Имом Термизий зиёратгоҳи. hidoyat.uz

2024 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг 1200 йиллиги кенг нишонланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг 15 августда имзоланган “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Ҳужжатга кўра, Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарларининг мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржима ва шарҳи тайёрланиб, чоп этилади.

Тошкент шаҳрида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда конференция доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади.

Имом Термизий зиёратгоҳига олиб борувчи йўл инфратузилмалари яхшиланиб, жумладан, ёдгорлик мажмуаси ва унга туташ ҳудудлар ободонлаштирилади.

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Имом Абу Исо ат-Термизий мажмуасида Имом Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китобларининг кўргазмасини ташкил этиш.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони” танловини ўтказиб, ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилди.

Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Маданий мерос агентлиги билан биргаликда хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Термизийнинг ҳаёти, илмий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаб, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келади, тизимли равишда тадқиқ қилади.

 

 

 

Мавзуга алоқадор