01.04.2024 15:35

Хуш бор, Рамазон...

Кечагина юрагимда ҳадик билан кутгандим Сени. Ташрифинг яқинлашгани сари уддалай олармиканман, дея қўрқувга тушганим рост. Яшириб нима қилдим? Танбаллигим ҳам чин.

Бироқ айтмоқчи бўлган асосий гапим бу эмас. Ҳаммаси кеча бошланди. Эрталабгача хаёлан Сен билан суҳбатлашиб чиқдим. Менда бунақа ҳолат тез-тез бўлади, яъни кўп нарсанинг моҳиятини кечроқ англайман. Хуллас, кеча шомдан кейин, кетишингга саноқли кунлар қолганда бирдан юрагим орзиқди. Ибодатларга, тиловатларга сендагичалик кўп савоб берилмайдиган, хоҳласам ҳам таровеҳ ўқиёлмайдиган, илоҳий раҳмат, марҳамат, мағфират бўлса ҳам, сел каби ёғилмайдиган, файзли саҳарликларсиз, завқли ифторликларсиз, кундузги қийинчиликлар эвазига шомдаги фараҳли онларсиз одатий кунлар бошланишини ўйлаб...

Йиғлаяпманми? Йиғлаяпман. Бошланганингдан бери кўп кўзёш тўкмадим. Саҳарлик, ифторлик ташвиши, ҳеч тугамас уй юмушлари, ишхонадаги вазифалар... Ҳаммасига улгуришни ўйлаб, туйғуларни ҳам четга суриб қўйдим, шекилли. Ахир, бир нарсани чин дилдан ҳис қилсанг, йиғлайсан-да.

Лекин кеча йиғладим, юрагим чиндан орзиқди. Сенга маҳкам ёпишгим келди. Доимий юмушлардан фарқли равишда тиловатга улгурай, ибодатга улгурай деган ташвиш тушди ичимга. Хайрли ҳамроҳим, ёмонликларга қалқон бўлиб йигирма беш кун ёнимда юрдинг. Мен ғофил эса... кетар чоғингда қадрингни ҳис қилиб ўтирибман. Шунисигаям шукр, шавволга етгач англасам нима бўларди?

Эрта-индин кетасан, йўл анжоминг – амалларимизга гувоҳлик... Сафарга отланган амакиси Абу Толибнинг туяси жиловини тутиб: “Мени кимга ташлаб кетяпсиз?” дея маъюсланган кичик Муҳаммаддек хаёлимда маҳзун савол айланади: “Бизни ташлаб қаёққа кетяпсан, Рамазон?..”

Абу Толиб ўз болаларидан ҳам ортиқ кўрган жиянини уловига мингаштирди, бирга йўлга чиқишди. Лекин мен... қоламан – кўзим ёшли, дилда ғашлик. Сен ҳам бирга олиб кетмайсан. Боя айтганимдай, олиб кетадиганларинг – гувоҳлик. Тутган рўзаларимизга, таровеҳлар, хатмларимизга, хатти-ҳаракатларимизга...

Мен сен билан нима юборяпман? Фақат ўтинч...

Хуш бор, Рамазон. Ўтинчим – ёмонликларимизга кўз юм, эй ўттиз кунлик хайрли ҳамроҳ. Даргоҳи илоҳийда яхшилигимизга гувоҳлик бер. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши эканига тўртта, учта, ҳатто иккита мусулмон гувоҳлик берган мўмин жаннатга киради, деганлар. Буюк Зот ҳузурида азиз ойсан, шундай экан, шоҳидлигинг ҳам мўътабар.

Ҳолимизни Раббимиз яхши билади. Шундай бўлса-да, биз Саодат асридан анча йиллар кейин дунёга келганимиздан, фитналарга тўла замонда яшаётганимиздан гапир. Ҳашаматли уй, қимматбаҳо жиҳоз, сўнгги русумдаги улов, яхши кийиш, яхши еб-ичиш, ҳамманикидан зўр телефон тутиш... ҳақидаги туганмас орзуларимиздан эмас, ўша орзулардан бир-бир бўлса ҳам узилиб, хаёлан Асри Саодат Маккасида, Мадинасида кўзда ёш билан кезишимиздан айт. Фалон пулга олган либосларимизда ўзимизни бахтиёр сезмай, ўн иккита ямоқли биттагина кўйлагида Расулуллоҳ билан ёнма-ён бўлган саҳобийларга ҳавасланишимиздан сўз оч.

