18.12.2023 18:26
Абдулфаттоҳ ас-Сисий 89,6 фоиз овоз билан Мисрда яна президент бўлди
Мисрнинг амалдаги президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий мамлакатда 10−12 декабрь кунлари бўлиб ўтган президентлик сайловларида 89,6 фоизлик овоз билан қайта сайланди. Бу ҳақда мамлакат Миллий сайлов кенгаши раиси Ҳазим Бадавий маълум қилди.
Бадавий президентлик сайловларида 44,7 миллион сайловчининг овоз бергани, иштирок нисбати эса 66,8 фоизни ташкил этганини қўшимча қилди.
Шундай қилиб, кетма-кет учинчи бор мазкур лавозимни эгаллаган Сисий Мисрни энг камида 2030 йилгача бошқарадиган бўлди.
Ас-Сисий уч номзод: Республикачилар партияси етакчиси Ҳазим Умар, Социал-демократик партия раҳбари Фарид Заҳран ва либерал «Вафд» партияси етакчиси Абдул Санад Ямама билан рақобат олиб борди.
Абдулфаттоҳ ас-Сисий илк бор 2014 йилда Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятдан ағдарган, бир йилдан кейинги сайловларда Миср президенти этиб сайланган эди. 2018 йилда ушбу лавозимга қайта сайланди. 2019 йилда Конституцияга киритилган ўзгартиришлар унинг амалдаги муддатига яна икки йил қўшган ва бу унга учинчи бор — бу гал олти йиллик президентлик муддатига ўз номзодини қўйиш имконини берди.