25.07.2025 13:17
72
Ўзбекистон ТИВ Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги қуролли тўқнашув юзасидан баёнот берди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги чегарада юз берган қуролли тўқнашув муносабати билан юзага келган вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди. Дипломатик идора "барча томонларни вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга" чақирмоқда.
"Ҳозирги вақтда Таиланд ва Камбоджада истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари орасида жабрланганлар мавжуд эмас. Таиланд пойтахти ва туризм марказларида вазият барқарор бўлиб, хорижий сайёҳлар учун хавф-хатар мавжуд эмас.
Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқароларидан Камбоджа билан чегарадош ҳудудларга сафар қилмасликни ва расмий хабарларни кузатиб боришни сўраймиз", дейилади расмий баёнотида.
Ўз навбатида, фуқаролардан учун фавқулодда вазиятларда Ўзбекистоннинг Бангкокдаги Бош консулхонасига (+66-2) 675-3995 ёки (+66-2) 675-3996 рақамлари орқали мурожаат қилиш сўралган.
Маълумот учун, Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги муносабатлар ҳозирда кескин ёмонлашган ва қуролли тўқнашувларга айланмоқда. 24–25 июль кунлари баҳсли чегара ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар авж олди. Таиланд F-16 қирувчи самолётлари Камбоджа томонига авиазарбалар берди, артиллерия ва миномётлардан фойдаланилди. Бу жанглар оқибатида ҳозиргача камида 16 киши ҳалок бўлди – уларнинг 15 нафари Таиландда, 1 нафари Камбоджада. Яна кўплаб инсонлар яраланган. Ҳар икки давлат бир-бирини провокацияда айбламоқда.