25.09.2025 16:25
550
Устоз Мубашшир Аҳмаднинг ҳимоячиси баёнот билан чиқди
Устоз Мубашшир Аҳмаднинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ Ислом уламосининг суд иши бўйича махсус баёнот билан чиқди. Унда адвокат бўлиб ўтган суд жараёнлари бўйича баъзи тафсилотлар, фикрлар ва хулосаларини бўлишган.
"Бисмиллаҳир роҳманийр роҳийм.
Ассалому алайкум!
Сўзим аввалида, Сизларга Устоз Мубашшир Аҳмад номларидан ва уларнинг ҳимоячиси ўлароқ ўзим номимдан домлага нисбатан бўлган жиноят ишининг тергов қилиниши ва суд мажлисида кўриб чиқилиши жараёнида уларга офият, озодлик, қолаверса, адолат қарор топишини сўраб қилган дуоларингиз ва қўллаб қувватловингиз, кўплаб адвокат ҳамкасбларимга ихтиёрий равишда, беғараз ёрдам қўлини чўзганлигингиз учун самимий миннатдорчилик билдираман.
Муқаддам эълон қилган баёнотимда, устоз Мубашшир Аҳмад исми билан машҳур уламо Турсунов Алишер Аҳмад ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилганлигини маълум қилган эдим.
Бугунги кунга келиб, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида бўлиб ўтган бир нечта суд мажлисидан сўнг, суд тергови тамомланиб, томонлар музокара нутқларини билдиришди ва устозда фақат охирги сўз қолди.
Шундан сўнг, суд алоҳида маслаҳат хонага кириб, ҳукм чиқарилиши лозим.
Шу ўринда, устознинг адвокати сифатида бўлиб ўтган суд жараёнлари бўйича баъзи тафсилотлар, фикрлар ва хулосалар билан бўлишишни лозим топдим.
Устоз Мубашшир Аҳмад домланинг иши бўйича биринчи суд мажлиси 19 август 2025 йилда бошланди. Эътиборлиси, барча суд мажлисларига жуда кўп оила аъзолари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик фаоллари, блогерлар ва бошқа бефарқ бўлмаган инсонлар ташриф буюришди ва ўзларининг қўллаб-қувватлаши билан анча фаол бўлишди. Бунинг учун, уларга алоҳида миннатдорлигимни билдирмоқчиман.
Суд мажлиси раислик этувчи томонидан очиқ деб эълон қилинди ва шу ўринда ҳимоя позицияси томонидан суд мажлисига оммавий ахборот воситаларини жалб этиш ва суд мажлиси жараёнини аудиоёзувга ёзиб олиш бўйича бир нечта илтимосномалар киритилди.
Илтимосномаларимиз қаноатлантирилиб, суд жараёни очиқ тарзда ўтиши, оммавий ахборот воситалари бемалол иштирок этиши, фақатгина бир шарти суд мажлиси жараёни аудиоёзуви суд котиби томонидан олиб борилиши, ОАВ вакиллари ўзларига қоғозга ёзувлар амалга ошириши мумкинлиги белгиланди.
Дастлабки суд мажлисида давлат айбловчиси Э.Н. томонидан айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди. Айблов хулосасига биноан устоз Мубашшир Аҳмад домлага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми, 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди ҳамда 244-3-моддаси билан айблов эълон қилинди.
Давлат айбловчиси томонидан айблов хулосаси ўқиб эшиттирилганидан сўнг, суд жараёнини олиб бориш тартибини белгилаш бўйича ташкилий жараён бўлиб ўтиб, айбловчи томонидан билдирилган фикрга кўра, дастлаб гувоҳлар ва сўнгра судланувчининг ўзи сўроқ қилиниши, ҳужжатлар тафтиш қилиниб, томонлар музокарасига ўтилиши бўйича раислик этувчи судья Б.Р. суд тартибни белгилади.
Шу билан биринчи суд мажлиси якунланиб, гувоҳларни суд мажлисига чақириш учун кейинга қолдирилди.
