Украинадаги урушда қатнашган яна бир ўзбекистонлик қамалди
Украина ҳудудида Россия қўшинлари сафида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган фарғоналик 51 ёшли эркак беш йил муддатга қамалди.
Суд
ҳужжатларига кўра, Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида туғилган А. Х. ишлаш
учун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига борган. Бироқ маош масаласида
юртдошлари билан келишмовчилик чиқади ва ҳибсга олинади. Адвокат беш йил
муддатга қамалиги мумкинлиги ва Украинадаги урушда қатнашиш эвазига қамалишдан
қутилиб қолиши мумкинлигини айтади. А.Х. жазодан қутилиш эвазига полиция тақдим
этган шартноманинг икки нусхасини имзолайди ва икки ойлик ҳарбий тайёргарликдан
сўнг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этади.
Луганск
чегарасида Россия ҳарбий колоннасига украин учувчисиз учоқлари ҳужуми вақтида
жароҳатланган А.Х. бир ой даволангач, ҳушига келади.
Суд
А.Х.ни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Чет давлатларнинг
ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш
бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) бўйича айбдор деб топиб, 5 йил
муддатга озодликдан маҳрум этди.
Аввалроқ 56 ёшли ўзбекистонлик ҳам Украинадаги урушда қатнашгани учун 3 йилга қамалганди.