Рўза тутиб, ҳолсизланганимизда эркаланган боламизни жеркишларимизни ташлаб ўт. Ифтордан кейин, томирларимиз ҳўлланиб, юмушлардан бироз тин олганимизда кичкинтойимизнинг бошини силаб энг яхши бобо – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида гапирганимиз, боламиз “Нега йиғлаяпсиз?” дея берган саволига чин дилдан “Расулуллоҳни соғиндим”, деганимиздан сўз оч.

Саҳарликка ухлаб қолмай деб, чалғиш учун турли каналлар, ижтимоий тармоқларда жавлон уришимизни, ифторгача вақт ўтсин деб телевизорга термулишларимизни қолдир. Доим бўлмаса ҳам интернетдан Макка тасвирларини қидириб қолишимиз, топиб кўргач, қалбимиз юмшаб, бизни ҳам шу жойларга етказишини сўраб қилган дуоларимиздан, Абводаги ҳазрат Омина қабрига, Бани Саъд юртига, Бақиъ қабристонига, Уҳудга боргимиз келганидан гапир.

Рўза ҳолимизда ғийбатдан тийилмаслигимиз ҳақида айтма. Виждонимиз қийналиб, ахир бир жойда ғийбатдан тўхтаганимизни, бировнинг ҳақини ўйлаб ичимизга тушган қўрқув ила айтган озми-кўпми истиғфорларимизни етказ.

Худбинлик қон-қонимизга сингиб бораётгани, уйқумизни қизғониб мусулмонлар ҳақига дуо қилишга эринишимиздан сўз очма. Қай бир кечада усти очиқ қолган боламизни ўраб қўяётиб дунёнинг қайсидир бурчида гўдагининг ярасига малҳам тополмай фарёд ураётган мўминлар дардига нажот сўраб ўқиган икки ракатгина намозимиз ҳақида айт.

Танбаллигимиз, дангасалигимиз, серзардалигимиз, иззатталаблигимиз, масъулиятсизлигимиз, чидамсизлигимиз,... хуллас, тугаб-битмас иллатларимиздан гапирма. Оз бўлса ҳам хислатларимиздан сўз оч.

Биз жудаям ожизлигимиз, Раббимиз ўта буюклигидан айт. Ҳеч бўлмаса, шу ҳақиқатни иккиланмай тан олишимизни, амалларимиз чала-чулпа бўлса ҳам, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги, Муҳаммад алайҳиссалом У Зотнинг бандаси ва элчиси эканига чин дилдан иқрорлигимизни етказ.

Нодонлигимиз билан ўзимизга жабр этганимиздан, энг умидбахш оят дейилган Зумар сурасидаги «(Эй Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир», деган мазмундаги хушхабарга дохил бўлишга умидворлигимиздан гапир.

Ўзимизга маҳлиёликдан қутулолмасак ҳам, кўнглимизда Расулуллоҳга муҳаббат, саҳобийларга эҳтиром, ҳурмат борлигига; Аллоҳ ва расулига нисбатан севгимизни атрофимизни ўраб олган сон-саноқсиз чалғитувчи нарсалар ичидан омон олиб ўтишга саъй қилаётганимизга гувоҳлик бер.

Мендан ўтганига рози бўл. Келаси ташрифингга бутун мусулмонларнинг тўкис-тугалликда, хотиржамликда, имон, вужуд ва руҳ саломатлигида етиш ҳақидаги тилакларимни илоҳий даргоҳга етказ.

Хуш бор, Рамазон. Келгуси йили “Хуш келдинг!” дея кутиб олиш насиб этсин деб:

Зумрад Фозилжон қизи

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.