Иккинчи суд мажлиси, 08 сентябрь 2025 йилда бўлиб ўтди. Ушбу суд мажлиси биз учун муҳим аҳамиятга эга эди, чунки ушбу судда асосий гувоҳлар, яъни экспертизани ўтказган сиёсатшунослар, Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари сўроқ қилиниши лозим эди. Улардан нималарга асосланиб хулоса қилганликлари, билдираётган фикрлари қанчалик илмий асосланганлиги бўйича қатор саволларимиз бор эди.
Суд мажлиси бошланди. Дастлаб биринчи гувоҳ, сиёсатшунос мутахассис О.М. сўроқ қилинди. Биз томонимиздан берилган саволларга мутахассис сиёсатшунослик нуқтаи назари ўлароқ жавоб беришга ҳаракат қилди. Мутахассисга берилган саволларга О.М. тақдим этилаётган материалларда диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган, фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган чақириқлар ёки маълумотлар мавжуд эмаслигини таъкидлаб ўтди.
Бу шуни англатадики, устоз Мубашшир Аҳмад домланинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд эмас.
Маълумот учун: Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш ҳаракатларини оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир қилганлик учун беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
Жиноятнинг зарурий белгиси тўғри қасддан содир этилиши, яъни, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатишдан кўзланган мақсад қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш ҳисобланади. Яъни, ушбу модда билан шахсни айблаш учун диний мазмундаги тарқатилган материалнинг диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича Қўмитанинг экспертиза хулосаси асосида аниқланса, ундан кўзланган мақсад ўлароқ юқорида қайд этилган белгилар судга оид комплекс лингвистик ва сиёсатшунослик экспертизаси хулосаси асосида исботланган бўлиши шарт.
Бундан ташқари, мутахассис О.М.га судья томонидан айбловнинг 156-моддаси 2-қисмига асос қилиб кўрсатилаётган “«Исроилга қарши жиход» фатвоси нимани англатади?» номли видео материалда келтириб ўтилган “лаънати Исроил ... лаънати сионистлар” каби жумлалар миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилганми?” деган савол янгради.
Мутахассис ушбу саволга ушбу сўзлар Исроил давлати ўлароқ миллатни, яъни яхудийларни хақоратлашга қаратилганлигини таъкидлаб катта хатога йўл қўйди. Унинг сўзларидан сўнг, ҳимоя позицияси томонидан қатор саволлар берилди ва эътирозлар билдирилди.
Хусусан, Исроил - бу давлат. Давлат ҳар доим ҳам халқнинг, миллатнинг иродасини, хохиш-истакларини ифода этмайди, яъни давлатнинг сиёсати уни ташкил этувчи миллат, халқнинг қарашларидан бошқача бўлиши мумкин. Исроилда ҳам шундай, яъни яхудий миллати вакиллари урушни тўхтатиш, Ғазода тинч аҳолини геноцид қилмаслик бўйича фикрлар билдирганлиги, намойишлар ўтказганлигини ОАВ орқали кузатганмиз, бироқ Исроил давлати умуман тескари позицияда иш кўриб, Ғазодаги тинч аҳоли вакилларини геноцид қилмоқда ва бу яқинда Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан ҳам тасдиқланди.
Бундан ташқари, сионистларга келадиган бўлсак, сионизм ёки сионистлар на миллат ёки этник гуруҳ, на ирқ ёки дин вакили ҳисобланади.
Устоз Мубашшир Аҳмад домла яхудий миллати ҳақида бирон-бир негатив фикр ёки хақоратли сўзлар билдирмаганлар, балким Исроил давлатининг қирғинбарот сиёсатини қоралаб чиқганлар. Исроил давлати эса миллат, ирқ, этник ёки диний гуруҳ ҳисобланмайди ва ушбу давлат ҳақида билдирилган фикрлар Жиноят кодексининг 156-моддаси диспозицияси билан қамраб олиниши мумкин эмас.
Маълумот учун: Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми таснифига кўра, шахсни айблаш учун миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадини кўзлаши, яъни субъектив томондан тўғри қасд билан ҳаракат қилиниши лозим.
