24.09.2024 15:29

Ўзбекистон туркий давлатлар тоғчанғи курортлари Иттифоқига аъзо бўлди

23 сентябрь куни Истанбулда туркий давлатларнинг тоғчанғи курортлари Иттифоқини ташкил этиш тўғрисида меморандум имзоланган. У Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия ва Ўзбекистон тоғ курортлари вакилларини бирлаштиради.

"Медиазона" маълумотларига кўра, тадбирда мамлакатимиздан "Амирсой" иштирок этган.

Учрашув иштирокчилари ўзларининг тоғ курортларининг сайёҳлик салоҳиятини тақдим этишган, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва қўшма тадбирларни ўтказиш, профессионал мутахассислар учун ўқув дастурларини яратиш ва бошқаларни муҳокама қилишган.

Шунингдек, улар туркий давлатлар ташкилотининг "Туркий қараш – 2040" ва "Туркий давлатларнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси"га мувофиқ туркий давлатларда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича фикр алмашган.

Янги ташкилотга раисликни дастлабки икки йил давомида Озарбайжон ўз зиммасига олган. Иттифоқ аъзолари доираси кенгайиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Ugam River сайёҳлик марказини қуриш, Чорвоқ сув омбори соҳилида эса "Чорвоқ дарвозалари" лойиҳасини яратиш режалаштирилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.