Ўзбекистон Хитой билан янги ҳамкорлик келишувларини имзолади
Хитой компаниялари Ўзбекистоннинг икки ҳудудида шамол ва қуёш электр стансиялари қуради. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Биринчи Самарқанд халқаро иқлим форуми доирасида вазирлик ҳамда Хитой компаниялари ўртасида “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги инвестиция битими имзоланди.
Хусусан, SANY Renewables International Investment Co., Ltd. компанияси билан Қорақалпоғистонда шамол электр стансиясини қуришга келишилди. Унинг қуввати 1000 МВтни ташкил этади.
Иккинчи лойиҳа China Electrical Equipment International Company Limited Жиззах вилоятининг Фориш туманида 500 МВт қувватга эга қуёш электр стансиясини қуришни назарда тутади.
Маълумот ўрнида, 2030 йилгача мамлакатда 19 минг МВт “яшил” қувватларни барпо этиш орқали қайта тикланувчи энергия улушини 54%га етказиш режалаштирилган.