15.10.2024 12:15

Ўзбекистонда электрон овоз бериш синовдан ўтказилади

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 2024 йил 27 октябрда ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайловида Тошкент шаҳрида жойлашган айрим сайлов участкаларида электрон овоз бериш жараёнини синовдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қайд этилишича, сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида мамлакат тарихида илк маротаба электрон овоз бериш жараёнини синовдан ўтказиш режа қилинмоқда.

Электрон овоз бериш тартиби овоз бериш ва сайлов натижаларини тезкор аниқлаш, овоз бериш жараёнларининг қонунийлигини таъминлаш, сайлов комиссияларининг иш ҳажмини мақбуллаштиришга хизмат қилиши айтилмоқда.

Қурилма сайлов бюллетенларининг электрон кўринишлари билан махсус дастурланган, монитор, қоғозни чоп этувчи ва автоматик тарзда кесувчи принтер, сайлов қутиси ва уни масофадан фаоллаштириш тугмасидан иборат бўлади. Ундан фойдаланиш тартиби участка сайлов комиссиясининг тегишли масъул аъзоси томонидан тушунтирилади.

Тизим Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиясининг тавсиясига асосан пойтахтдаги 16-, 17-, 18-, 19-, 20-, 21-, 22-, 23-, 24- ва 25-сайлов участкаларида жорий этилади.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.