03.04.2024 11:16
Ўзбекистонда меҳнат муҳожирлари учун янги имкониятлар пайдо бўлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга миграцияни тартибга солиш ва меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимот қилинди.
- Бандлик
вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги давлат муассасаси
шаклида бошқарув органига айланади.
- Агентлик директори бир вақтнинг ўзида бандлик вазири ўринбосари бўлади. У
меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ҳам бошқаради.
- Буюк Британия, Германия, Польша, Венгрия, Япониядаги элчихона
ва консулликларда меҳнат миграцияси бўйича атташе, Саудия Арабистонида агентлик
вакили лавозими жорий қилинади.
- Хориждаги фуқаролар масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш
учун элчихоналар ва тегишли вазирликларда 24 соат ишлайдиган “колл-марказлар” ташкил
этилади.
- “Хорижга иш – маҳалладан” тамойили йўлга қўйилади. Бунда,
ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси хорижда ишлаш истагида бўлган фуқарони аниқлаб,
“Онлайн маҳалла” платформасига киритади. Номзодлар хориждаги иш берувчилар
танловларига жалб қилинади.
- Касбий малакаси йўқ ва тилни билмайдиган фуқароларни касбга
ўқитиш ва профтаълим муассасаларида мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунинг
учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳузурида фуқароларни хорижий тилларга
ўргатиш ва ишлашга мақсадли тайёрлаш маркази очилади.
- Муҳожирларнинг ишчи виза, йўл чиптаси, хорижий тил ва касб бўйича малакани баҳолатиш
харажатлари қисман қопланади.
- Чет тили бўйича халқаро ёки унга тенглаштирилган сертификат
олган фуқарога тил ўрганиш учун сарфлаган харажатининг 50 фоизи қоплаб
берилади.
- Сайхунобод тажрибаси асосида хорижий муҳожирликдан қайтган фуқароларга
томорқада маҳсулот етиштириб, даромад олиши учун молиявий кўмак берилади ҳамда
бошқа турдаги бандлик хизматлари кўрсатилади.
- Тиббий муассасалар миграциядан қайтган шахслар ва уларнинг оила
аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказади.
- “Инсон” марказлари томонидан ота-онаси хорижда меҳнат
қилаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади.
- Меҳнат миграциясидан қайтганларни ишга олган корхонага ҳар
бир ходим учун бир йил давомида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ойига 500
минг сўм субсидия берилади. Ушбу тадбирларга бу йил учун барча манбадан 100
миллиард сўм ажратилади.