Объектив томондан эса миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган ҳаракатлар мавжуд бўлиши, шунингдек миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, фуқароларнинг устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилиш, худди шунингдек миллий, ирқий, этник мансублигига ёки динга муносабатига қараб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ёхуд уларга бевосита ёки билвосита афзалликлар беришда ифодаланган бўлиши лозим.
Бироқ, дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айблов ва шунга асосан тузилган айблов хулосасида “А.Турсунов ноқонуний хатти-ҳаракатларини давом эттирган ҳолда ўзининг диний билим ва савиясига ортиқча ишониб, диний материалларни тарқатиши билан боғлиқ қилмиши натижасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи кўп миллатли аҳоли орасида миллий, ирқий, этник, диний адоват қўзғатилишини, фуқаролар тотувлиги бузилишини ҳамда вазиятни беқарорлаштирилишини ўйламасдан” деган сўзлар билдирилган.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 22-моддасига асосан, ўз-ўзига ишониш ёки бепарволик орқасида содир этилган ижтимоий хавфли қилмиш эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят деб топилади, яъни юқорида келтирилган айбловда А.Турсуновнинг ҳаракатларида тўғри қасд йўқлиги, Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди ва 156-моддаси
2-қисми билан айблаш учун зарурий жиноят таркиби, яъни тўғри қасдда ифодаланган субъектив томон йўқлиги яққол кўринади.
Шу билан, О.М.нинг сўроғини тугатиб, навбатдаги мутахассис Ш.Н.ни сўроқ қилиш бошланди. Мутахассис ўзининг сўзларида ва саволларга берган жавобларида берган хулосаларини асослаб бера олмади. Берилган саволларга жавоб бериш ўрнига мутахассис, кези келганда провокацион саволлар билан устоз Мубашшир Аҳмад домлага юзланмоқчи бўлди. Бироқ, ҳимоя позицияси томонидан билдирилган эътирозлар ва раислик этувчининг берган танбеҳи натижасида ушбу саволлар олиб ташланди.
Иккинчи суд мажлиси шу тариқа якунланди ва суд мажлиси кейинга қолдирилди. Кейинги суд мажлисида устоз Мубашшир Аҳмад домланинг ўзлари сўроқ қилиниши ва жиноят ишидаги ҳужжатлар тафтиш қилиниши белгиланди.
Учинчи суд мажлиси 15 сентябрь 2025 йилда бошланди. Дастлаб қўшимча гувоҳларни ишга жалб қилиш бўйича берган илтимосномаларимиз суд томонидан рад этилди.
Кейин эса, устоз Мубашшир Аҳмад домлани сўроқ қилиш бошланди. Ўзларининг кўрсатмаларида устоз бутун босиб ўтган ҳаёт йўлларини, амалга оширган ишларини айтиб бердилар ва айбловнинг ҳар бир банди, ҳар бир материал бўйича алоҳида тўхталиб, олим ўлароқ батафсил тушунтириш бердилар, ушбу материалларни тайёрлашдан ва тарқатишдан кўзланган мақсад, уларда акс эттирилган асл моҳиятни жуда тўлиқ ва чиройли қилиб тушунтириб бердилар.
Устоз Мубашшир Аҳмад домла айбловга нисбатан муносабатларига келсак, диний мазмундаги материални тарқатиш учун Туркия Республикасида фаолият кўрсатганлиги сабабли, Ўзбекистон Дин ишлари бўйича Қўмитасидан хулоса олиш зарурияти йўқ деб ўйлаганлиги, чунки ҳудудийлик жиҳатидан медиа фаолияти хорижда бўлганлиги сабабли эътибор қилмаганлигини, асло қонунга беписанд назарда бўлмаганлигини, фатвони таржима ва тушунтириши билан боғлиқ материалда ҳам айни шу сабабдан хулоса олинмаганлигини, шу билан бирга, уни тарқатилишидан кўзланган мақсад, мусулмон аҳоли ўртасида фатво нотўғри маънода тушунилишининг олдини олиш, Ғазода жиҳод қилиш бизга фарз бўлибди деб, илгари Сурияга одамлар оммавий кўчиб боришига ўхшаш вазият ва оқибатлар юз беришини олдини олиш, фатвонинг фуқаролар учун эмас, давлат сафарбарлик эълон қилган тақдирдагина бориш мумкинлигини, уруш бўлаётган ҳудудга фуқароларнинг ўзлари кира олмаслигини англатиш, мусулмон ҳалқининг тотувлиги кўзланганлигини, давлат хавфсизлиги ва ҳалқ тотувлигини фаолиятида пировард мақсад сифатида кўришини маълум қилдилар.
