24.07.2025 06:27
44
Ўзбекистон ва Малайзия исломий банк тизими бўйича ҳамкорлик ўрнатмоқда
Ўзбекистон делегацияси Малайзия Марказий банки (Bank Negara Malaysia) раҳбарияти билан учрашув ўтказиб, исломий банк тизими ва молиявий тартибга солиш борасидаги асосий ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.
Учрашувда Малайзия тажрибаси – исломий банклар ва молиявий институтларга лицензия бериш, уларни назорат қилиш ва тартибга солиш жараёнлари батафсил ўрганилди. Хусусан, Шариат тамойилларига риоя этилиши ва исломий молия тизимидаги ликвидликни самарали бошқариш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.
Малайзияда 16 та исломий банк фаолият юритади ва уларнинг активлари мамлакат банк тизими активларининг 40% дан ортиғини ташкил этади. Исломий молиявий бозор қонунчилик жиҳатдан ривожланган бўлиб, инвестиция, суғурта ва молиялаштиришнинг турли шакллари кенг қўлланилади.
Ўзбекистонда эса ҳозирча тўлиқ исломий банк йўқ. Бир нечта банкларда айрим исломий молиявий маҳсулотлар тажриба тариқасида жорий этилган бўлса-да, улар ҳали ҳам асосий йўналишга айланмаган. Қонунчиликдаги бўшлиқлар ва назорат тизимининг йўқлиги сабабли, кўплаб тадбиркорлар ва фуқаролар исломий тамойилларга асосланган кредит ва инвестиция фондларини топишда қийналишмоқда.