31.05.2024 07:40

Ўзбекистонда ICESCO минтақавий ваколатхонасини очилиши режалаштирилмоқда

Шавкат Мирзиёев 30 май куни Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори Салим ал-Маликни қабул қилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Салим ал-Малик Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирлари йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатга келган.

ICESCO бош директори Ўзбекистондаги «бой илмий ва маданий меросни асраб-авайлаш, ҳар томонлама ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган сиёсат натижаларини» юқори баҳолади, дейилади хабарда. Президент ташкилот билан ўзаро манфаатли ва жадал ҳамкорликнинг бугунги даражасини қайд этди.

 Учрашувда илм-фан, маданият, таълим ва туризм соҳаларида ушбу минтақавий тузилма билан конструктив мулоқот ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Томонлар амалий шерикликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистонда ICESCO`нинг минтақавий ваколатхонасини очиш масаласига тўхталди.

 2007 йилда Тошкент шаҳри Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган, 2020 йилда Бухоро шаҳри, 2025 йил учун эса Самарқанд шаҳри ушбу мақомга эга бўлган.

Жорий йилда Хива Ислом дунёсининг туризм пойтахти ҳисобланади. Тошкент шаҳридаги Халқаро ислом академиясида ICESCO`нинг Ислом цивилизациясини ўрганиш бўйича махсус кафедраси фаолият юритмоқда.

Ҳамкорликнинг янги йўналишлари сифатида қўлёзмалар ва бошқа тарихий ёдгорликларни сақлаш, реставрация қилиш бўйича тажриба алмашиш, бу борадаги лойиҳаларни амалга ошириш, араб тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, халқаро илмий ва маданий тадбирларни ташкил этиш белгиланди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.