Сўнгра жиноят ишида мавжуд ҳужжатлар тафтиш қилиниб, суд мажлисига якун ясалди ва музокарага ўтиш ёки ўтмаслик масаласа кўриб чиқилди.
Ҳимоя позицияси музокарага тайёр эканлигини билдирган бўлсада, давлат айбловчиси тайёргарлик кўриш учун қўшимча муддат беришни сўради ва шу аснода суд мажлиси кейинга қолдирилди.
2025 йил 18 сентябрь жуда бир масъулиятли ва ўз навбатида мухим кун бўлди. Ушбу кун суд мажлиси давом эттирилди ва томонлар музокара нутқи тингланди.
Дастлаб давлат айбловчиси ўз фикрини билдириб, суд жараёнида мутахассислар кўрсатмаси, тадқиқ этилган далиллар билан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди ва 156-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятлар ўз тасдиғини топмаган бўлсада, устоз Мубашшир Аҳмад домлани ушбу моддалар ва қолаверса 244-3-моддаси билан айбдор деб топишни сўраб, узил-кесил Жиноят кодексининг 60 ва 61-моддалари тартибида 7 йил муддатга озодликдан махрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида жарима жазоси қўллашни сўради.
Тўғрисини айтганда, суд жараёнида домланинг 2 та модда бўйича айбсизлиги кўриниб турган ҳолатда, давлат айбловчисининг жазо сўраши бизни хайрон қолдирди.
Шундан сўнг, суд томонидан ҳимоячиларга музокара нутқи берилди ва давлат айбловчисининг фикрига эътирозларини билдириш имконияти яратилди.
Мен ва ҳамкасбларим томонидан айбловнинг ҳар бир ҳолати, важи, моддалари бўйича тўлиқ фикр билдирилиб, айбловнинг асоссизлиги далиллар билан исботлаб берилди, прокурорнинг музокара нутқига эътирозлар билдирилди.
Жумладан, биринчидан, устоз Мубашшир Аҳмад домлага тегишли бўлган каналлар ва бошқа платформалар мутахассис иштирокисиз, яъни айнан рақамли технологиялар соҳасида мутахассис иштирокини таъминламасдан кўздан кечирилганлиги ва кўчириб олинганлиги, ушбу тарзда олинган далиллар Жиноят процессуал кодекси ва Олий суд Пленум қарорлари талабларига кўра номақбул далил ҳисобланиши барча зарурий қонунчилик нормалари билан исботлаб берилди.
