08.10.2025 16:03
301
Устоз Мубашшир Аҳмадга суд ҳукми ўқилди
Бугун жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида Устоз Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)га оид жиноят ишини биринчи инстансияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунлади.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра у Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Устоз Мубашшир Аҳмадга Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг ушбу ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.