввуф уламолари рамазон ифторида истеъмол қилинадиган таомлар хилма хиллиги ва миқдори рўзадан бошқа пайтдагидан ошиб кетмаслиги керак, бир хилда бўлиши лозим, дейишади. Чунки юқорида айтганимиздек, рўзадан кўзланган мақсад нафснинг хоҳишларини жиловлашдир.

6.  Кунлик рўзани ниҳоясига етказиб, ифторлик қилиб бўлгач қалби хавф ва ражода, яъни, рўзани қойиллатиб тутиб қўйдим, деб эмас, ушбу тутган рўзам Аллоҳнинг наздида мақбул бўлдимикан, хато-камчиликларга йўл қўймадиммикан, деб хавф(қўрқув)да ва иншааллоҳ Роббим ушбу рўзамни қабул қилар, деган ражо(умид)да бўлмоғи лозим. Чунки қилаётган амалларимиз Аллоҳнинг наздида қабул қилинадими ёки рад этиладими, ҳеч биримиз билмаймиз.

Шунингдек, тасаввуф уламоларининг наздида рўзани ҳар қандай ҳаром амал бузади. Фақатгина ейиш, ичиш ва жимодан ўзини тийиб тутган одамнинг ҳам рўзаси саҳиҳ бўлади, аммо бу энг енгили ҳисобланади. Бу ҳолат ҳудди таҳоратда фақат фарз аъзоларини бир мартадан ювиб намоз ўқиган кишига ўхшайди. Бу кишининг намози саҳиҳ ҳисобланса ҳам фазл-даражаси анча кам бўлади. Рўза тутиб нафақат ейиш, ичиш ва жимодан ўзини тийиб, балки биз санаган юқоридаги олти ҳолатга ҳам амал қилган киши эса таҳоратини фарз, суннат ва мустаҳабларга риоя қилиб бажарган ва намоз ўқиган кишига ўхшайди.

Куни билан ўзини тийиб, ифтор вақтида ҳаром ёки шубҳали нарсалар билан ошқозонни тўлдириш, ёҳуд куни билан қулоқ, тил, ва кўзни тийиб, ифтордан кейин нафс хоҳлаганини бажариш рўзадор учун энг хатарли ҳолат ҳисобланади.

Юқоридагилардан билишимиз мумкинки, тасаввуф уламолари амалларнинг, хусусан, рўзанинг моҳиятига асосий эътиборни қаратадилар. Аммо бу дегани улар фиқҳий ҳукмларга қарама-қарши дегани эмас. Тасаввуф уламолари фақатгина чуқурроқ, жиддийроқ эътибор қаратишади, холос. Ейиш, ичиш ва жимодан тийилиш ҳам шаҳватни синдирувчи, нафсни жиловлашга ёрдам берадиган амаллар саналади. Аммо нафсни барча гуноҳлардан тийиш энг асосий мақсад бўлиши керак, деб ҳисоблайдилар. Ўзи умуман тасаввуф уламоларининг наздида барча амаллар нафсни тарбиялаш, уни ислоҳ қилишга қаратилган бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, рамазон ойи қалб ва руҳиятни поклаб олиш учун ниҳоятда қимматли фурсат. Рамазон ойи нафақат зоҳиримизни балки ботинимизни – қалбимизни ҳам поклаб олишимиз мумкин бўлган муддат.

Таом ва ичимликлар рўзадорнинг хаёлидаги энг ҳақир нарсалар бўлиши лозим. Аслида эса бор эътибор қалбга, жисмнинг гуноҳдан узоқлигига қаратилиши даркор. Чунки қалб ва танани гуноҳдан бир лаҳзагина тийиб туриш, эртадан кечгача овқат ва ичимликдан тийиб туришдан қийинроқ. Рўза фақатгина ошқозонни тийиш эмас, нафсни тийишдир. Рўза фақатгина жимодан маълум муддат ўзини сақлаш эмас, инсониятга зулм қилишдан, азият беришдан ўзини сақламоқдир.

Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.