Иккинчидан, устоз Мубашшир Аҳмад домла томонидан диний материаллар Туркия Республикасида тайёрланганлиги, Ўзбекистон Республикаси учун мўлжалланмаганлиги, бутун дунёдаги ўзбек ва мусулмон аҳлига қаратилганлиги, Жиноят кодексининг 12-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, башарти бошқа давлат ҳудудида содир этган жиноят учун ўша давлат судининг ҳукми билан жазоланган бўлмасалар, ушбу Кодекс бўйича жавобгарликка тортиладилар” деб белгиланганлиги, аммо, Туркия Республикаси қонунчилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми, 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди ва 244-3-моддасида назарда тутилган жиноятлар ижтимоий хавфли қилмиш ҳисобланмаслиги ва Жиноят кодексига асосан жавобгарлик келтириб чиқармаслиги билдирилди.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаснинг 19.05.2025 йилдаги экспертиза хулосаси, АОКАнинг 06.05.2025 йилдаги комплекс экспертиза хулосаси, 20.05.2025 йилдаги комплекс комиссиявий суд-сиёсатшунослик-лингвистик экспертизасининг 140-сонли хулосаси, 22.04.2025 йилги “Х. Сулайманова” номидаги Республика суд экспертиза марказининг хулосаси ва Ўзб. Рес ДХХ Эксперт-криминалистика бўлимининг 151-сонли хулосасига асосан устоз Мубашшир Аҳмад домланинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан қўйилган айблов ўз тасдиғини топмаганлиги ҳам музокара нутқида алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тўртинчидан, устоз томонидан тарқатилган материалларда биронта миллат, ирқ, этник гуруҳ ёки дин вакилига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан ҳаракат қилинмаганлиги, Исроил ёки Хитой ҳақида билдирилган фикрларга келадиган бўлсак, бу давлат ҳақида унинг сиёсати ҳақида билдирилган фикрлар бўлганлиги ва биронта миллат, ирқ, этник гуруҳ ёки дин вакилига қаратилмаганлиги аниқ далиллар билан исботлаб берилди.
Бешинчидан, эҳтиётсизлик, яъни бепарволик оқибатида ёки бирон-бир мақсадсиз диний материалларни тарқатганлик фақатгина Жиноят кодексининг 156-моддаси 1-қисми билан жавобгарлик келтириб чиқариши мумкинлиги, бироқ, муҳим шарти шахс муқаддам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиши лозимлиги, устоз Мубашшир Аҳмад домла эса муқаддам бу турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этмаганлиги ва шу сабабли жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги асослаб берилди. Яъни, агар тарқатганлик учун жавобгарлик бўладиган бўлса ҳам, устоз Мубашшир Аҳмад домла фақатгина МЖтК 184-3-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эди, лекин шу кунга келиб уни маъмурий жавобгарликка тортиш муддати ҳам ўтиб кетган.
Музокара нутқи сўнгида, ҳимоямиз остидаги устоз Мубашшир Аҳмад домла тергов жараёнида пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилиб, унда жиноятнинг фош бўлишига ёрдам берадиган фактик маълумотларни баён қилганлиги ва Жиноят кодексининг 244-3-моддаси бўйича айбловга тўлиқ иқрорлик билдириб кўрсатма берганлиги, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилмаганлигини, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишини, қасддан бирон-бир ҳаракат содир қилмаганлигини, ўзга миллат, ирқ, дин вакилларига нисбатан хеч қандай шахсий адовати, камситишга ёки хақорат қилишга ҳаракати йўқлигини инобатга олиб, унинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноят таркиби мавжуд эмаслиги, унинг айби объектив далиллар билан исботланмаганлиги сабабли устозни мазкур моддалар билан айбсиз деб топиш ҳамда оқлаш. Қолаверса, 244-3-модда бўйича ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотганлиги муносабати билан унга нисбатан Жиноят кодексининг 70-моддасини қўллаб, жазодан озод қилиш сўралди.
Шу тариқа, музокара нутқи якунланди ва суд мажлиси устоз Мубашшир Аҳмад домланинг охирги сўзини эшитиш ва ҳукм чиқариш учун кейинга қолдирилди.
Ишончимиз комилки, раислик этувчи устоз Мубашшир Аҳмад домланинг охирги сўзларини тинглаб, алоҳида маслаҳатхонага кирган вақтида аввало қонунга, ўз виждони ва ички ишончига таяниб, иш бўйича аниқланган ҳолатларни инобатга олиб, тўпланган далилларга бирма-бир баҳо бериб, қонуний, асосли ва адолатли ҳукм чиқаради.
Маълумот учун: Очиқ интернет манбаларидан тўпланган ва таҳлил қилинган маълумотларга кўра Жиноят кодекси 244-1-модда 3-қисми г банди учун гарчи жазо тариқасида 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган бўлсада, 2024-2025-йилларда 60% дан ортиқ суд ҳукмларида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо таъйинланганлиги аниқланди. Жиноят кодекси 156-2-моддаси бўйича эса 81% дан ортиқ суд ҳукмларида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган".



