26.12.2023 08:34

Туркияда электромобиллар учун аккумулятор ишлаб чиқарувчи завод қурилади

Туркиянинг Бурса вилоятидаги Гемлик шаҳрида электромобиллар учун аккумуляторлар ишлаб чиқарувчи завод қурилади. Бу ҳақда мамлакат саноат ва технология вазири Меҳмет Фатиҳ Гажир маълум қилди.

Хитойда бўлиб қайтган вазир GAC AION, Chery, Zeekr, BYD, SAIC, Farasis ва Huawei каби йирик электромобиль ва аккумуляторлар ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар олиб борганини маълум қилди.

“Биз электр транспорт воситаларига ўтишни Туркия учун имкониятга айлантириш тарафдоримиз. Ва бу мақсадни амалга ошириш учун қўйган энг муҳим қадамимиз Togg миллий брендимизни очиш бўлди”, — дея Кажир сўзларини келтиради Anadolu агентлиги. Туркия бу соҳада етакчи давлатлардан бирига айланиш ниятида эканини таъкидлади.

Хитойга ташрифи чоғида Кажир Farasis компанияси раҳбарияти билан учрашди. Ташкилот Туркиянинг Togg компанияси билан биргаликда Гемлик шаҳрида аккумулятор ишлаб чиқарувчи завод қуриш ниятида.

Маълумот учун, Туркиянинг Гемлик шаҳрида 2018 йилда қурилиши бошланган ва 2022 йил октябрдан маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган электромобиль заводида шу вақтга қадар 15 мингдан зиёд Togg автомобиллари харидорларга етиб борди. Йил охирига қадар бу рақам 20 минг донага етиши, кейинги йилдан эса йиллик қувват уч баробар оширилиши маълум қилинган.  

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.